Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Оламларга раҳмат Пайғамбар

01.12.2016   15447   46 min.
Оламларга раҳмат Пайғамбар

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:      

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ

 (Эй, Муҳaммaд,) биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз. (Анбиё: 107).

 Ушбу оятдаги (رَحْمَةً) – (роҳматан) калимаси масдар бўлиб, маънони таъкидлаш, кучайтиришни ифодалайди. Шунда  унинг маъноси қуйидагича бўлади: “айни раҳмат”, “бутунлигича раҳмат”, “ҳақиқий раҳмат”. 

  (العَالَمِينَ) - (Оламийн) калимаси эса кўплик шаклида бўлиб, Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсани ўз ичига олади; Фаришталар олами, Жинлар олами, инсонлар олами, ҳайвонот, ўсимликлар, жонсиз нарсалар олами ва ҳоказо...   

 Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умуман олганда барча оламларга; фаришталар олами, жинлар олами, инсонлар олами, ҳайвонот, ўсимликлар, жонсиз нарсалар оламига, хусусан, мўминларга, ғайри динларга, мунофиқларга, аҳли оилаларига, фарзандларига, эркагу аёлларга, ёшларга, етим-есирларга, заифҳолларга, тоинки барча махлуқотларга айни раҳмат бўлганлар.

Фаришталарга раҳмат бўлганлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан илгари Жаброил алайҳис салом Аллоҳ таоло наздида қай даражада ҳурматга сазовор эканларини билмай хавотирланарди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларидан кейин ул зотга:

ذِي قُوَّةٍ عِندَ ذِي الْعَرْشِ مَكِينٍ

 “(У) Жаброил қуввaтли, Aршнинг сoҳиби (Aллoҳ) нaздидa мaртaбaли”, (таквир сураси) мазмунидаги ояти карима нозил бўлганида, Жаброил алайҳис салом хотиржам бўлган эканлар. 

 

Жинларга раҳмат бўлганлари

 Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам расул бўлишларидан олдин жинлар тўғри йўлда эмасдилар ва ораларидаги иблиснинг “Аллоҳнинг жуфти – хотини ва фарзанди бор”, деган тутруқсиз гапларига ишониб, Аллоҳ таолога ширк келтиришарди. Бироқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламга пайғамбарлик рисолатини олиб келганларида жинлар ҳам инсонлар каби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш шарафига муяссар бўлишди, улар ҳам иймон келтиришди. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга ҳам раҳмат бўлиб келганларига очиқ-ойдин далилдир. Бу ҳақида ояти каримада шундай дейилади:

  (Эй, Муҳaммaд,) aйтинг: "Мeнгa вaҳий қилиндики, жинлaрдaн бир гуруҳи (Қуръoн тилoвaтимни) эшитиб, (ўз қaвмлaригa бoриб), дедилaр: "Дaрҳaқиқaт, бизлaр aжиб бир Қуръoнни эшитдик. У тўғри йўлгa ҳидoят қилaди. Бaс, дaрҳoл унгa имoн кeлтирдик. Бизлaр (энди) Роббимизгa ҳeч кимни сирa шeрик қилмaсмиз. Aлбaттa, буюклиги oлий бўлмиш рaббимиз бирoр жуфт вa ё фaрзaнд тутгaн эмaсдир. Aлбaттa, бизлaрнинг ичимиздaги aблaҳ (иблис) Aллoҳ шaънигa ("унинг xoтини вa фaрзaнди бoр", - дeб) тутруқсиз сўз aйтaр eди. (Жин: 1-4 оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли-аёлларига ва фарзандларига раҳм-шафқатлари

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра ўз фарзандларига меҳрибонроқ кишини кўрмадим. Фарзандлари Иброҳим розияллоҳу анҳу Мадина оилаларидан бирида эмизилар эди. Узот ўғилларини кўргани борсалар, биз ҳам бирга борар эдик. Уйга кирганларида, уйдан тутун чиқарди. Иброҳимнинг эмизикли отаси темирчи ва заргар эди. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимни қўлларига олардилар ва уни ўпиб яна жойига қўярдилар”, деди.

Амр ибн Саъид айтади: “Иброҳим вафот этганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўғлим Иброҳим кўкрак сутидан чиқмаган гўдаклигида вафот этди. Унинг икки энагаси бор. Ҳали улар жаннатда эмизиш даврларини тўлдириб қўядилар”, дедилар. Иброҳим вафот этанида ўн олти ёки ўн етти ойлик гўдак эди”. (Имом Нававийнинг шарҳларидан)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларида ҳам оилаларига қарашардилар.

Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳодан: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳллари орасида нима қилардилар”, деб сўрадим. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларининг хизматида бўлардилар. Агар намоз ҳозир бўлса, намозга чиқардилар. У зот катта занг кишилардан бўлмаганлар. Балки, кўпинча ўз ишларини ўзлари бажарардилар”, дедилар.

Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг “Муснад”ларида келган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кийимларини ўзлари тикардилар, кавушларини ямардилар ва сизлар ўз уйингизда нима қилсангиз, шуни қилардилар”, дедилар.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Оиша розияллоҳу анҳога: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нима қилардилар?”, дейилди. Оиша розияллоҳу анҳо: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (оддий) одамлардан бири эдилар. Кийимларини тозалар, қўйларини соғардилар”, дедилар.

Ёшларга, етим-есирларга, бевалар, касаллар ва заифҳолларга раҳм-шафқатлари

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен намозни ўқимоқчи бўлиб бошлайман-да, гўдак йиғисини эшитиб қолсам, йиғиси сабабли онасининг қаттиқ изтиробга тушишини билганимдан, намозни енгил қиламан”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларга жуда меҳрибон эдилар.

Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийнинг икки фарзанди Ҳасан ва Ҳусайн ўптилар.  Ҳузурларида Ақроъ ибн Ҳобис ат-Тамимий бор эди. Шунда Ақроъ: “Менинг ўнта фарзандим бор. Лекин мен уларнинг бирортасини ҳечҳам ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади,  у киши айтадилар: “Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб: “Сизлар ёш гўдакларингизни ўпар экансизлар, биз эса уларни ўпмаймиз”, деди.  Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ахир Аллоҳ таоло сенинг қалбингдан раҳм-шафқатни чиқариб ташлаган бўлса, менинг қўлимдан нима ҳам келарди?”, дедилар”.

Яъни, кимнинг қалбида ёшлар, гўдакларга нисбатан раҳм-шафқат бўлса, бу шафқат ўз соҳибини ёшларни ўпишга ундайди. Ана энди кимнинг қалбидан ўша раҳм-шафқат олиб қўйилган бўлса, уларни ўпишликдан тийилади.

Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, Ул зот елкаларида Ҳасанни кўтариб: “Эй, Аллоҳ, мен уни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин”, деб айтардилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ҳамда Имом Термизий ривоятлари)

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Аҳли байтингиздан қайси бири сизга маҳбуброқ”, дейилди. Ул зот: “Ҳасан ва Ҳусайн”, дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: “Менга икки фарзандимни чақир”, деб айтардилар. Кейин Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларни бағрларига босиб қучоқлардилар. (Имом Термизий ривояти)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ёшларни шодлантириб, уларни хурсанд қилишга қизиқардилар. Ҳузурларига энг аввал пишган мевалардан келтирилса, олдиларидаги ёшларга тарқатардилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига энг аввал пишган мевалар келтирилса, ундан олиб кўзларига кейин лабларига қўйиб: “Ё, Аллоҳ бунинг аввалини кўрсатганингдек, охирини ҳам кўрсатгин”, деб дуо қилардилар. Кейин меваларни ҳузурларидаги ёшларга тарқатардилар. (Имом Табароний ривояти. Ушбу ҳадисни Ибн Синний Абу Ҳурайрадан ривоят қилган)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳим вафот этганида кўзларидан ёш оққанди.

Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фарзандлари Иброҳимнинг ҳузурига кирдилар. Иброҳим жон талвасасида эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларидан ёш тўкила бошлади. Шунда Абдурроҳман ибн Авф: “Сиз ҳамми Ё, Расулуллоҳ! (яъни сиз ҳам йиғлайсизми), дедилар. Ул зот: “Эй, Ибн Авф, бу раҳим-шавқатдандир”, дедилар. Бошқа ривоятда эса: “Кўз ёш тўкилади, қалб маҳзун бўлади ва биз фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларни гапирамиз. Биз сенинг фироқингга маҳзунмиз эй, Иброҳим”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти. Баъзи жумлаларини Имом Муслим ривоят қилган)

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга фарзандлари Иброҳим вафот этаётган ҳолатида кўтариб олиб келинганда, у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: “Ё Расулуллоҳ, нимага йиғлаяпсиз?”, деди. Шунда: “Бу Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига жойлаган раҳматидир. Албатта, Аллоҳ таоло фақат раҳим-шавқатли бандаларига раҳим қилади”, дедилар”.  (Муттафақун алайҳи)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етим-есирлар билан бирга юришдан ҳазар қилмасдилар. Балки, улар билан бирга юрардилар, уларнинг ҳожатларини раво қилардилар.  (Имом Насоий шу маънодаги ҳадисни ривоят қилган)

Етимларга нисбатан ўзлари гўзал муомалада бўлардилар, уларга яхшилик қилардилар ва саҳобаларни ҳам шундай қилишга, етимларни ўз қарамоғига олишларига тарғиб қилиб, унинг фазилатларини баён қилардилар.

Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен билан етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундоқ бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта қўлларини бирлаштириб ишора қилдилар. (Имом Бухорий ривояти)

Бошқа бир ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонлардаги энг яхши уй бу унда етимга хайр-саховат қилинадиганидир”, деб айтганлар. (Ибн Можа ривояти)

 Мусулмон умматларига раҳмат бўлганлари

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқалардан кўра мусулмон умматларига меҳрибонроқ эдилар. Бу ҳақида Қуръони кармида шундай дейилади:

 { لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ } (3)

 “Ҳaқиқaтaн, сизлaргa ўзлaрингиздaн (чиққaн), сизлaрнинг қийинчиликлaрингиздaн aлaм чeкaдигaн, сизлaр билaн қизиқувчи вa мўминлaргa мушфиқ вa рaҳмдил рaсул кeлгaндир”. (Тавба: 127).

 Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазабланган ҳолатимда умматимдан қай бирини сўккан бўлсам ёки лаънатлаган бўлсам, мен ҳам Одамнинг фарзандиман. Мен ҳам сизлар ғазаб қилганингиздек, ғазаб қиламан. Бироқ, Аллоҳ таоло мени оламларга айни раҳмат этиб юборди. Ўша лаънат ва сўкиш уларга мендан дуо сифатида қабул бўлишини истайман”, деган эдилар.

 Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар”, дедилар. (Имом Муслим ривояти. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларидан).

 Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари у зотга: “Тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда”, деб одам юборди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб: “Албатта, олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир. Унинг наздида ҳар бир нарсанинг ажали белгилангандир. Сабр қилсин ва талаби савобда бўлсин”, деб одам юбордилар. У (қиз) қасам ичиб: “Албатта келсинлар”, деб одам юборди. Бас, у зот турдилар. Ул зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бир қанча кишилар ҳам турдилар. Болани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб олиб келинганда, унинг жони мешга ўхшаб пўкиллаб қолган эди. Бас, у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: “Ё Расулуллоҳ, бу нима?”, деди. “Бу Аллоҳ бандаларининг қалбига солган раҳматидур. Аллоҳ фақат раҳимлик бандаларигагина раҳим қиладир”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Ушбу ҳадис ҳам ўша китобдан).

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига бирор нарса буюрадиган бўлсалар, қийинлаштириб қўйишдан қўрқардилар. “Агар умматимга қийинлаштириб қўймаганимда эди, уларни ҳар намоз олдидан мисвок ишлатишга буюрган бўлардим”, дер эдилар. 

Заифҳол, бетоб бўлган мусулмонларнинг олдиларига бориб, зиёрат қилардилар, жанозаларида қатнашардилар. (Бу маънодаги ҳадисни Абу Яъло ва Табароний ривоят қилишган)

Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам бирор саҳобаларини оғир, машаққатли ҳолатда, қийналиб турганини кўрсалар жуда маҳзун бўлардилар, қалблари эриб, у ҳолатдан таъсирланиб йиғлар эдилар. Пайғамбар алайҳис салом Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни зиёрат қилиб келганларида, у зот билан Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Пайғамбар алайҳис салом у кишини кўриб йиғладилар, у зот билан бирга бўлганлар ҳам йиғладилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Усмон ибн Мазъун вафот этганларида Пайғамбар алайҳис салом йиғлаган ҳолатларида у кишини ўптилар бу ҳақида Оиша розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Ўшанда мен Пайғамбар алайҳис саломнинг кўз-ёшлари Усмоннинг яноқларига тўкилаётганини кўрдим”. Бошқа бир ривоятда: “Пайғамбар алайҳис салом Усмоннинг икки кўзи орасини ўптилар сўнг узоқ йиғладилар”, дейилган”.

  Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқидилар. Қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Кейин тикланиб, узоқ турдилар. Шуъба айтади: “Менимча, саждада ҳам шунга ўхшаш. Ва саждаларида йиғлай ва пуфлай бошладилар ва: ”Роббим, мен Сенга истиғфор айтиб турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан? Мен уларнинг ичида турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан?”, дедилар. Намозни тугатганларидан сўнг: “Менга жаннат кўрсатилди. Ҳаттоки, қўлимни узатсам, мевасидан узиб олардим. Менга дўзах кўрсатилди. Унинг олови сизларни ўраб олмасин деб пуфлай бошладим”, дедилар. (Абу Довуд, Насаий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларидан).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат бўлганида, бутун оламон бир-бирларига аралашиб кетиб, ҳаяжонда бўладилар. Улар Одамнинг (алайҳиссалом) олдиларига келиб: “Бизлар учун Робингиздан шафоат сўранг”, дейишади. У зот: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Иброҳимдан (алайҳиссалом) сўранглар, у Раҳмон зотнинг халилидир (дўсти)”, дейдилар. Инсонлар Иброҳим (алайҳиссалом) олдиларига келишади. У зот ҳам: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Мусонинг (алайҳиссалом) олдига боринглар, чунки, у калимуллоҳдир (Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашган пайғамбар), деб айтадилар. Инсонлар Мусо (алайҳиссалом) олдиларига келишганида, у зот ҳам худди шундай жавоб берадилар ва “Сизлар Исонинг олдига боринглар, чунки, у Аллоҳ пуфлаган руҳи ва калимасидир”, дейдилар. Кейин инсонлар  Исо (алайҳиссалом) олдиларига келишади, у зот ҳам “Мен шафоат сўрашга ҳақли эмасман, сизлар Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдига боринглар”, дейдилар. Инсонлар менинг олдимга келиб сўрашади, шунда мен: “Мен сизларни шафоат қиламан”, дейман. Сўнгра Роббимдан изн сўрайман, Роббимдан менга изн берилади ва Ул зот менга, мен Ул зотни мақтайдиган мақтовли сўзларни илҳом қилади. Лекин у қандай мақтовли сўзлар эканини ҳозир билмайман. Сўнгра мен ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, қалбида арпа доничалик иймони бўлган кишиларни жаҳаннамдан чиқар”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтаман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида зарра (ёки хантал) миқдоричалик  иймони бўлган кишиларни чиқаргин”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида хантал донининг миқдоридан-да озроқ, кичикроқ иймони бўлган кишиларни озод қил”, дейилади.  Бориб, яна (айтилган нарсаларни) қиламан. Кейин тўртинчи бор яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга яна: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Шунда мен: “Роббим, менга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишилар ҳақида изн бер”, дейман. Ул зот: “Иззатимга, жалолимга, буюклигим, улуғлигимга қасамки, мен ундан (жаҳаннамдан) “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишиларни ҳам чиқараман”, дейди”, дедилар. (Имом Бухорий  ва Муслим ривоят қилишган).

Ҳайвонларга раҳмат бўлганлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларга шафқатли бўлиб, уларни аяшга буюрардилар. Ҳайвонларни боқувчи эгаларини уларга азият бериш, оғир юкларни юклаш, тоқати кўтара олмайдиган ишлар билан қийнашдан қайтарардилар.

Пайғамбар алайҳис салом қорни бели билан бирлашиб кетай деган, яъни очликнинг қаттиқлигидан озиб кетган бир туя олдидан ўтаётиб: “Бу гапира олмайдиган чорвалар борасида Аллоҳ таолодан қўрқинглар. (Яъни, уларга гўзал муносабатда бўлиш, зарар етказмаслик, ҳаққини риоя қилиш, муҳтож бўладиган нарсасини бериш ва азият бермаслик борасида) Уларни (минмоқчи бўлсангизлар) минишга ярайдиган, юришга қуввати етадиган ҳолида мининглар, агар емоқчи бўлсангизлар семиз, соғ ҳолида енглар”, дедилар. (Абу Довуд ва Ибн Хузайма ўз саҳиҳ китобларида ривоят қилганлар)

Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ансорийнинг боғига кирганларида, бир туяга кўзлари тушади. Туя ҳам Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан икки кўзи ёшланган ҳолида  ул зот томон интилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келиб, икки қулоғидан силаб қўйдилар. Туя тинчланди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу туянинг эгаси ким? “Бу туя кимга қарашли?”, дедилар. Ансорий бир йигит келди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Аллоҳ таоло сенга мулк қилиб берган мана бу ҳайвон хусусида Аллоҳдан қўрқ! У, менга оғир, тоқати етмайдиган юкларни юклаб азият бераётганингдан шикоят қилди”, дедилар.(Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган ҳамда Имом Ҳоким ўзларининг “ал-Мустадрак”ларида ҳам ривоят қилган.)

Пайғамбар алайҳис салом заруратсиз ҳайвонларни тўхтатиб олиб, устида узоқ туриб азият беришдан қайтарганлар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг олдидан ўтсалар, улар ўз уловлари устида ўтирган эдилар. Шунда У зот: “Уловларингизга саломат ҳолида мининглар, саломат ҳолида тарк қилинглар. Уловларни йўлларда, бозорларда гурунглашиб туришингиз учун ўтирадиган жой (курси) қилиб олманглар. Зеро, айрим уловлар эгасидан кўра яхшироқ ва Аллоҳ таолони кўпроқ зикр қилувчи бўлади”, дедилар.(Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Табаронийлар ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбақани ўлдиришдан қайтариб: “Унинг қуриллаши тасбеҳ айтишидир”, деб айтганлар. (Насоий ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мушукни боғлаб қўйиб на унга таом бериб суғорган ва на ердаги қурт-қумурсқалардан озуқаланиб ейишига йўл қўйган аёл жаҳаннамга киради”, деб айтганлар. (Бухорий ва бошқа ровийлар ривоят қилишган)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда кетаётиб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб сув ичди. Кейин қайтиб чиқиб, чанқоқлигидан тупроқни ялаётган итни кўрди. Ҳалиги одам: “Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди”, деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб мағфират қилди”, дедилар. Ё Расулуллоҳ! Бизга ҳайвонларда ажр борми”, дейишди. “Ҳа! Ҳар бир ҳўл жигарлида (тирик жонда) ажр бор”, дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларидан иқтибос олинди)

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганида бир бурга чақди. У киши бургани лаънатлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бургани лаънатламанглар чунки, у пайғамбарлардан бирини намозга уйғотган”, дедилар”. (Имом Табароний ривояти. Тилларда машҳур бўлганида “Бургани сўкманглар…” дейилган. Умуман бурга ҳақидаги ривоятни баъзилар заъиф деганлар)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни бир-бирига гиж-гижлатиб уриштиришдан қайтарганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларнинг боласига бирор бир фожеъа етказишдан ҳам қайтарардилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Ул зот ҳожатга кетдилар. Биз Ҳумаррани (кичик қуш) иккита жўжаси билан кўриб қолдик, кейин жўжаларини олдик. Шунда Ҳумарра (безовталанганидан) пириллаб уча бошлади. Расулуллоҳ уни кўриб: “Қай бирингиз буни боласига фожеъа етқазди?! Унинг боласини қайтаринглар! - дедилар. Яна У зот алайҳис салом чумолининг уясини куйдириб юборганимизни ҳам кўриб қолдилар ва: “Буни ким куйдирди?!”, дедилар. “Биз”, дедик. “Албатта, оловнинг Роббисидан бошқа ҳеч кимнинг олов билан азоблашга ҳаққи йўқ”, дедилар”. (Абу Довуд ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларни ейиш мақсадида эмас, балки бефойда ўлдиришдан қайтариб шундай дер эдилар: “Ким бирор қушни ўлдирса, ўша қуш Қиёмат куни Аллоҳ таолога: “Ё роббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирор бир манфаатни кўзлаб ўлдирмади”, деб шикоят қилади”. (Насоий ривояти)

Шунингдек, У зот алайҳис салом ҳайвонларни сўйишда раҳм-шафқатли, юмшоқ муносабатда бўлишни уқтирардилар. Қўйни ётқизиб, устида пичоғини ўткирлаб турган кишига: “Сен нима уни икки марталаб ўлдирмоқчисан? (яъни  ҳайвонни) Уни ётқизишдан олдин пичоғингни ўткирласанг бўлмасмиди?”, деб танбеҳ берганлар. (Табароний ривояти)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни ва жониворларни (ўқ отишга) мўлжал қилинадиган нишон қилиб олишдан  ҳам қайтарардилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари)

Бутун оламга меҳрибон ва шафқатли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдек Зотнинг уммати бўлиш шарафига муяссар қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин. Омин!

Китоблар асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

 Баратов Ғиёс тайёрлади.

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

28.08.2026   22585   18 min.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

(2026 йил 28 август, Тошкент ш.)

 

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Бугун муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз беш йиллик байрамини катта ифтихор ва тантана билан нишонлаяпмиз.

Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман.

Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада оширмоқда.

Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам биноларини ишга туширдик.

Бугун сизларнинг иштирокингизда очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳам байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлайди.

Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.

Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади!

 

Қадрли дўстлар!

Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.

Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойитган.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.

Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.

Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.

Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.

Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз.

Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз.

Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик.

Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик.

Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.

Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.

Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.

Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта.

Янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?

Минглаб маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда.

Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйдик.

Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун бизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, мустақил фикрига эга бўлган янги авлод мутахассислари керак. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб киряпмиз. Муаллимнинг обрў-эътиборини тиклаб, даромадини ошириб боряпмиз.

Ўтган ўн йилда, аҳолимиз 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам боғча қамровини 78 фоизга етказдик. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим эгаллаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.

Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратдик.

Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.

Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир.

Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили, деб биламиз.

Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.

Истиқлол байрамимиз арафасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Самарқанд – 2028” сунъий йўлдошини фазога учирганимиз бизга алоҳида ғурур бағишлайди.

Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.

Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.

 

Азиз ватандошлар!

Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди.

Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз

ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда.

Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.

 

Қадрли дўстлар!

Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.

Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти.

Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади.

Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз.

Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади.

Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимга улкан зафарлар тилайман!

Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб биламан!

Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!

 

Муҳтарам юртдошлар!

Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади.

Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз. Шу мақсадда келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширамиз.

Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.

Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқамиз. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.

Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.

Юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этамиз. Уларда ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиб, қамровни 1 миллионга етказамиз. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.

Биз келгуси йилларда камида 10 та университетимизни ТОП мингталикка киритишни катта марра сифатида белгилаймиз.

Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.

Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз.

Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.

Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз.

Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.

Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.

Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.

Шунингдек, кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни йўлга қўямиз. Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.

 

Азиз дўстлар!

Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.

Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.

Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади.

Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз.

 

Қадрли юртдошлар!

Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.

Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат.

Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўямиз. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чораларни янада кучайтирамиз.

“Яширин иқтисодиёт”, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши курашни янги босқичга кўтарамиз.

Азиз ватандошлар!

Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.

Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.

Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.

Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир.

Бизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсатимиз узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган.

Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.

Мамлакатимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди.

Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз. Иқтисодий дипломатия ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади. Дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурамиз.

Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига, АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларимизга самарали ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.

 

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Бир фикрни ишонч билан айтмоқчиман.

Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз.

Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.

Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ.

Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!

Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади.

Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!

Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!

Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар бўлсин!

Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан яна бир бор табриклайман.

Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлсин!

Яшасин Ўзбекистон Республикаси!

Яшасин Ўзбекистон халқи!

Ўзбекистон янгиликлари