Ўзбекистон янгиликлари

Талабалар иштирокида хотира тадбири ўтказилди

Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига эҳтиром туйғуси мужассам. Хотира ва қадрлаш куни арафасида бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда фидокорлик кўрсатган улуғларимизни ёдга оламиз.

Бугун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Тоҳир Эвадуллаев бир гуруҳ талабалар билан пойтахтимиздаги "Шайх Зайниддин" жоме масжидига ташриф буюрди. 

Меҳмонларни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов кутиб олиб, дастлаб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қабрларини зиёрат қилишди. Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, "Шайх Зайниддин" қабристонида ётган барча марҳум ва марҳумалар руҳониятига бағишланди.

Сўнгра "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида талабалар билан учрашув бўлиб ўтди.

Абдуқаҳҳор домла талабаларга чуқур илм олиш, ўқиб-ўрганиб, изланиб, кучли мутахассис бўлиб етишиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Қуръони карим оятлари, ҳадислар ҳамда ўтган улуғ уламоларимизнинг ҳаётлари ҳақида гапириб бердилар.

Абдуқаҳҳор домла яқиндагина нашр этилган "Оила – муқаддас даргоҳ" китобларини меҳмонларга ҳадя қилдилар.

Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

270 марта ўқилди

Янгиликлар

Top