Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Апрел, 2026   |   28 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:41
Пешин
12:28
Аср
17:07
Шом
19:09
Хуфтон
20:27
Bismillah
17 Апрел, 2026, 28 Шаввол, 1447

САЛМОН ФОРСИЙ (розияллоҳу анҳу)

01.07.2019   23163   5 min.
САЛМОН ФОРСИЙ (розияллоҳу анҳу)

Салмонул хайр (яхши Салмон), Боҳис аънил ҳақиқа (ҳақиқат изловчи), Ибн Ислом (Ислом фарзанди), Соҳибул китабайн (икки китоб соҳиби) каби номлар билан мақталадиган ушбу саҳобанинг исми Абу Абдуллоҳ Салмон  Форсий (розияллоҳу анҳу) эди.

Салмон Форсий асли Исфаҳондан бўлиб, мажусийликка эътиқод қиларди. Бир куни у насороларнинг ибодатини кўради ва ота­сига бу дин мажусийликдан яхши эканини айтади. Шундан сўнг отаси Салмонни тутқунликда сақлай бошлайди. Охир-оқибат у нажот излаб Шомга қочиб кетади. Шомда ўз даврининг роҳибларидан таълим олади. Вақт ўтиб, роҳиблар бирин-кетин вафот этишади. Салмон Форсий ҳар бир роҳибнинг ўлимидан олдин ундан кейин кимга шогирд бўлишни сўрайди. Энг охирги устозидан: “Кимни тавсия қиласиз?” деб сўраганида у бундай жавоб беради: “Болам, Аллоҳга қасамки, ер юзида биз тутган нарса (асл нас­ронийлик)ни тутувчи бирор киши қолмади. Лекин араб ерида пайғамбар чиқадиган замон яқинлашиб қолди. У Иброҳимнинг дини билан юборилади. Сўнгра ўз еридан хурмозорлари бор юртга ҳижрат қилади. Унинг махфий бўлмайдиган аломатлари бор: ҳадяни қабул қилади, садақани емайди. Икки кураги орасида нубувват муҳри бор. Агар имконини қилсанг, ўша юртга бор!”
Салмон Форсий сўнгги устози айтган набийни топиш учун йўлга чиқади. Йўлда қароқчилар унинг молларини олиб қўйиб, ўзини водил қуролик яҳудийга сотиб юборадилар. Яҳудий эса уни ясриблик амакиваччасига сотади. Шундай қилиб, Салмон тақдир тақозоси билан Ясрибга келиб қолади. Бу вақтда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Маккада эдилар. Салмон Форсий қул бўлгани сабаб у зот ҳақларида эшита олмаган. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Ясрибга келганларидан хабар топган Салмон Форсий Аммуриядаги устози айтган гапга мувофиқ ҳадя ва садақа бериб, у кишини синамоқчи бўлади. У зот ҳадяни қабул қилиб, садақани рад этадилар. Кейинги воқеа ҳақида Салмон Форсий бундай ҳикоя қилган: “Расулуллоҳ Бақийда турганларида ҳузурларига келдим. У зот саҳобаларидан бирини дафн қилаётган эканлар. Елкаларига иккита лунгини ташлаб ўтирганларини кўрдим. Мен у кишига салом бердим. Кейин устозим таърифлаган муҳрни кўрармиканман деб, елкаларига қарай бошладим. Набий (алайҳиссалом) ниятимни анг­ладилар ва елкаларидаги ридони тушириб юбордилар. Мен муҳрни кўриб, у зотнинг пайғамбар эканини англадим. Ўзимни оёқларига ташлаб йиғлай бошладим, бошимдан ўтганларни айтиб бердим. У зотга қиссам ёқди ва саҳобалар буни эшитишса, хурсанд бўлишларини айтдилар. Мен уларга ҳам айтиб бердим. Шундай қилиб, мусулмон бўлдим. Қул эканлигим Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок этишимга тўсқинлик қилди. Бир куни Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Хўжайининг сени озод қилиши учун у билан мукотаба (тўлов эвазига озод қилиш)­га келиш”, дедилар. Айтганларини қилдим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) саҳобаларини менга ёрдам беришга чақирдилар. Аллоҳ мени қулликдан озод қилди. Мусулмон ва ҳур бўлиб яшадим. Расулуллоҳ билан Ҳандақ ва бошқа жангларда қатнашдим”.
Ушбу жангда ҳандақ қазиш фикри айнан Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)­дан чиққан. Ўша куни ансорлар: “Салмон биздан”, дедилар. Шунда муҳожирлар: “Йўқ, Салмон биздан, бу ерга ҳижрат қилиб келган”, дейишди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Салмон биздан – аҳли байтдандир”, дея бу баҳсга нуқта қўйдилар.
Салмон (розияллоҳу анҳу)нинг Ибн Ислом деб номланиши боиси, замондошлари: “Сиз кимсиз?” деб сўрашса, у зот: “Мен Ислом фарзандиман! Мен Одам (алайҳиссалом)нинг фарзандлариданман”, дея жавоб қайтарган.
Ҳам Инжил, ҳам Қуръонни тўлиқ ёд олгани учун “Икки Китоб соҳиби” номини олган. Шунингдек, Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Салмон Форсийни “Луқмони Ҳаким” деб чақирганлари ҳам машҳур.
Манбаларга кўра, Салмон Форсий Исфаҳон яқинидаги Жайян деган қишлоқда, бир маълумотда эса Ромаҳурмуз деган жойда туғилгани қайд этилади (“Мўъжамул булдон”). Ота-онаси ҳақида маълумот деярли учрамайди. Мусулмон бўлганидан сўнг Мадинада уйлангани ва аёлининг исми Буқайра экани айтилади. “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Салмон билан Абу Дардони биродар қилдилар” (Имом Бухорий).
Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай хушхабар бердилар: “Жаннат уч кишига муштоқ бўлиб турибди: Али, Аммор ва Салмонга”.

 Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ўз меҳнати билан бирор нарса топса, гўшт ёки балиқ сотиб олар ва касал одамларни чақириб, улар билан бирга ер эди.

У зотдан Анас, Каъб ибн Ужра, Ибн Аббос, Абу Саъид, Абу Туфайл, Умму Дардо (розияллоҳу анҳум) бир қанча буюк саҳобалар, Абу Усмон Наҳдий, Ториқ ибн Шиҳоб, Саид ибн Ваҳб, Абдураҳмон Нахаъий каби тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. Имом Бухорийда 4 та, Имом Муслимда эса
3 та ҳадиси келтирилади.
Салмон Форсий Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) даврида ҳижрий 35-йили Мадоинда вафот этган. Жанозасини Али ибн Абу Толиб ўқиган. Қабри Бағдод яқинидаги “Салмон тоҳир” деган мавзедадир.


Манбалар асосида Тошкент
ислом институти ўқитувчиси
Фахриддин Муҳаммад НОСИР
тайёрлади.

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жисмоний машқларнинг қироли

16.04.2026   4214   1 min.
Жисмоний машқларнинг қироли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Югуриш жисмоний машқларнинг қироли бўлиб, энг қадимий спорт турларидан бири ҳисобланади.

Манбаларда келтирилишича, саҳобалар ўзаро югуриш мусобақасини ўтказишар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламбуни кузатиб турардилар. Ҳадиси шарифларда Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу чопағон бўлганлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан Мадинага қайтаётганларида саҳобалар югуришда ўзаро мусобақалашишганда барчадан ўзиб кетганлари ривоят қилинган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлолари Заквон тез югириши билан машҳур бўлган. У киши Макка билан Мадина ўртасидаги – тақрибан 500 километр – йўлни бир кеча кундузда босиб ўтган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ўзлари ҳам аҳллари билан югуришда мусобақалашганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан (югуришиб) мусобақалашган эдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бироз вақтдан кейин гўштим ортганди, яъни, семириб қолгандим яна мусобақалашдик. У зот мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: “Буниси униси билан тенг”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Мазкур ҳадис мусулмон киши ўз аҳллари билан ўзаро мусобақалашиши, маҳрам эркак ва аёллар номаҳрамлар кўзи тушмайдиган жойда жисмоний машқларни бажариши жоизлигига далилдир. Шунингдек, бу каби мусобақалар кишининг виқори, обрўси, фазилатига ҳеч қандай таъсир этмайди. Ҳамда мусобақалашувчиларнинг ўрталаридаги ёшнинг тафовути ўзаро беллашувга монелик қилмайди. Зеро, ҳадиси шарифда келтирилганидек, ўша пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари элликдан ўтган, Оиша розияллоҳу анҳо эса ёш қиз бўлганлар.

Ҳар бир оилада айниқса, ёшлар ўртасида бу каби мусобақаларни ташкил этиш оилавий муҳитнинг мустаҳкамланиши ва жамиятда соғлом авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.


Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди

Мақолалар