Бугун юртимизда тўй масаласи деярли ҳар бир оиланинг ташвишига айланган. Албатта, тўй – халқимиз учун муқаддас қадрият, икки ёшнинг ҳалол никоҳ билан янги ҳаётга қадам қўйиш маросимидир.
Бироқ, сўнгги йилларда бу муборак анъана асл маъносидан йироқлашиб, ортиқча дабдаба ва исроф майдонига айланмоқда. “Одамлар нима деркин?” деган ўй билан амалга оширилаётган тантаналар кўрсатиш ва мақтаниш воситасига айланиб бормоқда.
Ислом ҳар бир ишда ўрта йўлни, яъни меъёр ва иқтисодни буюради. Аллоҳ таоло Қуръонда бундай марҳамат қилади: “Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди.” (Исро сураси, 27-оят).
Яъни, ортиқча сарф-харажат қилиш, бевақт ва кераксиз нарсаларга молни йўқотиш – шайтон йўлидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу ҳақда бундай деганлар: “Еб-ичишда, кийинишда ва эҳсон қилишда ҳам исроф қилмангиз, чунки Аллоҳ исрофни яхши кўрмайди.” (Ибн Можа ривояти)
Яна бир ҳадисда эса: “Албатта, энг баракали никоҳ – энг осон бўлганидир.” (Ибн Ҳиббон ривояти), – деб таъкидлаганлар.
Демак, барака дабдабада эмас, соддалик ва самимиятдадир.
Афсуски, бугун кўплаб тўйларда юзлаб меҳмонлар, қиммат ресторанлар, нафсга мос кийимлар, ҳашаматли кортежлар одатга айланиб бормоқда. Бу нафақат иқтисодий, балки маънавий йўқотиш ҳамдир.
Шу ҳақда “Юксалиш” ҳаракати 2025 йил 19 июн – 3 июль кунлари “Ўзбекистонда тўйлар” мавзусида ўтказган сўровнома ҳам яққол тасдиқ беради. Сўровнома онлайн тарзда мамлакатнинг турли ҳудудларида ўтказилган бўлиб, ижтимоий сўровда қатнашганларнинг 71,13 фоизи турмуш қурганлар экани маълум бўлди.
Таҳлилларга кўра, кўпчилик оилаларда даромад даражаси билан тўй харажатлари ўртасида катта тафовут мавжуд. Ижтимоий сўровда қатнашувчиларнинг 65,2 фоизи тўйга 50 миллиондан 100 миллион сўмгача ёки ундан ортиқ маблағ сарфлаганини билдирган. Бу эса кўплаб оилаларнинг бир йиллик даромадига тенг ёки ундан ҳам юқори кўрсаткичдир.
Бу ҳолат шундан далолат берадики, урф-одат ниқоби остидаги исроф нафақат иқтисодий, балки маънавий иллатга айланмоқда. Аллоҳ берган неъматни қадрлаган инсон исроф қилмайди; исроф қилган киши эса неъматнинг ҳаққини бермай, шайтон йўлига кириб қолади.
Шундай экан, тўйда исроф қилиш – риё ва кибрнинг кўриниши. “Одамлар нима деркин?” деган ният билан қилинган ҳар қандай ишда Аллоҳнинг розилиги бўлмайди.
Шариатда никоҳ маросими учун ортиқча сарф талаб қилинмаган. Суннатга мос тўй – оддий, ҳалол ва самимиятга тўла бўлиши лозим. Шу боис, ота-оналар фарзандларига дабдаба эмас, муҳаббат, барака ва тотувликка асосланган ҳаёт тилашлари керак.
Чунки ҳақиқий тўй – элнинг дуоси, оилаларнинг бирлиги ва муҳаббатнинг ибтидосидир. Тўй – Аллоҳнинг неъмати. Уни шукр билан, ортиқча дабдабасиз ва суннатга мувофиқ ўтказиш – ҳар бир мусулмоннинг бурчи.
Зеро, соддаликда барака, исрофда эса ҳалокат бор. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда тўй харажатларининг ортиб боришига қарши маърифат, жамоатчилик назорати ва соғлом анъаналарни рағбатлантирувчи тизимли чоралар зарур. Жамият ўзгаришларга тайёр, энди эса амалий қадамлар вақти келди.
Анвар АГЗАМОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шайх Миёнжи Нур Муҳаммад Жанжонвий раҳимаҳуллоҳ зокир (Аллоҳни кўп зикр қилувчи) сифатида танилган буюк олимлардан эди. Ҳар сафар бозорга борганида харидларга тўлов қилиш учун ҳамёнини сотувчига берар, у керакли пулни санаб оларди. Шайх Миёнжи шу қадар зикр қилишга берилганидан ҳатто пулни санашга ортиқча вақтни ўтказишни истамасди.
Кунларнинг бирида ўғри унинг ҳамёнини ўғирлаб кетди. Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ ўғрини тутиш у ёқда турсин, ҳатто ортига ҳам қарамади. Зикрнинг савобини ўғрини қувиб вақтини кетказишга, бу дунёнинг арзимас матоҳига алмаштиришни истамади.
Шайх Миёнжи: “Аллоҳим, мен ўғрини кечирдим ва олган нарсасини ҳадя қилдим” деб дуо қилди ва бўлган воқеани унутиб, яна зикрга берилди.
Ўғри қочиб кетди, Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ уни кечирди, аслида воқеа шу ерда тугаши керак эди. Лекин Аллоҳ таоло ўғрига сабоқ беришни ирода қилди.
Ўғри уйига қайтиш йўлини жуда яхши билса ҳам, Аллоҳ уни адаштириб қўйди. У маҳаллани айланаверар, лекин йўлни топа олмасди. Охир-оқибат, унинг бу ҳолатига қилган ўғрилиги сабаб бўлганини тушунди.
Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳнинг уйини топиб борди. Шайх Миёнжи уни танимади. Ўғри кимлигини ошкор қилиб, бундай деди: “Мен сизнинг ҳамёнингизни ўғирладим. Хато иш қилдим, мени кечиринг, мана ҳамёнингиз”.
Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ: “Бу пуллар сенга, улар энди меники эмас. Мен уларни қайтариб ололмайман”, деб жавоб берди.
Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ Аллоҳни зикр қилишни афзал билгани учун одамлар билан кераксиз суҳбатларга қизиқмасди. Унинг учун бу воқеа аллақачон унутилган эди. Аммо ўғри кетишдан бош тортди ва пулни олишни қайта-қайта илтимос қилиб: “Аллоҳ розилиги учун уларни мендан қайтариб олинг!” деди.
Шайх Миёнжи ўғридан нега ўзи ўғирлаган пулни энди қайтариб беришни хоҳлаётганини сўради.
Ўғри: “Уйимга кетмоқчи эдим, лекин йўлни топа олмаяпман. Бир неча соатдан бери шу кўчаларда айланиб юрибман”, деб жавоб берди.
Шайх Миёнжи: “Аллоҳ сени тўғри йўлга ҳидоят қилишини ва ўз йўлингни топишингда ёрдам беришини сўрайман”, дедилар. У зот унинг ҳаққига дуо қилдилар ва ўғри эсон-омон уйига қайтишга муваффақ бўлди.
Даврон НУРМУҲАММАД