muslim.uz

muslim.uz

Олдинлари биз ким иш буюрса, ўшани қилиб кетаверардик. Айниқса, ёшлигимизда. Ўша маҳаллар Ислом таълимотини чуқур билмасдик. Ўзимиздан каттага савоб учун эмас, балки ҳурмат туфайли асло йўқ деб бўлмайди, деган тушунча билан хўп, дердик. Ҳатто кўнгилли бўлиб, қўшнимизнинг гиламларини ювар, болаларига қараб ўтирардик.

Улар ҳам бизга ишониб, кўчадаги ишларини битириб келишарди. Ҳозир эса бирор-бир болакайга йўл-йўлакай иш буюрсак, дарров баҳона қидириб, қочиб қолади. “Мен хизматкор эмасман”, деган тушунча кучли. Қуйидаги ҳикояни ўқиб, ёшлигим эсимга тушди. Биз-ку, ёш бўлатуриб катталарга хўп деган эканмиз. Бурунгилар эса, ўзидан кичикка хўп дейишган ҳамда меҳнатларидан рози бўлиб, ўзларига хулоса ҳам чиқаришган экан.

Салмон Форсий розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлолари. Ҳадис ровийларидан. Форсликлар орасида Исломни энг биринчи қабул қилди. Набий алайҳиссалом: “Салмон биздан, аҳли байтдан”, деб марҳамат қилганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рафиқул аълога рихлат қилгач, хулофаи рошидинлар даври бошланди. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу замонида Салмон розийаллоҳу анҳу Форс ўлкаларининг фатҳ этилиши гувоҳи бўлди. Кейинчалик шаҳарлардан бирига волий этиб ҳам тайинланди.

Кунларнинг бирида Шомдан юртига қайтаётган киши Салмонга рўбарў келди. Оғир юклари бор эди. Салмон розийаллоҳу анҳунинг баланд бўйли, бақувват эканини кўриб, ҳаммол деб ўйлади шекилли: “Мана бу юкларни кўтариб, ортимдан эргаш”, деди. Салмон розийаллоҳу анҳу у одамга қарадида, танимаганини билиб, айтганидек қилди.

Йўлда одамлар волийни кўриб раҳмлари келар, бирма-бир: “Эй амир, юкларни бизга берсангиз, ўзимиз кўтарсак?” деб ялинишарди.

Одамларнинг гап-сўзларини эшитиб, ҳалиги одам довдираб
қолди. Гап нимада эканини билиш учун йўловчилардан бирини тўхтатди ва: “Бу ким?” деб сўради ва: “Амиримиз шу киши бўладилар”, деган жавобни олди.

Мусофир ҳушёр тортди. Қилган ишидан пушаймон еб, волийга: “Сизни танимабман. Аллоҳ яхшилик билан мукофотласин, ҳозироқ бу юкларни ташланг”, деб ўтина бошлади. Лекин Салмон Форсий розийаллоҳу анҳу рози бўлмади. Фақат уйининг остонасига олиб келганидагина юкларни қўйди ва: “Бу ишимдан учта фойда олдим. Нафсимдан кибрни зоқлаштирдим ва бир мусулмоннинг ҳожатини чиқардим. Гарчи менга бўлмаса-да, мендан кўра заифроқ мўминга ушбу юкларни кўтартирган бўлардинг. Бу ишим билан ўша заифнинг оғирини енгиллатдим”, деди.

Юлдуз КОМИЛОВА
тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2021 йил 2-сонидан.

Қозон шаҳрида Волга Булғорияси Ислом қабул қилинганининг 1100 йиллигини нишонлаш учун катта жоме масжид қурилишга жой танланмоқда. Унга бўлган эҳтиёж анчадан бери бор эди. Яъни мусулмонлар байрамида мавжуд масжидлар барча мўминларни сиғдиролмай қолган эди.

Татаристон ҳукумати режасига кўра, масжид Қозон мақомини Россияда исломнинг энг муҳим маркази сифатида тасдиқлаши керак. У байрамларни нишонлаш вақтида намозда иштирок этишни истаган ҳаммани кутиб олиш учун етарли даражада катта бўлиши керак. Ҳали тасдиқланган лойиҳа, тасдиқланган қурилиш муддатлари йўқ.

«Татарстанда!» мухбирлари унинг жойлашуви учун таклиф этилган "Кирлай" парки, Казанка дарёсининг бўйи ва Адмиралтейская слобода вариантларни ўрганиб чиқди ва масжид Қозоннинг муайян бурчагига қандай мос келишини кўрсатишди.

Республика ҳукумати масжидни ҳомийлар ҳисобига қурилиши режалаштирилаётгани, унга бюджет маблағлари сарфланмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Кармана тумани марказининг 30 километр ғарбидаги Ҳазора қишлоғи ёнида Мовароуннаҳрдаги энг қадимги масжидлардан бири Деггарон масжиди жойлашган. Ушбу масжид Марказий Осиё ўрта асрлар меъморчилигида қадимий ва бетакрор меъморий конструкцияга эга бўлган ягона иншоот десак муболаға бўлмайди.

Маълумотларда келтирилишича, масжид Бухоро шаҳридаги Исмоил Сомоний мақбарасидан ҳам қадимийроқдир. Адабиётшунос Н.Маллаев ўз асарида “Қорахонийлар ва Хоразмшоҳлар ҳукмронлиги даврида қурилган бинолардан бирмунча кўпроқ ёдгорликлар сақланиб қолган. Булардан бири Ҳазора қишлоғидаги XI асрда қурилган масжиддир”, деб Деггарон масжидини XI аср обидаси сифатида қайд этган.

Ёдгорлик зардуштийлар даври меъморчилиги услубида қурилган. У ташқи кўриниши жиҳатидан унчалик маҳобатли эмас. Тўрт деворли иморат устида тўққизта гумбаз жойлашган. Қатор устунларга таянадиган тош ёйлар ичкари қисмини кичик хоналарга ажратади.

Масжид квадрат шаклида 17x17 метр ўлчамдаги бинодан иборат бўлиб, пахса ва ғиштдан қурилган. Масжиднинг ички қисмидаги хонақоҳ кубсимон, ўрта қисмида диаметри 1,28 метр келадиган тўртта пишиқ, ғиштин устун бўлиб, улар ораларига катта равоқлар, тепаларига иккитадан кичик равоқлар жойлаштирилган. Масжиднинг марказий гумбази тўртта устуннинг устидан ўн икки бурчакли безак ҳосил қиладиган равоқлар устидан кўтарилган. Хонақоҳнинг шимолий, жанубий ва ғарбий томонларида хушбичим ғиштин шарафлар мавжуд.

Мавлоно Ориф Деггароний мақбараси ёнида бугунги кунда музей ҳам ташкил қилинган. Илгари бу хонақоҳдан намозхона сифатида фойдаланилган бўлса, кейинчалик Деггарон масжиди қайта қурилгач, бу ер Деггарон мажмуасининг реставрация ишлари жараёнида топилган тарихий буюмларни сақлаш мақсадида музейга айлантирилган.

Мавлоно Ориф Деггароний зиёратгоҳига ҳар йили мингга яқин маҳаллий ҳамда Германия, Франция, Туркия, Австралия каби хорижий давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрмоқда.

 

 

Сирож АСЛОНОВ, ЎзА

 

ЎМИ матбуот хизмати

Вторник, 09 Март 2021 00:00

Ихлос нима дегани?

Ихлос нима дегани? Инсон қалбининг топ-тоза, беғубор бўлиши, ниятининг мусаффо, самимий бўлишидир. Бир инсоннинг нияти бузуқ бўлса, қусурли бўлса, бошқа бир мақсади бўлсаю, уни амалга ошириш учун фитна ва иғволар қилса, бунинг орасида яна бир яхши ишлар ҳам қилса, ажабо, Аллоҳ шу яхши ишларига савоб берадими?.. Бермайди? Аллоҳ ихлосли инсоннинг ибодатини қабул қилади. Ибодатда ва ё бошқа бир амалда ихлос бўлмаса, қабул бўлмас!

У ҳолда қалбимизга ихлос индирамиз, тоза мусаффо қиламиз. Бу ерда қусур, ёмон ният бўлса, бўлмайди. Шунинг учун «инсон қалбини тозалаши керак» деб айтилади.

Табиий, қалбнинг тозаланиши – ичкарига хартум суқуб, жилдиржилдир сув билан ювиладиган бир нарса эмас... Зотан, у ерга хартум суқиб бўлмас. Ҳар қанча кимёвий ашёлар билан ювсанг ҳам бўлмас.

Зеро, қалб бу – юрак деган бир парча гўшт эмас... Қалб деганимиз кўнгилдир... Кўнгил тоза бўлиши керак. Бунинг қаерига хартум суқамиз, қаерини тозалаймиз?

Инсон кўнглининг тоза бўлиши нимадир?.. Самимий, кўнглида яхшилик барқ урган, ҳар ишга ёруғ бир орзулар билан киришган, туйғулари тоза, бировга кин, адоват сақламайдиган... Қалбдаги мана шу бойликни ИХЛОС деймиз. Ихлос лозим!

Шунинг учун тасаввуф улуғлари бир ихлосманд муриднинг қўлини оларкан, унинг маънавий тарбиясини ўз елкасига олади: «Бу менинг талабам, бу менинг муридим, бу менинг авлодим» деб уни бир тарбиядан ўтказади. Бу тарбияни тасаввуф тарбияси деймиз.

Энди ҳар устознинг бир услубий тарбияси бор. Уста,  масалан,  шогирдини ёнига олиб «фарзандим, болғани бундай ушла, бундай ур, шундай урсанг мих қайрилади ва ҳоказо» деб уқтиради.

Ҳар касб-ҳунарнинг  устаси шогирдига бир усул билан бу касбни мунтазам адо этилиши сирларини ўргатади.

Устоз, домла, муршид, шайх муридини тарбия қилади. Мурид нима дегани?.. Истакли, хоҳловчи инсон дегани... У нимани истайди?..

– «Мен Аллоҳнинг севикли қули бўлмоқни истайман!», – дейди.

– «Майли, мен сенга Аллоҳнинг севгили бир қули бўлмоқ йўлини ўргатайин!»,– дейди муршид, унинг қўлини оларкан...

Муршид муридининг қўлини олганидаёқ унинг ботинидаги камчилик-нуқсонлардан воқиф бўлади. Даставвал унинг нафсини тарбия қилишга, нафсни енгишни ўргатишга ҳаракат қилади. Ўзини-ўзи енгиши керак. Чунки бу ташқаридан бўлмайди. Масалан, ота-она боласини баркамол бўлишини хоҳлайди, тарбия давомида  гоҳида уни  уради ҳам дейлик.  Урмоқ билан тарбиялаб бўлмайди. Бироз улғайганидан кейин болада норозилик уйғонади, қаршилик кўрсатади, уйдан қочади...

Демак, урган билан бўлмайди. Норозилик инсоннинг ботинида, фитратида бўлади... Албатта буни тарбиялашнинг усуллари бор. Яъни, кўнглида истак бўлган мурид бир руҳоний даражага етишиш учун алоҳида бир тарбияни бошидан ўтказиши керак. Буни тасаввуфда «тасаввуф тарбияси», тариқатда «тариқат тарбияси» деймиз.

 

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Янгиликлар

Top