Чортоқ туман Алиҳон масжид имом ноиби Аброрҳўжа Рашидов
11 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритиб келаётган Наманган вилояти вакиллиги жамоасига замонавий «Leapmotor» русумли хизмат автомобили тантанали равишда топширилди.
Маросимда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани изчил ривожлантириш, миллий-диний қадриятларимизни равнақ топтириш ҳамда диний соҳа ходимлари самарали фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётганини эътироф этдилар.
Ана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳудудий вакилликларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолият шароитларини янада яхшилаш ҳамда ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Наманган вакиллиги учун янги, барча қулайликларга эга бинолар ажратилиб, зарур маблағлар йўналтирилгани бунга ёрқин мисолдир. Мазкур эзгу саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида вилоят вакиллигига янги хизмат автомобили ҳам тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Наманган вилояти вакиллиги янги биносининг очилиш маросимида ҳудуддаги диний-маърифий фаолиятни янада жонлантириш ва хизмат кўламини кенгайтириш мақсадида янги хизмат автомобили ажратилишини маълум қилган эдилар.
Топшириш жараёнида сенатор, “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, Диний идоранинг Молиявий таҳлил ва назорат бўлими бошлиғи Исломиддин домла Зуҳриддинов, Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Саматов, фахрийлар, нуронийлар ва диний соҳа ходимлари иштирок этди.
Бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик соҳа ходимларининг масъулиятини янада ошириш, ҳудудий вакиллик фаолиятини замон талаблари асосида самарали ташкил этиш ҳамда жойлардаги диний-маърифий тарғибот ишлари сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Аллоҳ таоло ушбу хайрли ва савобли ишларга ҳисса қўшган барча мутасаддилардан рози бўлсин, ушбу эзгу ташаббусларни хайрли ва давомли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати