muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 28 Январь 2021 00:00

Ниҳоят, Маккадан топилган китоб...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Абу Ғудданинг биргина китобни узоқ излаб, ниҳоят, Маккаи мукарраммада Тошкентлик шайхдан топганлари хусусида ажиб ҳикоя

Шайх раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳифалар» китобида ўзларининг ҳаётларидан бир лавҳани қуйидагича зикр этадилар: «Баъзан бирон китобга етишадиган бўлсам, Аллоҳ таоло учун фалон-фалон ракат намоз ўқийман деб назр қилар эдим. Бир китобни қўлга киритаман деб, қизиқ воқеани бошимдан кечирганман. Уни шу ўринда келтиришни мақсадга мувофиқ деб билдим:

«Қоҳирадаги ал-Азҳар университетининг шариат факультетида ўқиб юрган пайтларимда доимо шайхимиз, аллома имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларида бўлардим. У зот аллома Шайх Алий Қорининг «Фатҳу бобил иноя бишарҳи китобин ниқоя» китобини олишни тавсия қилдилар. Фойдали, нодир, дурдона китобларни қўлга киритишга ишқибоз эканимлигимни билганликлари сабаб, ўша китобни топишга бир неча бор жиддий тарзда қизиқтирган эдилар.

У китоб Ҳиндистонда чоп этилган бўлса керак, деб юрардим. Қоҳирада олти йил яшаган бўлсам, то ўқишни тугатгунимча ўша китобни излаб юрдим.

Топилиши мумкин деб фараз қилган барча кутубхоналаримдан сўраб-суриштирдим, лекин у ҳақида бирор маълумотга эга бўла олмадим. Ўз юртимга қайтганимда ҳам Ҳалабнинг қайси шаҳрини зиёрат қилмай ёки қайси кутубхонасига кирмай, ўша китобни излашда давом этардим.

Мен китоб Ҳиндистонда чоп этилган деб ўйлаганим ва у ҳанафий фиқҳи борасида ёзилгани боис, шояд мақсадимга эришсам деб, китобфурушлардан Ҳиндистонда чоп этилган ҳанафий мазҳабига оид барча фиқҳий китоблар ҳақида суриштирар эдим. Лекин улар бу китобнинг ҳатто номини ҳам билишмас эди. Дамашқдаги қадимги дурдона китоблардан хабардор бўлган эски китобфурушлар бор эди. Уларда жуда кўплаб қадимги ва қимматбаҳо китоблар бўлса-да, уларни сотиш масаласида жуда ҳам қаттиқ туришар ва анчагина қиммат нарх белгилашарди.

Улар Саййид Иззат Қусайботий ва унинг отаси, шунингдек, Шайх Ҳамдий Сафаржалоний ва Саййид Аҳмад Убайдлар эди. Бир куни Саййид Иззат Қусайботийдан Ҳиндистонда чоп этилган «Фатҳул бобил иноя...» китоби ҳақида сўрасам, ул зот китоб унда борлигини айтди ва Имом Айнийнинг 1293 ҳижрий йилда Ҳиндистонда чоп этилган жуда катта – олти мужалладдан иборат «Ал- Биноя би шарҳи Ҳидоя» китобини олиб чиқди. Ушбу китоб ҳам мен излаб юрган қимматбаҳо, нодир китоблардан эди, аммо мен у зотдан сўраган китоб эмасди.

Шунинг учун бу китобни унча қиммат бўлмаган нархда сотиб олдим. Кейин мен Шайх Ҳамдий Сафаржалоний раҳимаҳуллоҳдан қидириб юрган китобим ҳақида сўрадим. Билсам, китоб Россияда, Қозонда чоп этилган экан. Айтишларича, китоб қизил гугуртдан ҳам нодирроқ экан. У киши умри давомида қанча-қанча китоблар билан шуғулланган бўлса-да, ўша китобдан фақат бир нусхаси қўлига тушгани ва уни аллома Имом Кавсарийга ақл бовар қилмайдиган даражада қиммат нархга сотиб юборганини айтди.

Китоб чоп этилган жойни аниқ билиб олган бўлсамда, унга етишишга бўлган умидим сусайди. Аллоҳ таоло мени 1376/1957 йилда биринчи маротаба Байтуллоҳни ҳаж қилишга муваффақ қилганида Маккаи мукаррамага кириб, китоб босилган ўлкалардан Аллоҳнинг муборак шаҳрига кўчиб келган кишилардан биронтаси ўзи билан ўша китобни олиб келгандир, деган умидда Маккадаги кутубхоналардан китобни суриштира бошладим, лекин топа олмадим. Аллоҳ таолонинг инояти билан Маккаи мукаррамадаги бозорлардан бирида одамлардан чеккароқдаги бир эски китобфурушнинг олдига бориб қолдим.

У зот шайх Мустафо ибн Муҳаммад Шинқитий ҳафизаҳуллоҳ экан. У зотдан бир неча китоблар сотиб олдим. Сўнг ноумид бўлган ҳолда ҳалиги китоб ҳақида сўрасам, бир ҳафтача олдин менда бор эди, деб қолди. Китобни бухоролик олимлардан бирининг меросидан сотиб олган экан. Бир неча кун олдин уни асли бухоролик Тошкент уламоларидан бирига қиммат нархга сотиб юборган экан. Ишонқирамай турган эдим у ўша китобни менга сифатлай бошлади. Ҳақиқатдан ҳам ўша мен анчадан бери излаб юрган китоб эди. Шундан кейин китобни сотиб олган тошкентлик олим кимлигини сўрадим.

У зот ўйлаб туриб шайх Иноятуллоҳ Тошкандийнинг номини айтди. Ундан ўша шайхнинг яшайдиган, ишлайдиган манзилини, уни қандай топиш мумкинлигини сўрадим. У бу ҳақда билмаслигини айтди. Яна у киши ҳақида кимдан сўраб-суриштиришим мумкинлиги ҳақида сўраган эдим, буни ҳам билмаслигини айтди. Шундан сўнг ўша китобни қўлга киритиш ёки уни сотиб олган киши билан учрашишдан янада умидим узилди. Шундай бўлса-да, Масжидул Ҳарам ёки Макка бозорларида учратган барча бухоролик кишилардан шайх Иноятуллоҳ ҳақида суриштириб юравердим. Бухороликлар бор деб айтилган ҳеч қайси мадраса ёки карвонсарой қолмади, ҳаммасидан ўша шайхни суриштириб чиқдим. Ҳатто Макка ташқарисидаги маҳаллаларгача бордим. Чунки айримлар у ерда ҳам бухороликлар бор дейишганди.

Лекин излаётган одамим билан учрашиш қаёқда дейсиз? Ахир Маккаи мукаррамада Иноятуллоҳ исмли қанчадан-қанча бухороликлар бордир. Тўхтовсиз сўраб-суриштиришлар мени шайх Абдулқодир Тошкандий Бухорий Саотийнинг ҳузурига олиб борди. У зот Макка атрофидаги Жарвал маҳалласида истиқомат қилар экан. У зотдан шайх Тошкандий ҳақида сўраган эдим, шайхни таниди ва менга унинг асл исмини айтди. Исми шайх Мир Иноят Тошкандий экан. Лекин у ҳам шайхнинг манзилини у билан учрашиш мумкин бўлган жойларни билмас экан.

Яна «Фатҳул бобил иноя...» китобини олган ўша шайх билан учрашишдан ноумид бўлиб қолдим. Орадан бир оз вақт ўтди. Бир куни Каъбаи муаззамани тавоф қилиб Аллоҳ таолодан мени ўша инсонга йўлиқтиришини ва ўша китобни қўлга киритишга муяссар этишини сўрадим. Ушбу дуо ва нолани би неча бор такрорлайвердим. Орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Бу муддат ичида китоб ва унинг эгасини қидиравериб, фикру ҳаёлим паришон бўлиб қолган эди. Бу Аллоҳга аён.

Бир куни (масжид кенгайишидан олдин) Масжидул Ҳарам эшикларидан бири- «Бобу зиёда» нинг олдидаги бозорда айланиб юрсам, Абу Араб деган эски дамашқлик тижоратчи мени кўриб, кўринишим ва кийимларимдан шомликка ўхшатиб олдига чақирди. Шом ўлкаси ва Шом аҳолиси ҳақида сўради. Китобга бўлган иштиёқим кучлилигидан у кишидан биринчи бўлиб ҳалиги бухоролик шайх ҳақида сўрадим. У олдидаги дўконда ўша шайхнинг куёви савдо қилишини, шайхни ҳаммадан кўра у яхши бўлишини айтди. Бу гапларни эшитиб, шу қадар хурсанд бўлдимки, қулоқларимга ишонмай қолдим.

Дарҳол куёвининг олдига бориб, шайх ҳақида сўрадим. Савдогар ҳайрон бўлиб, «Нима учун у киши ҳақида сўраб-суриштириб, у зот билан учрашишга ҳаракат қиляпсиз?» – деб сўради. Мен: «Бир ҳафтадан бери Макка бўйлаб у кишини тинмай излайман, Худо хайрингизни берсин, унинг қаердалигини менга айтинг», - дедим. У шайх Мисфала маҳалласида Сақиф қаҳвахонасида айтиб, манзилини аниқ тушунтириб берди.

Шундан сўнг мен туну кун у ерга қатнаб, охири у киши билан учрашишга муваффақ бўлдим. У зот китобни менга ўзлари истаган нархда арзонга сотдилар. Ўша кун умримда энг хурсанд бўлган онларимдан бири эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга ўша китобни биринчи жузини таҳқиқ қилиб, нашр қилишни насиб этди. Аллоҳ таолодан ўз фазли ва карами ила китобнинг қолган қисмларини ҳам нашр қилишга муваффақ бўлишини сўраб қоламан!».


Шайх Aбдулфаттоҳ Aбу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг «Саҳифалар» китобидан. 
Фахриддин Муҳаммадносир, «Ғафур Ғулом» нашриёти- матбааси.

 

(Аллома 1917-йилда Ҳалабда таваллуд топиб, 1997- йилда вафот этган, Мадинаи мунавварадаги Бақиъ қабристонига дафн этилганлар).

Бобур Аҳмад тайёрлади

27 январь куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усманов Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Шом билан видеоконференция форматида музокаралар ўтказди.
2007 йил март ойида Малайзия Миллий университетида ташкил этилган Ислом цивилизацияси институти мусулмон халқларининг замонавий трансформациясининг асосий тенденциялари ва хусусиятларини ўрганиш ҳамда Ислом билан боғлиқ муаммоларни англай оладиган олим ва таҳлилчиларни тайёрлашни мақсад қилган. Институт мусулмон зиёлилари билан халқаро алоқаларни кенгайтириш учун ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Музокаралар чоғида Малайзия томони таълим тизимини янада такомиллаштириш, диний эркинлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёшларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича республикада амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси (ЎХИА), Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) ва Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази (ИБХТМ) фаолияти билан танишди. Ўзбекистон ҳукумати Ислом динини тўғри идрок этиш ва тушуниш масаласига катта эътибор қаратаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида Фариза Шом Ўзбекистон диний тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатимизда сақланаётган қадимий қўлёзмалар бўйича қўшма конференция, семинар ва тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, факультет аъзолари ва талабалар алмашуви учун илғор ўқув курсларини ташкил этиш, маърифатли Ислом соҳасида тадқиқотлар олиб боришга қизиқиш билдирди.
Дастлабки босқичда қўшма тадқиқотлар, конференциялар ва семинарлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ўзига хос механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда қадимий қўлёзмаларни ўрганиш мақсадида ИЦМ раҳбарияти билан видеоконференция ташкил этиш таклиф этилди.
Видеоконференция якунида икки мамлакат илмий ва диний марказлари ўртасидаги ҳамкорлик шартномаси имзоланиши масаласини ишлаб чиқиш, 2021 йил апрель ойида "Ислом цивилизациясининг Буюк алломалари" мавзусида биргаликда онлайн семинар ҳамда постпандемик даврда Ўзбекистонга Ислом цивилизацияси Малайзия институти раҳбариятининг ташриф буюришини ташкил тўғрисида келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четверг, 28 Январь 2021 00:00

Алҳамдулиллаҳ, мўминман

Мўминлар – Аллоҳ таоло мадҳ этган бандалардир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол сураси, 2-4 – оятлар).

 

Мўмин – гуноҳига тавба қилувчидир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, нажот топсангиз" (Нур сураси, 31-оят).

 

Мўмин – инсонларнинг энг ишончли кишиси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мўмин барча инсонларнинг ишончли кишисидир”, деганлар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар моллари ва жонларини ишониб топширадиган киши ҳақиқий мўминдир”, деганлар.

 

Мўмин – биродарининг кўзгуси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг орқасидан ҳам ҳимоя қиладиган ва уни қўллаб қувватлайдиган биродаридир”, деганлар.

 

Мўминлар жипслашган иморат кабидирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир”, деганлар.

 

Мўмин – энг яхши дўст.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши дўст бўлади ва дўст тутилади”, деганлар.

 

Мўмин – инсонларнинг энг ғайратлиси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши ғайратли-рашкли бўлади”, деганлар.

 

Мўмин – жуда зийрак ва заковатли инсон.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши жуда заковатли, қобилиятли, зийрак ва ҳушёрдир”, деганлар.

 

Мўминнинг ҳеч кимга оғирлиги тушмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақиқий мўмин бировга оғирлиги тушмайдиган кишидир”, деганлар.

 

Мўмин – инсонларнинг мушкулини енгил қилувчи.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга аралашиб юрадиган ва уларнинг азиятларига сабр қиладиган мўмин киши, одамларга аралашмайдиган ва уларнинг азиятларига сабр қилмайдиган мўмин кишидан афзалроқдир”, деганлар.

  

Мўминлар бир тана кабидирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўминларнинг ўзаро раҳм қилишлари, дўстликлари ва меҳрибончиликларида худди бир танадек эканини кўрасан. Бирор аъзо хасталанса, тананинг қолган жойлари бедорлик ва иситмалаш билан унга ҳамдард бўлади", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Яна мундин кейин тарозу бор,

Тоъату маъосийини тортув бор.

Кимгаким оғса паллайи тоъат,

Билгай учмоғлигини ул соат.

Кимгаким оғса паллайи исён,

Қолгай ул лаҳза беҳушу ҳайрон.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Мезон (амаллар тарозуси) баёни

 

Бундан кейин яна тарозу бор, тоъатни (яхши амалларни) ва маъсиятни (гуноҳ ишларни) тарозуда тортиш бор.

Кимнингки тоъати – яхши амаллари палласи тош босса, оғир келса, у ўша соатда жаннатий эканини билади. Кимнингки исён – осийлик ва гуноҳлар палласи тош босса, у ўша лаҳзада беҳуш ва ҳайрон (танг, ночор ва ноилож) бўлиб қолади.

 

Муъминун  сурасининг  102–103-оятлари маъноси: “Бас, кимларнинг (савобда) мезонлари оғир келса, ана ўшалар айни нажот топгувчилардир. Кимларнинг мезонлари енгил келса, ана ўшалар ўз-ўзларига зиён қилгувчилардан бўлиб, улар жаҳаннамда абадий қолурлар”.

 

Қориъаҳ сураси, 6–9-оятлари маъноси: “Бас, кимнинг тарозу(да яхшилик)лари оғир келса, энди у ўзи рози (мамнун) бўладиган бир ҳаёт ичрадир. Ва кимнинг тарозу(да яхшилик)лари енгил келса, бас, унинг онаси (бағрига оладиган доимий юрти) «Ҳовийа»дир (қизиган жаҳаннам дарасидир)".

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Янгиликлар

Top