Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида жамият ҳаётининг энг дақиқ нуқталаригача қамраб олинган Ана шундай ҳадислардан бирида инсон табиатидаги иллатлардан бўлган бахиллик ва бадхулқликдир. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дейилган ҳадисни Имом Термизий “Сунан”ида келтирган. Бу бежиз эмас, албатта.
Ҳақиқатан, бу икки иллат мўминнинг табиатига ёт. Зеро, Қуръони карим оятларида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида ҳам мўминларнинг ғоят сахийлиги ҳамда хушхулқлиги қайта-қайта таъкидланган. Мутафаккир бобомиз Низомиддин Мир Алишер “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) асарида мазкур ҳадисни шарҳлаган:
Мўъмин эрсанг, қилиб дуррингни нисор,
Эл била равшан ўл нечукким шамъ.
Негаким, Тенгри ҳеч мўъминда,
Бухлу бадхўйлуқни қилмади жамъ.
Навоий ҳазратлари биринчи мисрада мўминга хос фазилат ҳақида сўз юритар экан, сахийликни дур сочиш деб атаган. Шоир сахийлик ва яхшиликка шамни мисол келтириб, “Сен ҳам шамдек элга равшанлик тарат”, деган. Кейинги мисраларда эса Тангри ҳеч бир мўминда бахиллик ва ёмон хулқликни жамламади, дея юқоридаги ҳадис мазмунини келтирган. Демак, Алишер Навоий мазкур ҳадисни “Арбаин”га киритиш жараёнида Имом Термизийнинг “Сунан”идан фойдаланган ва ундаги ҳадисни бадиийлаштириб, мумтоз адабиётимиздаги гўзал қитъалардан бирини яратишга муваффақ бўлган.
“Сунани Термизий”га киритилган ҳадислардан яна бири шукр мавзусига бағишланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини ҳамиша шукрга чорлаганлар ва унинг қандай амалга ошиши ҳақида ҳам чиройли ўгитлар берганлар. Шундай ўгитларидан бирида шукр, энг аввало, инсоннинг инсонга бўлган муносабатида вужудга келишини таъкидлаб, “Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмабди”, деганлар.
Дарҳақиқат, банданинг бир-бирига нисбатан шукр мақомида бўлиши, унинг Яратувчига нисбатан шукрини англатади. Масалан, бир ёстиққа бош қўйган эр ва хотиннинг бир-бирига шукри ўзига шундай жуфтни ато этган Аллоҳга бўлган шукрини англатади ва бундай оилада файзу барака, тинчлик-осойишталик қарор топади. Шунингдек, қўни-қўшнилар, раҳбар ва ходимлар, турли миллат вакиллари, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро шукр ҳам аҳилликни, тинч-тотув яшашни, бирдамликни, тўкин-сочинлик ва фаровонликни, бағрикенгликни, тараққиётни вужудга келтиради.
Зеро, юртбошимиз Шавкат Мирзиёев “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида таъкидлаганидек: “...ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш”га қаратилган мазмун мужассам. Шунинг учун табиатан шокирлардан бўлган Алишер Навоий ҳазратлари бу ҳадисга ҳам эътибор қаратган ва уни ҳам шеърий йўлда жуда чиройли талқин этишга муваффақ бўлган:
Улки холиқға шукр дер, аввал
Шокир ўлмоқ керак халойиқдин.
Кимки, махлуқ шукрини демагай,
Демагай дағи шукр холиқдин.
Шоир таъкидлашича, Холиққа (Аллоҳга) шукр қилувчи, аввало халойиққа шукр қилмоғи керак. Зеро, махлуқ (яратилганлар)нинг шукрини қилмаганлар, Холиқнинг шукрини ҳам қилмайдилар.
Биз мазкур мақолада улуғ аллома Имом Термизий тафаккури уммонидан арзимас бир қатра ҳақида сўз юритдик ва баҳонада яна бир улуғ аждодимиз Алишер Навоий тафаккури хазинасига ҳам бирров кўз ташлаб ўтдик, аммо бу қатра ва бу инжулардан олам-олам маъно уқдикки, уларнинг ҳаммаси бутун оламларга раҳмат бўлиб келган улуғ Зот – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси мубораклари шарофатидандир. Биз ёшларимиз онгига мазкур ҳадислар мазмунини, ҳақиқий мўминлик сифатларини қанча чуқур сингдирсак, уларнинг тафаккури шунчалар теранлашади, дунёқараши кенгаяди, Ватанга, элу юртга, қолаверса, бутун инсониятга бўлган меҳру муҳаббати ортади. Бунда, албатта, Имом Термизийдек улуғ алломаларимизнинг бебаҳо дурдоналари биз учун жуда катта аҳамият касб этади.
Алишер НАИМОВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари,
Қувасой шаҳар бош имом-хатиби
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан