Жорий йилнинг 2 июнь куни ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, отинойилар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида фаолият юритаётган бош отинойилар ва тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Матлуба Қаҳҳарова, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Ирода Аҳмедова, Ўзбекистон мусулмонлар идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Дилфуза Эгамова иштирок этишди.
Йиғилишда “Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси”нинг мазмун-моҳияти, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, “Виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш тўгрисида”ги фармон мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Отинойилар фаолияти бўйича янги ишлаб чиқилган қўлланма ўқиб эшиттирилиб, ҳар бир бандига изоҳ бериб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати