Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир кун аввал ухлашга кеч ётганим учунми, саҳарда вақтли уйғонишим қийин бўлди. Масжидда жамоат билан бомдод намозини адо этганимдан сўнг, уйга қайтдим. Бироз мизғиб олай деб, бошимни ёстиққа қўйганимни биламан, кимдир дарвозамизни қаттиқ тақиллатиб қолди. Тезда бориб, эшикни очдим. Қарасам: қўшнимиз. Кўзлари бежо. Сочлари ҳурпайиб кетган. Қўл-оёқлари қалтираётгани билиниб турибди.
– Қўшни, – деди у титраган овозда. – Шаҳарни душманлар эгаллабди. Ҳаммаси қуролланган эмиш. Нариги маҳалладаги хонадонларнинг ҳар бирига кириб, эркакларни бир машинага, кексалар, аёл ва болаларни автобусга босиб олиб кетишаётганмиш. Қаршилик қилганларни жойида отиб ташлашаётганмиш...
– Субҳаналлоҳ. Нималар деяпсиз? Қанақа душманлар? Ким айтди бу гапларни сизга?
– Ҳозир укам телефон қилди. Мактабларга, шифохоналарга ҳам ҳужум қилишибди. Шаҳар марказида ҳарбийлар билан душманлар ўртасида отишмалар бўлаётганмиш...
Шундай дея қўшнимиз нари кетиб, уйдагиларига «Бўлақолинглар, машинага ўтиринглар, шаҳардан тезроқ чиқиб кетиш керак», деб бақира кетди.
Нималар бўлаётганини тушунмай гаранг бўлиб турганимда, қўшним машинасини юргизиб, икки-уч марта сигнал берди.
Шу пайт уйғониб кетдим... Хайрият, туш кўраётган эканман. Астағфируллоҳ. Бунақа ҳолатлардан ўзинг асрагин, эй Аллоҳим. Туриб, таҳорат қилдим. Икки ракъат намоз ўқиб, Яратганга ҳамду санолар, шукроналар айтган ҳолда У Зотдан юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо сақлашини сўраб дуо қилдим. Тўғри, бу бир туш, лекин худди шу ҳолат ҳозир дунёнинг қайсидир бурчагида ҳақиқатда содир бўлмаяптими?! Тан олиш лозим: кўпчилигимиз бугун мамлакатимизда ҳукм суриб турган хотиржамликнинг қадрига етмаяпмиз.
Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган неъматларнинг сон-саноғи йўқ. Шундай неъматлардан бири хотиржамликдир. Хотиржамлик – ўзбек тилининг изоҳли луғатида «руҳан тинч бўлиш», «бамайлихотирлик», «осойишталик» маъноларини билдириши айтилган. Истилоҳда инсон учун унга бирон кимса ёки бирор нарса ҳалақит қилмайдиган қилиб берилган тинч шароитга хотиржамлик дейилади. Хотиржамликнинг акси – безовталик, кўнгли ғашлик, бетоқатлик, ташвишланиш. Зеро, одатдаги ороми, тинчи бузилган ҳар қандай киши ҳаяжон ва изтиробга туша бошлайди, ҳаловати бузилади.
Ҳадисда: «Мунофиқнинг аломати учта: гапирса, ёлғон гапиради, ваъдасига вафо қилмайди, агар унга омонат топширилса, хиёнат қилади», дейилган (Бухорий ва Муслим ривояти).
Афсуски, кўпчилигимиз, билиб-билмай баъзида бизга берилган бу омонатга хиёнат қилиб қўймоқдамиз. Аллоҳ томонидан бизга берилган тинчлик, хотиржамлик неъматининг қадрига етмаяпмиз. Ер юзининг баъзи нуқталарида рўй бераётган машъум воқеалардан тўғри хулоса чиқармаяпмиз...
Дарҳақиқат, бугун жаҳоннинг айрим давлатларидаги аҳвол ачинарли кўриниш олмоқда. Одамлар кўчага чиқишдан қўрқади. Болалар таҳликали ҳолатда яшамоқда. Отилган ўқлар, портлашлар шовқинидан чўчиб уйғонмоқда. Таълим олиш, ҳордиқ чиқариш, тўйиб еб-ичиш – улар учун орзу.
Алҳамдулиллаҳ, юртимизда тинчлик ҳукмрон. Кўчада хотиржам юришимиз, ишлаб, ҳалол ризқ топишимиз, фарзандларимизни қўрқмай, бемалол мактабга, боғчага жўнатишимиз – катта неъмат.
Болалигимизда нуроний отахонларимиз, ёши улуғ онахонларимиз «Тинчлик-хотиржамлик бўлсин, юртимизни ёмон кўздан асрасин, барчамизни саломат қилcин, хонадонларимиздан осойишталик аримасин, илоҳим» деб дуо қилсалар, ушбу сўзлар маъносини яхши англамас эдик. Кейинчалик бу каломлар нақадар қимматли эканини тушуниб етдик.
Уруш бу – ваҳшийлик, босқинчилик, вайронагарчилик, қон тўкилиши. Уруш бу – очлик, жудолик, таназзул, инқироз. Унинг оқибатларини айтиб адо этиб бўлмайди. Шундай экан, осмонимизни мусаффо қилиб турган Аллоҳ таолога шукр қилайлик. Қуръони Каримда марҳамат қилинади:
«Сизларга ер юзида қудрат ва имкониятлар бердик ва унда сизлар учун яшаш воситалари қилдик. Қанчалар оз шукр қиласизлар-а?!» (Аъроф сураси, 10-оят).
Ғоят қисқа иборалардан ташкил топган ушбу ояти карима чексиз ҳақиқатни, воқеликни мужассам қилгандир. Ер юзида инсонга яшаш муҳитини яратиб бериш осон иш эмас. Бу имконни яратиш учун қанчадан-қанча бир-бирига боғлиқ ишлар амалга оширилган. Аввало, олам инсон ҳаётига мосланган, кейин инсон бу дунёда яшашга мослаштирилган. Бу икки тарафлама мослашишнинг вужудга келишига сабабчи ишлар ҳақида олимлар қанчадан-қанча китоблар ёзганлар ва ёзмоқдалар ҳам. Инсон ақлини ишлатиб, дунёда унинг учун яратилган яшаш муҳитларидан ақалли бир ёки иккитасини ўйлаб кўрса, тушуниб етадики, Аллоҳга ҳар қанча шукр қилса ҳам оз экан.
Ўтган асрнинг 70-йилларида Швейцария статистика маркази эълон қилган маълумотларга кўра, инсониятнинг 5000 йиллик тарихи давомида Ер куррасида атиги 292 йил урушсиз ўтган экан. 15 500 дан ортиқ уруш, жангу жадалларда 3 миллиард 640 миллион киши ҳаётдан кўз юмган (Лихтенштейн Е., «Фан ҳақида сўз» (Слово о науке), М.: «Знание», 1976 й., 117-бет).
Шу ўринда бу урушларнинг аксарияти турли хилдаги фитнаю фасодлар, иғвою гижгижлашлар (провокациялар) оқибатида юзага келишини айтиб ўтиш лозим. Шундай экан, ҳар биримиз ўзимизни, фарзандларимизни, яқинларимизни – фитна уруғини сочувчиларнинг, йўқ жойдан жанжал-низо кўтарувчиларнинг домига тушиб қолишдан, уларнинг ҳийла-найрангларига учишдан сақлашимиз даркор.
Аллоҳ барчамизни уруш, туҳмат, офат каби бало-қазолардан сақласин. Дориломон кунларимиз бардавом бўлсин!
Шуҳрат Хўжаев
Фазилатли шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
"Ҳиндистонлик уламо Шайх Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ ҳақида эшитгансизлар. Шайх Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ ҳинд уламолари орасида ниҳоятда машҳур олим бўлган. У зот роҳимаҳуллоҳ қирқ ёшга етмасдан, яъни ўттиз тўққиз ярим ёшда вафот этган, қирққа кириб улгурмаган. Шунга қарамай, у жуда улкан илмий мерос қолдирган: унинг ёзган асарлари 115 дан ортиқ! Уларнинг ичида кичик рисолалар ҳам, катта китоблар ҳам бор. Аммо ўша кичик рисолаларнинг ўзи ҳам катта бир китобнинг ўрнини боса оладиган даражада эди, чунки уларнинг ҳар бирида маълум бир илмий масала ниҳоятда пухта ва мукаммал тарзда ёритиб берилган.
Бунинг сабаби қуйидагича: Бир куни ўша пайтдаги Лакнав амири шайхнинг илм билан машғул бўлиб, унга чуқур шўнғиб кетгани ва ақлбовар қилмас истеъдоди ҳақида хабар топади ва уни ўз ҳузурига чақиртиради. Шайх амирнинг олдига боргач, амир у зотга шундай дейди…
Унинг шайхга нима деганини айтишдан аввал ушбу воқеани ҳикоя қилиб берган ҳинд уламоси менга айтган яна бир гапни зикр қилиб ўтай: "Биз олти кишидан иборат оила эдик: ота-онам ва тўрт нафар фарзанд - жами олти киши. Ойига тўрт рупий бизга кифоя қилар эди". Мазкур уламо Шайх Абдулҳай Лакнавий вафотидан ўттиз йил ўтиб туғилган. Яъни, ўша даврда тўрт рупий ҳозиргидан анча катта харид қувватига эга бўлиб, авваллари бу пулга бугунги кундан кўра кўпроқ нарса сотиб олиш мумкин эди. Шунга қарамай, бу киши: "Бизнинг оиламизга ойига тўрт рупий етарди", деяпти...
Энди аввалги гапимизга қайтсак: Шундай қилиб Лакнав амири Шайх Абдулҳайни ҳузурига чақиртириб, у зотга: "Мен сизга ўз ҳисобимдан ойига тўрт юз рупий маош тайинлайман. Сиз илм билан машғул бўлиб, ўзингизни илмга бағишланг!" дейди.
Шайх бу воқеадан кейин илмга буткул берилди ва ана шундай буюк натижага эришди! Эй ёшлар, эътибор беринг, айтилган рақамларни мулоҳаза қилинг! Тўрт юз рупий шайх учун нақадар катта маблағ бўлган. Нега? Айни мана шу нарса учун - мен сизларга айтмоқчи бўлган нарса шу: Толиби илмни ўз кафиллигига олиш, яъни илм талаб қилувчини моддий жиҳатдан таъминлаш!
Бу унинг илмга бўлган таъсиридир. Тарих бизга буни реал воқелик мисолида кўрсатиб бермоқда. Шу боис ушбу ишни барча мусулмонлар орасида, жумладан, бой-зодагонлар ва уламолар ўртасида яна қайта тирилтиришимиз керакки, улар ўзаро ҳамкорлик асосида шаръий илмлар учун вақф қўллаб-қувватловини қайта тикласинлар".
Муҳаддис Муҳаммад Аввома суҳбатларидан
ҲИМ талабаси
Назирхонов Ҳасанхўжа таржимаси