Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2026   |   16 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:19
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:16
Bismillah
26 Ноябр, 2026, 16 Жумадул сони, 1448

ҚАЛБИ СИНГАНЛАРГА...

17.11.2023   3359   5 min.
ҚАЛБИ СИНГАНЛАРГА...

Ибн Асокир "Тариху Димашқ"да, имом Заҳабий ""Тазкиратул ҳуффоз"да зикр қилишади:
"Имом Авзоий айтади:
"Бир ҳаким киши менга деди:
"Жиҳодга чиқмоқчи бўлиб йўлга чиқдим. Йўлда бир чодирга дуч келдим. Чодирда икки қўли, икки оёғи ва икки кўзи йўқ ногирон киши бор экан. У шундай дер эди:
"Аллоҳим мен Сенга менга берган неъматларингга мувофиқ келадиган кўп ҳамдлар айтаман!".
Мен унинг иймони ҳақиқатини, сабрининг ҳақиқийлигини синамоқчи бўлдим. Унга дедим:
- Қайси неъматларини айтаяпсан? Сени нима қилиб қўйганини кўрмаяпсанми?
У деди:
- Роббим менга гапирувчи тил ва сабр қилувчи жисм берди! Агар У осмондан мени куйдирувчи олов туширса ва олов мени куйдирсада, бу билан менинг Унга фақат севгим зиёда бўлар эди! Менинг сенга бир илтимосим бор, раво қиласанми?
- Жоним билан!
- Менинг бир фарзандим бор эди. Таҳоратда ва овқатланишда менга ёрдам берар эди. Кеча чиқиб кетганича қайтмади. Уни топишда ёрдам берасанми?

Мен болани қидириб йўлга чиқдим. Қумтепаликлар орасида уни бир йиртқич ҳайвон тутиб олиб ўлдириб еяётган экан. Мен ўзимга дедим: "Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун. Энди буни унга қандай қилиб айтаман?!".
Сўнгра чодирга қайтиб келиб унга салом бердим. Хабардан олдин унга тасалли бермоқчи бўлдим. Ундан сўрадим:
- Сендан бир нарса сўрасам жавоб берасанми?
- Агар билсам жавоб бераман!
- Аллоҳнинг наздида сен улуғми ёки Айюб алайҳис саломми?
- Албатта Айюб алайҳис салом улуғ!
- Аллоҳ унга мусибатлар берганида у сабр қилмаганмиди? Ундан яқинлари ҳам юз ўгирмаганмиди?
- Шундай!
- Ўғлингни йиртқичлар еб қўйибди!
Буни эшитиб у деди:
- Дунёда қалбимга ғам-ташвиш солган Роббимга ҳамдлар бўлсин!
У шундай деб бир хўрсиндида вафот қилди. Мен уни ювиш ва дафн қилишда ёрдамлашадиган бирор киши топиш илинжида ташқарига чиқдим. Узоқдан бир неча киши кўринди. Уларни чақирдим. Улар етиб келишди. Менга ўхшаб улар ҳам жиҳодга чиқишган экан. Уларга воқеани айтиб бердим. Улар маййитнинг ҳаққига дуолар қилишди. Биргалашиб уни ювдик, кафанлаб дафн қилдик.
Эртаси куни кечқурун уни тушимда кўрдим. У жаннатда эди. Устида чиройли кийимлар бор эди. Мен ундан сўрадим:
- Сен кечаги киши эмасмисан?!
- Ҳа ўшаман!
- Бу даражага қандай эришдинг?
- Балога сабр, кенгчиликка шукр қилиб!

Имом Авзоий роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Ҳаким киши менга бу воқеани айтиб берганидан бери бало аҳлини яхши кўрадиган бўлдим!".

Қазога рози бўлиш ва Аллоҳга нисбатан одоб чегарасида туришдан кўра Аллоҳга суюклироқ иш йўқ. Банда қанчалар оғир синовларга учрамасин, барибир бандадир. Аллоҳ қанчалар оғир синовлар юбормасин, Роббимизлигича қолаверади. Қул ўз саййидидан рози бўлиши керак. Қалбида мана шунақа иймон ўрнашганларгина Аллоҳга етишган!

Аъробийлардан бирининг лалми-сувсиз ери бор бўлиб, унда экин экиб тирикчилик қилар эди. Экинлари бўй чўзган даврда офат тушиб экинларга талофот етказди. Аъробий қўлларини осмонга кўтариб деди:
"Эй Роббим! Нима қилсанг қилавер. Ризқимни берадиган Ўзингсан!".

Бир аъробийя аёлнинг қўйларини чақмоқ урди. Бирорта қўйи қолмади. Аёл деди:
"Мени қўйиб қўйларим томон ўтиб кетган мусибат ҳамд айтишга муносиб мусибатдир. Эй Роббим! Сенга шукрлар бўлсин!".

Бу дунё синов, қайғу ва машаққат дунёсидир. Бунда ато ҳам бор, маҳрумлик ҳам бор. Бунда саломатлик ҳам бор, беморлик ҳам бор. Бунда омонлик ҳам бор, хавф ҳам бор. Бунда бирлашиш ҳам бор, тафриқа ҳам бор. Саодатли инсон мана шу ҳолатларнинг барида Аллоҳ билан бирга бўлган инсондир. У бошига яхши кўрадиган ҳолати келса шукр қилади, ёқимсиз ҳолатлар келса сабр қилади!

Аллоҳнинг қадарига рози бўлинг. Норозилик уни ўзгартира олмайди. Норозилик сабаб сизга дунёдаги аччиқлик ва охиратдаги зиён жамланади!

Кўп беморларни зиёрат қилдим. Улар шунақанги шукр қилишадики, ўзингиздан уялиб кетасиз.
Аммо бир воқеани унута олмайман. Қачон эсимга тугса қалбим аламдан қийналади. Бир қари инсонни кўргани бордим. У кишини чиройли сўзлар билан сабрга чақирдим. Аллоҳ таоло балога мубтало бўлган бандасини яхши кўришини айтдим. Шунда у киши деди:
- Йўқ дўстим, бу чала муҳаббат!

Бир неча кун ўтиб у киши вафот қилди. Аллоҳим раҳматига олсин. Ҳаққига дуо қиламиз. Аммо банданинг Роббисига норози ҳолда йўлиқиши мусибатдир!

Абдулқодир Полвонов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дунё ёлғон ахборотдан хавотирда: Самарқандлик алломанинг минг йиллик тафаккур сабоғи

26.11.2026   3730   8 min.
Дунё ёлғон ахборотдан хавотирда: Самарқандлик алломанинг минг йиллик тафаккур сабоғи

XXI аср инсоният тарихида ахборот энг катта бойликка айланган давр сифатида тавсифланмоқда. Бироқ ахборот оқимининг кескин ортиши янги муаммоларни ҳам юзага чиқарди. Бугун инсон ҳар куни юзлаб хабарлар, фикрлар ва турли ғояларга дуч келмоқда. Уларнинг барчаси ҳам ҳақиқатга асосланган эмас. Сохта хабарлар, ёлғон маълумотлар, диний мутаассиблик, экстремистик тарғибот ва манипулятив контентлар ахборот маконида жиддий хавф сифатида намоён бўлмоқда, хабар бермоқда iccu.uz.

Бундай шароитда жамиятни ҳимоя қилишнинг энг самарали воситаси куч ёки тақиқ эмас, балки танқидий фикрлаш ва маърифатдир.

Бу ҳақда гап кетганда, Самарқанд заминида яшаб ижод қилган буюк мутафаккир Имом Абу Мансур Мотуридий мероси алоҳида аҳамият касб этади. Чунки Мотуридий таълимоти инсонни кўр-кўрона эргашишга эмас, балки ақл юритишга, далил излашга ва ҳақиқатни англашга чақирган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида ҳам Мотуридий ҳаёти ва таълимоти айнан соғлом тафаккур, бағрикенглик ва маърифат мактаби сифатида намоён этилган. Имом Мотуридий халқаро-илмий тадқиқот маркази Мотуридийлик таълимоти тадқиқотлари бўлими катта илмий ходими Абдулазиз Яхшиликов ана шу мактабнинг бугунги аҳамияти ва долзарблигини батафсил изоҳлаб берди.

Мотуридий мактабининг асосий тамойили

Имом Мотуридийнинг энг муҳим хизматларидан бири шундаки, у ислом таълимотини англашда ақл ва нақл ўртасидаги мувозанатни илмий асослаб берди. Буюк мутафаккирнинг “Китоб ат-тавҳид” ва “Таъвилот ал-Қуръон” асарларида айнан шу масалалар муҳокама қилинади. “Китоб ат-тавҳид”да улар асосан каломий баҳс ва ақлий далиллар орқали, “Таъвилот ал-Қуръон”да эса оятлар тафсири доирасида ёритилади. Бироқ бу фарқ мутлақ эмас: “Китоб ат-тавҳид”да нақлий далиллар ва оятлар таъвили, “Таъвилот”да эса ақлий далиллар ва мазҳаблар раддияси ҳам кенг ўрин олган.

Ушбу асарларда мутафаккир муҳим ғояни илгари сурган, яъни инсон ҳақиқатни англаш учун фақат эшитиш ёки тақлид қилиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Аллоҳ инсонга ақл неъматини берган экан, у бу неъматдан фойдаланиши лозим.

 Имом Мотуридий таълимотига кўра:

  • ишонч билим билан мустаҳкамланиши керак;
  • далил билан исботланиши лозим;
  • инсон воқеликни таҳлил қилиш қобилиятига эга.

Бу тамойиллар бугунги танқидий фикрлаш маданиятининг ҳам асосини ташкил этади.

Жаҳолатга қарши энг кучли қалқон

Жаҳолат кўпинча билимсизликдан эмас, балки маълумотни таҳлил қилмасликдан келиб чиқади.

Тарихга назар ташласак, кўплаб низолар ва муаммолар одамларнинг текширилмаган маълумотларга ишониши оқибатида юзага келган.

Буюк мутафаккир ақлни билим манбаи сифатида юксак баҳолайди, лекин уни чексиз деб билмайди. Унинг наздида баъзи масалалар ақл билан излаш ва далиллаш орқали англанади, баъзилари эса ақл тўлиқ қамраб ололмагани учун таслим билан қабул қилинади, чунки инсон ақли рубубият ҳикматини тўла англашдан ожиз. Демак, “Мотуридий ҳар қандай масалага ақл билан ёндашишга чақирган” деган фикр унинг таълимотини тўлиқ ифодаламайди. Тўғриси шуки, Мотуридий ақл ва нақлни бирга қўллашга, ақлнинг чегарасини эса унутмасликка чақирган.”

Унинг асарларида:

  • савол бериш;
  • баҳс қилиш;
  • мантиқий таҳлил қилиш;
  • хулоса чиқариш маданияти муҳим ўрин тутади.

Бугунги ахборот маконида ҳам айнан шу кўникмалар инсонни ёлғон хабарлар ва бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилади. Бу борада Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асаридаги тафсир ва таъвил ўртасидаги фарқ ибратлидир. Унга кўра, тафсир саҳобаларга хосдир: улар ваҳий нозил бўлган ҳолатларга гувоҳ бўлганлари учун оятдан Аллоҳ нимани ирода қилганини қатъий баён қила олганлар. Таъвил эса фақиҳларга хос бўлиб, унда оят эҳтимолий маъноларга йўналтирилади ва Аллоҳ номидан “У шуни ирода қилди” деб қатъий ҳукм берилмайди. Қатъий билим билан эҳтимолий талқинни ажратиш, ўз хулосасига эҳтиёткорлик билан ёндашиш ва назарий қарашларни муайян оятлар мисолида тушунтириш Мотуридий илмий тафаккурининг муҳим хусусиятларидандир.

Экстремизм профилактикасида Мотуридий меросининг аҳамияти

Мутахассисларнинг фикрича, экстремистик оқимлар кўп ҳолларда инсонларнинг билимсизлиги ва диний саводхонликнинг етарли эмаслигидан фойдаланади.

Улар мураккаб диний масалаларни соддалаштириб талқин қилади, айрим манбаларни контекстдан узиб кўрсатади ва одамларнинг ҳиссиётларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилади.

Мотуридий мактаби эса бундай ёндашувларга мутлақо қарши туради.

Чунки унинг таълимотида:

  • мувозанат;
  • мўътадиллик;
  • илмий далиллаш устувор аҳамиятга эга.

Шу сабабли Мотуридий мероси бугун экстремизм профилактикасининг муҳим маънавий асосларидан бири сифатида қаралмоқда.

Медиасаводхонлик ва Мотуридий сабоқлари

Бугун медиасаводхонлик ҳар бир инсон учун зарур кўникмага айланди.

Медиасаводхон инсон:

  • хабар манбасини текширади;
  • факт ва фикрни ажратади;
  • манипуляцияни англайди;
  • ахборотни таҳлил қилади.

Қизиғи шундаки, бу кўникмаларнинг кўпчилиги Мотуридий таълимотида ҳам учрайди.

У инсонни:

  • эшитган ҳар бир маълумотга ишониб кетмасликка;
  • ҳақиқатни излашга;
  • далилларга таянишга

чақирган.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Мотуридий мероси замонавий медиасаводхонлик маданияти учун ҳам муҳим манба ҳисобланади.

Ахборот хавфсизлиги — маърифатдан бошланади

Кўпинча ахборот хавфсизлиги техник воситалар билан боғланади.

Албатта, бугун рақамли технологиялар муҳим аҳамиятга эга. Инсоният тарихда мисли кўрилмаган ахборот оқими билан юзма-юз турибди. Бир воқеа ҳақида бир вақтнинг ўзида минглаб хабарлар тарқалиши, турли манбалар уни бир-биридан фарқли талқин қилиши мумкин. Ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллект воситалари ахборот тарқатиш имкониятларини кенгайтирган бўлса-да, бу жараён ҳар бир хабарнинг ишончлилигини автоматик равишда таъминламайди.

Аксинча, ахборотнинг ҳаддан ташқари кўплиги, тезкорлиги ва таъсирчан шаклда тақдим этилиши унинг ҳақиқатга қанчалик мувофиқ эканини аниқлашни янада мураккаблаштирмоқда.

Масалан, Reuters Institute томонидан эълон қилинган 2026 йилги Digital News Report ҳисоботида тадқиқот қамраб олган бозорлардаги респондентларнинг 62 фоизи интернетдаги ёлғон ва чалғитувчи ахборотдан хавотир билдирган. Бу рақам ахборотнинг ишончлилиги масаласи замонавий жамият учун нақадар долзарб эканини кўрсатади. Бироқ ахборот хавфсизлигининг асосий субъекти инсоннинг ўзи ҳисобланади.

Агар инсон танқидий фикрлай олса, манбаларни текширса ва мустақил хулоса чиқарса, уни алдаш анча мушкул бўлади.

Мотуридий меросининг энг муҳим аҳамияти ҳам шунда.

У инсоннинг ички иммунитетини — фикрлаш иммунитетини шакллантиради.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — маърифат макони

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси алоҳида ўрин эгаллайди.

Бу ерда ташриф буюрувчилар Самарқанднинг буюк илмий муҳити, Мотуридийнинг ақидавий таълимоти, унинг ислом тафаккурига қўшган ҳиссаси, бағрикенглик ва мўътадиллик ғоялари билан танишиш имконига эга.

Марказ экспозициялари Мотуридий меросини фақат тарихий воқелик сифатида эмас, балки бугунги жамият учун амалий аҳамиятга эга бўлган маърифат мактаби сифатида намоён этади.

Янги Ўзбекистон ва Мотуридий мероси

Бугун Янги Ўзбекистонда илмли, маърифатли ва фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Бу мақсадларга эришишда Мотуридий таълимоти муҳим маънавий таянч бўлиб хизмат қилади.

Чунки у:

  • билимни қадрлашга;
  • мустақил фикрлашга;
  • мўътадилликка;
  • бағрикенгликка;
  • жамият олдидаги масъулиятни англашга

чақиради.

Бу қадриятлар эса ҳар қандай барқарор ва тараққий этган жамиятнинг асосини ташкил этади.

Хулоса

Бугунги глобал ахборот маконида жаҳолатга қарши курашнинг энг самарали йўли маърифат экани тобора яққол намоён бўлмоқда.

Имом Мотуридий мероси айнан шу маърифат мактабининг ёрқин намунасидир. Унинг ақл ва нақл уйғунлигига асосланган таълимоти инсонни мустақил фикрлашга, ҳақиқатни излашга ва ҳар қандай масалага далиллар асосида ёндашишга ўргатади.

Шу маънода Мотуридий мероси нафақат диний-фалсафий таълимот, балки ахборот хавфсизлиги, экстремизм профилактикаси ва медиасаводхонлик соҳалари учун ҳам муҳим интеллектуал асос ҳисобланади.

Жаҳолатга қарши маърифат ғояси эса айнан ана шундай буюк алломалар мероси орқали ўзининг мустаҳкам илмий ва маънавий пойдеворини топади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари