Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Сентябр, 2026   |   28 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:37
Қуёш
05:58
Пешин
12:20
Аср
16:49
Шом
18:45
Хуфтон
20:02
Bismillah
10 Сентябр, 2026, 28 Рабиъул аввал, 1448

Сабрни эримдан ўргандим

19.12.2017   11397   2 min.
Сабрни эримдан ўргандим

Олти ака-ука орасида ўсганим учунми, феълим сал қаттиқроқ. Шу боис умр йўлдошим бир сўзли, бошқалар ундан ҳайиқадиган одам бўлишини истардим. Тақдирни қарангки, эрим жуда ювош чиқди. Баъзан онамга: “Шунақа ҳам бўшанг бўладими, бақириб-чақирса ҳам, айтганини қилдирса майли эди...” дердим. Онам эса: “Ўтни ўт ўчирмайди, болам. Бир яхшилиги бор, Худойим шу тақдирни раво кўрган...” дерди.

Аслида эримнинг рўзғор тебратиши, эҳтиёжларимни таъминлашидан шикоятим йўқ. Фақат унда шиддат, журъат етишмаётгандек туюларди. Асабийлашсам, босиқлик билан: “Арзимас нарса учун бунчалик ғазабланишинг яхшимас”, деб қўярди. Оғир-вазминлигидан баттар аччиғим келарди. Бир қизли бўлдик. Кунларнинг бирида яна йўқ нарсадан жанжал чиқардим ва бу сафар эримнинг жаҳлини чиқаришга эришдим. Шунда ҳам бақирмади, бир оз овозини кўтариб: “Айтганим-айтган, деганим-деган бўлиши мумкин. Аммо бу ишим билан бировга зулм қилиб қўйишдан қўрқаман”, деди. Кейин менга гапирмай қўйди. Бир кун ўтди, икки кун... эримдан сас-садо йўқ. Ўзим гапириб кетаверай десам, ғурур йўл қўймасди, бунинг устига ҳайиқиб қолган эдим. Юрагим сиқилди. Таскин ахтариб, эрим ўқиб юрадиган китобларни бир-бир варақлашга тушдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва оилалари ҳақидаги ибратли китобни ўқий бошладим. Китобда баён этилган воқеада эр-хотин бир-бирининг феълида заифлик кўрса, қандай йўл тутиши зарурлиги кўрсатилган, кишининг имон-эътиқоди, тақвоси муҳим, баъзи камчиликларига эса Аллоҳ учун сабр қилиниши айтилган эди.

Бетдан-бетга ўтарканман, ёмон феълим бор бўйи билан намоён бўларди. Демак, мен энди ўқиётганларни эрим олдиндан билган экан... Мен-чи?.. У менинг хархашаларимга сабр қилиши учун тақво, имон-эътиқодга эгамидим? Эрим кўнглимни меҳр-муҳаббат билан юмшатишга ҳаракат қиларди. Мен эримнинг босиқлигини, ҳалимлигини бўш-баёвликка йўйибман. Кўз ёшларим юзимни ювди. “Аллоҳ қалбингни очсин, кўнглингга солсин...”  Эрим менга кўп бор шундай дерди. Бу дуонинг ҳикматини ўша лаҳзаларда тушундим. Неча кундан бери ичимни кемираётган “Энди кечирмайди”, деган қўрқув тарқади. Чунки бир неча бетнигина ўқиганимда, кўнглимни юмшатган бундай китоблар эримнинг неча йиллик йўлдошларидир...

Ўша кунги иқрорим эримни жуда хурсанд қилди. Шу зайлда у кишидан кенгфеълликни, сабр қилишни ўргандим. Биз учун кимда ёки нимада яхшилик борлигини Аллоҳ таоло билади.

АНБАРХОН

 

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Башакшеҳирда имомлар юртдошларимизнинг ислом динига оид саволларига жавоб беришди

10.09.2026   27103   1 min.
Башакшеҳирда имомлар юртдошларимизнинг ислом динига оид саволларига жавоб беришди

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Истанбул шаҳрининг Башакшеҳир туманида ҳамюртларимизнинг мурожаатларини тинглаш ва уларнинг масалаларига амалий кўмак кўрсатиш мақсадида сайёр қабул ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Ташрифдан асосий мақсад ушбу ҳудудда яшаб, фаолият юритаётган ватандошларимизга зарур консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва уларни қизиқтирган саволлар юзасидан амалий кўмак кўрсатишдан иборат бўлди.

Сафар давомида дипломатларга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари ҳам ҳамроҳлик қилди. Улар юртдошларимизнинг ислом динига оид саволларига жавоб берди ва турли тақиқланган ҳамда ақидавий жиҳатдан нотўғри йўналишдаги ташкилотларга алданиб қолмаслик учун зарур маслаҳатлар берди.

Ҳамюртларимизнинг Туркия ҳудудида қонуний яшашига оид масалалар, уларнинг ҳуқуқий ҳолати, ҳужжатлари ҳамда консуллик ёрдами кўрсатиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Бош консулхона вакиллари зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқароларига ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ватанга қайтиш билан боғлиқ масалаларда амалий кўмак беришга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари