Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари кенг ёйилишида беқиёс хизмат қилишган. Бу бежизмас. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра қандай эшитган бўлса, ана шундай етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин” (Имом Термизий ривояти).
Таҳоратдан сўнг дуо қилишнинг фазилатига тўхталсак. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким яхшилаб таҳорат олса, сўнгра: “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийкалаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу”, деса, унинг учун жаннатнинг саккизта эшиги очилади ва хоҳлаганидан киради», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Имом Термизий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким яхшилаб таҳорат олса, сўнгра: “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийкалаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Аллоҳуммажъалний минат-таввабийн важъалний минал мутатоҳҳирийн” деса, унинг учун жаннатнинг саккизта эшиги очилади ва хоҳлаганидан киради», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ ҳар бир мўмин таҳоратдан сўнг юқоридаги муборак калималарни айтишга одатланиши мақсадга мувофиқдир. Эътибор қаратадиган бўлсак, таҳорат жуда осон, савоблари улкан, гуноҳларни кетказувчи, Аллоҳга яқинлаштирувчи ҳамда жаннатга етакловчи амалдир. Аммо эътиборсизлик, дангасалик ва бепарволик сабаб бунга амал қилмаймиз.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўрганиб, унга амал қилиб яшашни насиб айласин!
Обиджон ИСМОИЛОВ,
Сариосиё тумани
“Имом Низомиддин Сангардакий”
жоме масжиди имом-хатиби
Бугун, 20 ноябрь куни Термиз шаҳрида ўтказилган «Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари буюк мутафаккир мажмуасида бўлдилар.
Хорижий давлатлардан ташриф буюрган муфтийлар, таниқли уламо ва исломшунос олимлар ҳамда маҳаллий соҳа вакиллари муқаддас қадамжода Қуръони карим тиловат қилиб, улуғ муҳаддис ва мутасаввиф ҳақларига дуои фотиҳа ўқидилар. Бутун дунёда тинчлик-осойишталик барқарор бўлиши, юртимиз янада ободлашиб, аждодларга муносиб авлодлар етишиб чиқишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Меҳмонлар маҳобатли мақбара, серфайз ҳовли ҳамда мажмуада амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Улар Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ва алломалар меросига кўрсатилаётган юксак эҳтиромга юқори баҳо бердилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати