Миср ва ислом оламининг энг буюк қориларидан бири Aҳмад Наина телевидение дастурида болалигиданоқ Қуръони карим ҳаёти ҳақида гапириб, ўзининг Қуръон истеъдодини ҳаётидаги энг буюк илоҳий неъмат, деб таърифлади. Бу ҳақда “IQNA” сайти “Al-Ahram” га таяниб хабар берди.
– Отам пахта савдоси билан шуғулланган. Қуръон илмидан ҳам олим бўлган. Менинг Қуръон ўрганишимга ҳам жуда қизиқарди. Мадрасада Каломуллоҳни ўқишни ўргандим. Искандарияда Шайх Саиддан рухсат олиб, кўзи ожиз Шайх Aмин Хелолийдан таҳсил олдим, – дейди у.
Миср ва ислом оламининг бу буюк қорисининг сўзига кўра, Мисрнинг собиқ президенти Aнвар Садат унинг мутолаасига юқори баҳо бериб, ўзи яқин дўст бўлган Шайх Мустафо Исмоил билан қиёслаган.
Наина, шунингдек, Мисрнинг буюк таржимон олими ва воизи Шайх Муҳаммад Мутавалли аш-Шаровийнинг мухлиси ва унинг шогирди эканлигини айтди. Aш-Шаровий унинг қироатини жуда қадрлаган ва ҳар доим Наина бизни танани эмас, балки қалб ва руҳни даволашга йўналтиради, - дейди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Улардан ҳам, биздан ҳам рози бўл, ё оламлар Робби.
Шак-шубҳасиз, коинот, жамодот, наботот ва ҳайвонот бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг айримлари жонсиз, қолганлари жонли. Баъзилари вазнга эга, ҳажми бор ва ҳ.к.
Аммо инсоният бошқа жонзотлар фарқли ўлароқ фикр юритади, тафаккур қилади. Агар инсон илм изламаса, Робби уни қўйган даражадан пастга тушади, бу эса унинг мавқеига мос келмайди. Натижада, у ўлик саналади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).
“Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар” (Мунофиқун сураси, 4-оят).
“Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар” (Жума сураси, 5-оят).
Инсон мавжудлигининг сирини, ҳаётдан мақсадни ва ҳақиқатни излаши, ўлим нима, ўлимдан кейин нима бўлиши ҳақида фикр юритиши лозим.
Ҳар бир ақлли одам ҳам доно эмас. Ўткинчи дунё ҳаётининг майда-чуйдаларига берилиб кетмаган, ўзини Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаган, кенглиги осмонлару ерча бўлган Жаннат учун ҳаракат қилган инсон – доно саналади. Бунга фақат илм излаш орқали эришиш мумкин.
Демак, агар ким дунёни истаса, илм изласин. Охиратни истаса, илм изласин. Агар ҳар иккисини ҳам хоҳласа, илм изласин. Аллоҳ буюкдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД