Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2026   |   17 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:20
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:16
Bismillah
27 Ноябр, 2026, 17 Жумадул сони, 1448

Бойлик севгиси - 50 қисм

17.10.2023   1578   1 min.
Бойлик севгиси - 50 қисм

Нафс касаллигининг аломати – мол-дунё тўплашни яхши кўриш, аммо хайр-саховат, инфоқ, эҳсон, садақа қилишни истамаслик.

 Муолажа услуби

Инсон ўлим кутилмаганида эшик қоқишини ва ундан рухсат сўраб ўтирмасдан бостириб киришини унутмаслиги керак. Мўмин мол-дунёни аввало ўзи ва оиласи, аҳли-аёлининг эҳтиёжлари учун сарфлайди ҳамда улардан ортганини эса камбағал, мискин, ночорларга ажратади.

Олаётган ҳар бир нафаси ғанимат ва охиргиси бўлиши мумкинлигини англаб етган банда мол-дунёни тўпламайди, зиқналик қилмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайсингизга меросхўрнинг моли ўз молидан кўра суюклироқ?” дедилар. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, орамизда бирор киши йўқки, ўз моли суюклироқ бўлмаса”, дейишди. У зот алайҳиссалом: “Сарфлагани ўзининг моли, қолдиргани эса меросхўрининг молидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Буюк саҳоба Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу касал бўлиб қолганларида, мусулмонларга қарата: “Токи тирик экансиз ва сизга муҳлат берилган экан яхши амаллар қилиб қолинг! Яхшиликларни кейинга қолдирманг, уларни дарҳол бажаринг ва бир кун келиб пушаймон бўлиб: “Уни, буни қилсам бўларкан” деб қоласиз. Унда энди имкон бўлмайди. Шунинг учун вақти соати келиб мол-дунёингиз меросхўрларингизнинг ҳаққига айланмасидан олдин яхшилик қилиб қолинг. Билингки, сиз нимаки хайр-эҳсон қилган бўлсангиз барчаси сизники, ундан бошқа қолгани эса, меросхўрларингизга тегишлидир”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон тажрибаси халқаро анжуманда эътироф этилди

27.11.2026   3356   2 min.
Ўзбекистон тажрибаси халқаро анжуманда эътироф этилди

Уммат бирлиги йўлида:

Ўзбекистон тажрибаси халқаро анжуманда эътироф этилди

Туркияда «Уммат бирлиги ва глобал муаммолар қаршисида фатво кенгашлари» мавзусида халқаро маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам иштирок этди.

Дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакати, жумладан, БАА, Қатар, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Малайзия, Мавритания, Босния ва Герцеговина, Черногория, Хорватия, Болгария, Ирландия ҳамда МДҲ давлатларидан ташриф буюрган давлат ва дин арбоблари, муфтийлар, етук исломшунос олимлар қатнашгани анжуманнинг юксак мавқеидан далолат берди.

Йиғинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам маъруза қилди. Нутқда Ватанимиз мусулмонларининг яқин ўтмишдаги оғир синовли даврлари билан бугунги фаровон кунлари қиёсий таҳлил этилди. Халқимиз ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам ислом динига муҳаббатини сақлаб қолгани, уламоларимиз диний илмларни яширин тарзда бўлса-да, авлодларга бекаму кўст етказиб келгани таъкидланди.

Шунингдек, бугунги кунда Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юртимизда янги диний ва илмий уйғониш даври бошлангани, унинг амалий меваси сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Фатво маркази томонидан олиб борилаётган ишлар, қиса вақт ичида бир ярим миллиондан зиёд саволларга жавоблар берилгани ҳақида мухтасар айтиб ўтилди.

Маъруза равон, лўнда баён этилгани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Дарҳақиқат, ҳикматли ва гўзал калом инсонлар орасини яқинлаштиради. Айниқса, уммат бирлиги йўлида сўзланса. Зеро, Муфтий ҳазратлари бугунги уммат олдида турган энг долзарб масалалар, уларнинг оқилона ечимлари юзасидан муҳим таклифларни ўртага ташлади. Ўзбекистон муфтийсининг халқаро йиғилишдаги фаол иштироки ва сермазмун нутқи учун алоҳида миннатдорлик изҳор этилгани ҳам шунга далолат қилади.

Ушбу чиқиш юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги юксак нуфузини яна бир бор намоён этиб, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби улуғ аждодларимизнинг муносиб издошлари бугун ҳам борлигини кўрсатди. Уламолар юрти бўлган муқаддас заминимиздан бундай забардаст олимлар етишиб чиқиши, иншааллоҳ, бардавом бўлажак.

Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Ўзбекистон тажрибаси халқаро анжуманда эътироф этилди
МАҚОЛА