Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.
Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?
Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.
Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.
Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.
Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.
Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.
Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.
Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ
Шу кунларда Уммон Султонлигининг Масқат шаҳридаги "Hilton Muscat Al Bandar" мажмуасида "Масқат ҳаракатлар режаси глобал форуми" (Muscat Plan Global Forum) бўлиб ўтмоқда. Жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунларига мўлжалланган ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам иштирок этмоқда.
Мазкур халқаро форум Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Геноциднинг олдини олиш ва ҳимоя қилиш масъулияти бўйича бошқармаси (UNOSAPG), Уммон Султонлиги Вақф ва диний ишлар ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, "Дин ва анъанавий тинчликпарварлар тармоғи" (The Network for Religious and Traditional Peacemakers) ҳамкорлигида ташкил этилган.
Тадбирнинг асосий мақсади камситиш ва зўравонликнинг олдини олиш, шунингдек, ўзаро мулоқот, бағрикенглик ва тинч-тотувликни кенг тарғиб қилишда амалий ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат.
Эътиборлиси, форумнинг асосий тадбирлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро бағрикенглик кунига (16 ноябрь) тўғри келган бўлиб, бу ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшаш қадриятларини мустаҳкамлаш учун муҳим платформа вазифасини ўтайди.
Халқаро тадбирда дунёнинг турли давлатларидан келган таниқли уламолар, диний ва анъанавий етакчилар, ҳукумат вакиллари, БМТ ва бошқа йирик халқаро ташкилотлар мутасаддилари жам бўлган. Форум дастури доирасида муҳим сессиялар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик механизмлари, нафратли нутқларга қарши курашиш ҳамда бағрикенгликни илгари суришда диний етакчилар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни каби мавзуларда юқори даражадаги муҳокамалар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон вакилларининг бундай нуфузли халқаро анжуманлардаги иштироки юртимизда олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, динлараро бағрикенглик ва тинчликсеварлик тамойилларини жаҳон ҳамжамиятига етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати