Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Бир ҳадис ўқиб қолдим. Унда Бақара сурасини “ушлаш” барака деган жумла бор экан. “Ушлаш” сўзини қандай тушунамиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бақара сурасининг фазилати ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар келган. Шулардан бирини имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. У ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ушлаш барака, тарк этиш эса ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўла олмаслар”, деганлар.
Мазкур ҳадисни шарҳлаган Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ ҳадисда келган “ушлаш” сўзидан мурод мазкур суранинг тиловатида бардавом бўлиш, маъноларини тадаббур (тафаккур) қилиш ва унда келган ҳукмларга амал қилишдир, ана шунда хайру барака, улкан фойдалар бўлади, деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан Бақара сураси фазилати улуғ сура экани, уни ўқиб-амал қилиш улкан барака экани, уни тиловат қилиб юрганларга сеҳр-жоду таъсир қилмаслиги аён бўлмоқда. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
حدثنا عيسى بن أحمد العسقلاني وأبو عبيدة السري بن يحيى بن السري قال: نا يعلى بن عبيد نا الأعمش عن عمارة عن عبد الرحمن بن يزيد قال: قال عبد الله: كنا مع رسول الله صلى الله عليه وسلم شبابا ليس لنا شيء قال :”يا معشر الشباب من استطاع منكم الباءة فليتزوج فإنه أغض للبصر وأحصن للفرج ومن لم يستطع فعليه بالصوم فإن الصوم له وجاء.“
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам билан бирга эдик. Ҳеч нарсамиз йўқ йигитлик чоғимиз эди. У зот алайҳиссалом: “Эй ёшлар! Сизлардан ким оила қуришга қодир бўлса, уйлансин. Зеро, бу кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқдир. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин, мана шу унинг учун бичилишдир”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси