Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб дедилар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир, уни тарк қилиш ношукрликдир. Жамоат раҳматдир, тарқоқлик азобдир” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).
“Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди”. Шунинг учун седанадек арзимаган нарса берган кишига ҳам раҳмат айтиш лозим.
“Ким одамларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”. Яъни одамларнинг яхшилиги, эҳсонига раҳмат айтиш, миннатдорлик билдириш кимнинг табиати ва одатида бўлмаса, Аллоҳнинг неъматларига ҳам шукр қилмайди.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Уни улуғлаш, Унинг беҳисоб неъматлари эътирофи, шукронасидир.
“Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир...”. Яъни Аллоҳнинг неъматларини билдириш уларга шукр қилишдандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят).
Шукр уч хил бўлади:
◥ тил шукри – неъматни гапириш билан;
◥ аъзолар шукри – хизмат қилиш, ибодат қилиш билан;
◥ қалб шукри – барча неъматлар Аллоҳ таолодан эканини эътироф қилиш билан.
“...уни тарк қилиш ношукрликдир”. Яъни неъматларни гапирмаслик, бекитиш ношукрликдир. Ориф зотлардан бири дейди: «Неъматларни сўзлаш уларни берувчи Аллоҳни эслаш, бошқаларга эслатишдир. Бу эса, қалбларда У Зотга муҳаббат пайдо қилади. Акс ҳолда, бекитиш афзалдир.
“Жамоат раҳматдир, тарқоқлик азобдир”. Яъни мусулмонларнинг жам бўлиши, бирдам, якдил бўлиши Аллоҳ таолодан раҳматдир, савоб ва яхшиликларнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Абу Нуъайм раҳимаҳуллоҳ “Ҳилятул авлиё” китобида Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳдан нақл қилади: “Пайғамбарлардан бири Аллоҳ таолодан Балъам ибн Боуронинг унга берилган мўъжиза ва кароматлардан маҳрум бўлиши сабабини сўради. Шунда Аллоҳ таоло деди: “У бир куни Мен берган неъматга шукр қилмади. Агар у бир мартагина шукр қилганида эди, ундан неъматимни олиб қўймас эдим”.
Бизга берилган неъматлар шу қадар кўп ва турли-тумандир. Лекин кўпчилигимиз неъматларга кўмилиб яшасак-да, ҳолимиздан нолиймиз. Ҳолбуки, улар ҳақида озгина фикр юритиб, уларни берган Зотга: “Буларнинг барчаси Сенинг улуғ фазлингдан, берган неъматларингга розимиз”, деб иқрор бўлишимиз лозим.
Мансур ЎРАЛОВ,
Сирғали туманидаги “Нўғай қурғон”
жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота жаннатнинг ўрта эшигидир. Хоҳла, бу эшикни сақла, хоҳла зое қил”, деган эканлар. Шуни изоҳлаб берсангиз. Ўрта эшик деганда нима тушунилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай ҳадис бор, уни имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ота жаннат эшикларининг ўртасидир. Хоҳласанг, ўша эшикни муҳофаза қил ёки зое қил”, деганларини эшитганман”.
Муҳаддис уламолар мазкур ҳадисни шарҳлаб, мазмунини тушунтириб берганлар. “Ўрта” деб таржима қилинган сўз ҳадисда “авсат” деб келган. Авсат сўзининг бир эмас, бир неча маънолари бор. Ўрта деган маънодан ташқари энг яхши, энг тўғри, мўътадил деган маъноларда ҳам келади.
Бошқа уламолар бундай дейишган: “Албатта, жаннатнинг бир неча эшиклари бор ва уларнинг ичида кириш учун энг гўзали ўртадагисидир. Ўша ўрта эшикдан киришга сабаб бўладиган амал эса ота-онанинг ҳақларини адо этишдир”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази