Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2025   |   26 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
22 Июн, 2025, 26 Зулҳижжа, 1446

Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадислар (Таҳорат)

09.02.2017   13911   11 min.
Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадислар (Таҳорат)

عن أبي هريرة قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا توضأ العبد المسلم أو المؤمن فغسل وجهه خرجت من وجهه كل خطيئة نظر إليها بعينيه مع الماء أو مع آخر قطر الماء أو نحو هذا وإذا غسل يديه خرجت من يديه كل خطيئة بطشتها يداه مع الماء أو مع آخر قطر الماء حتى يخرج نقيا من الذنوب. رواه الترمذي

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Росулуллоҳ (с.а.в.): "Мусулмон банда ёки мўмин банда таҳорат олиб, юзини ювса, икки кўзи билан қилган барча хатолари (гуноҳлари) сув билан чиқиб кетади ёки сувнинг охирги қатраси (томчиси) билан чиқиб кетади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша икки қўли билан қилган барча хатолари (гуноҳлари) сув билан чиқиб кетади ёки охирги қатра (томчи) сув билан чиқиб кетади. Шундай қилиб, (банда) гуноҳлардан пок  ҳолда чиқади", дедилар. Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن علي عن النبي صلى الله عليه وسلم قال مفتاح الصلاة الطهور وتحريمها التكبير وتحليلها التسليم. رواه الترمذي

Али (р.а)дан ривоят қилинади. «Набий (с.а.в): "Таҳорат намознинг калитидир. (Намознинг) таҳримаси (бошланиши) такбирдир (яъни, «Аллоҳу акбар» деган калима) таҳлили (тугатилиши) таслим (салом беришдир)», дедилар». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن مجاهد عن جابر بن عبد الله رضى الله تعالى عنهما قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم مفتاح الجنة الصلاة ومفتاح الصلاة الوضوء. رواه الترمذي

Жобир ибн  Абдуллоҳ розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  «(Намоз жаннатнинг калитидир) таҳорат намознинг калитидир», дедилар. Имом Термизий ривояти.

*   *   *

حدثنا وكيع عن شعبة عن عبد العزيز بن صهيب عن أنس بن مالك قال كان النبي صلى الله عليه وسلم إذا دخل الخلاء قال اللهم إني أعوذ بك قال شعبة وقد قال مرة أخرى أعوذ بك من الخبث والخبيث أو الخبث والخبائث. رواه الترمذي

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга кирсалар, «Аллоҳим, мен сендан эркагу аёл шайтонлардан (ёмонликлардан ва ёмонлардан) паноҳ сўрайман», деб айтардилар. Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن أنس بن مالك أن النبي صلى الله عليه وسلم كان إذا دخل الخلاء قال اللهم إني أعوذ بك من الخبث والخبائث قال أبو عيسى هذا حديث حسن صحيح. رواه الترمذي

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга кирсалар, «Аллоҳим, мен сендан эркагу аёл шайтонлардан (ёмонликлардан ва ёмонлардан) паноҳ сўрайман», деб айтардилар. Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن عائشة رضى الله تعالى عنها قالت كان النبي صلى الله عليه وسلم إذا خرج من الخلاء قال غفرانك. رواه الترمذي

Оиша розияллоху анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатдан чиқсалар, «ғуфронака» («Гуноҳларимни мағфират қилгин») деб айтардилар». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

حدثنا أبو كريب حدثنا عبدة بن سليمان عن محمد بن عمرو عن أبي سلمة عن أبي هريرة قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم لولا أن أشق على أمتي لأمرتهم بالسواك عند كل صلاة. رواه الترمذي

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, айтди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматимни машаққатга қўйишдан хавотирланмасам эдим: уларга ҳар бир намоз олдидан мисвок ишлатишни буюрган бўлар эдим». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن أبي سلمة عن زيد بن خالد الجهني قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول لولا أن أشق على أمتي لأمرتهم بالسواك عند كل صلاة ولأخرت صلاة العشاء إلى ثلث الليل قال فكان زيد بن خالد يشهد الصلوات في المسجد وسواكه على أذنه موضع القلم من أذن الكاتب لا يقوم إلى الصلاة إلا استن ثم رده إلى موضعه قال أبو عيسى هذا حديث حسن صحيح. رواه الترمذي

Зайд ибн Холид Ал-Жуҳанийдан ривоят қилинади; деди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, айтдиларки: «Умматимни машаққатга қўйишдан хавотирланмасам эдим, уларга ҳар бир намоз олдидан мисвок ишлатишни буюрган ва хуфтон намозини кечанинг учдан бирига таъхир этган (кечиктирган) бўлар эдим». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه وسلم قال إذا استيقظ أحدكم من الليل فلا يدخل يده في الإناء حتى يفرغ عليها مرتين أو ثلاثا فإنه لا يدري أين باتت يده وفي الباب عن بن عمر وجابر وعائشة. رواه الترمذي

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки, «Агар сизлардан бирор киши тунги уйқудан уйғонса, қўлини икки марта ёки уч марта сув тўкиб ювмасдан туриб сув идишига ботирмасин, чунки у қўли қаерда тунаганини билмайди». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن رباح بن عبد الرحمن بن أبي سفيان بن حويطب عن جدته عن أبيها قالت سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول لا وضوء لمن لم يذكر اسم الله عليه. رواه الترمذي

Рабоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Суфён ибн Ҳувайтиб (розияллоҳу анҳу) момоси орқали бобокалонидан (момосининг отасидан) ривоят килади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, айтдиларки, «Таҳоратда Аллоҳнинг исмини айтмаган («бисмиллоҳ» деб бошламаган) кишининг таҳорати йўқ». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن سلمة بن قيس قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا توضأت فانتثر وإذا استجمرت فأوتر. رواه الترمذي

Салама ибн Қайс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар таҳорат олсанг, бурнингни (сув олиб) мишир, агар (қазои ҳожат этиб) истинжо қилсанг, кесакии (ёки тошни) тоқ ишлат» (яъни учта ёки бешта). Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن عبد الله بن زيد قال رأيت النبي صلى الله عليه وسلم مضمض واستنشق من كف واحد فعل ذلك ثلاث. رواه الترمذي ا

Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, оғиз ва бурунларини бир ҳовуч сув билан чайқадилар ва буни уч марта (такрор) қилдилар». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن عبد الله بن محمد بن عقيل عن الربيع بنت معوذ بن عفراء أنها رأت النبي صلى الله عليه وسلم يتوضأ قالت مسح رأسه ومسح ما أقبل منه وما أدبر وصدغيه وأذنيه مرة واحدة. رواه الترمذي

Муъаввиз ибн Афро қизи Ар-Рубаййиъ (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: У Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни таҳорат олаётганларида кўрди: дейдики, «Бошларига масҳ тортдилар, бошларининг олди ва орқасига, икки чаккаларига ва қулоқларига (бирданига) бир марта масҳ тортдилар». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن عبد الله بن زيد أن رسول الله صلى الله عليه وسلم مسح رأسه بيديه فأقبل بهما وأدبر بدأ بمقدم رأسه ثم ذهب بهما إلى قفاه ثم ردهما حتى رجع إلى المكان الذي بدأ منه ثم غسل رجليه. رواه الترمذي

Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига икки қўллари билан масҳ тортдилар: қўлларини олдинга ва орқага юргиздилар: (аввал) пешоналаридан бошладилар, кейин энсаларигача суриб бордилар, кейин яна то бошлаган жойларигача қайтариб келдилар, ундан кейин оёқларини ювдилар». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن أنس أن النبي صلى الله عليه وسلم كان يتوضأ لكل صلاة طاهرا أو غير طاهر قال قلت لأنس فكيف كنتم تصنعون أنتم قال كنا نتوضأ وضوءا واحدا. رواه الترمذي

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир намоз учун таҳорат олар эдилар, хоҳ таҳоратли бўлсинлар, ҳоҳ таҳоратли бўлмасинлар». (Хумайд айтади): «Анасга дедимки, «Сизлар қандай қилар эдингизлар?» (Анас) деди: «Бизлар битта таҳорат олар эдик (таҳоратли бўлганда қайта таҳорат олмоқни лозим кўрмас эдик)». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن أنس أن النبي صلى الله عليه وسلم كان يتوضأ لكل صلاة طاهرا أو غير طاهر قال قلت لأنس فكيف كنتم تصنعون أنتم قال كنا نتوضأ وضوءا واحدا. رواه الترمذي

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади; Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Таҳорат устига таҳорат олган кишига Аллоҳ бу туфайли ўн ҳасана (савоб) ёзгайдир». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عمرو بن عامر الأنصاري قال سمعت أنس بن مالك يقول كان النبي صلى الله عليه وسلم يتوضأ عند كل صلاة قلت فأنتم ما كنتم تصنعون قال كنا نصلي الصلوات كلها بوضوء واحد ما لم نحدث. رواه الترمذي

Амр ибн Омир Ал-Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади; у айтди: Анас ибн Моликдан эшитдим, у дедики, «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар намоз олдидан таҳорат олар эдилар». (Анасдан): «Сизлар нима қилар эдингизлар?» деб сўрадим. (Анас) деди: «Биз то таҳоратимиз бузилмагунча, ҳамма намозларни битта таҳорат билан ўқийверардик». Имом Термизий ривояти.

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳаётидан ибратли 10 қисса

28.07.2020   10469   6 min.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳаётидан ибратли 10 қисса

 

Энг кўп қандай дуо қиласиз?

Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.

Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].

 

Қандай тонг оттирдингиз?

Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.

Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.

Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.

 

Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.

Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.

Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.

Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз(Нисо сураси, 86-оят).

Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.

Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.

Восиқ: “Махлуқ”.

Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.

Восиқ: “Улар билишмаган”.

Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.

Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.

Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.

Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.

 

Ғийбатчини афв этди

Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.

Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.

Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.

Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].

 

Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида

Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.

Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).

Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим. 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари

Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.

Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.

 

Ношукрлик бўлади

Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.

Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.

Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].

 

Фақат сажда қиларди

Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.

Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.

Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.

Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].

 

Қайтаришни ният қилганман

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.

Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.

 

Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза

Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.

Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди. 

Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.

Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.

[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.

[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.

[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.

[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.