Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Баъзи чет мамлакатларда хуфтон намозидан кейин ўтирган ҳолда “қабр нури намози”ни ўқишар ва бошқаларни ҳам тарғиб қилишар экан. Шу намоз аслида шариатда борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда “Қабр нури намози” деб аталадиган махсус намоз йўқ. Умуман олганда, туннинг энг охирги намози витр бўлиши мустаҳабдир. Аммо витрдан кейин ҳам нафл ўқиш жоиз. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзан витрдан кейин намоз ўқиганлари маълум. Улар эҳтимол У зотнинг ана шу амаллари туфайли шундай дейишаётган бўлсалар керак. Оиша, Умму Салама ва Абу Умома розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг витрдан кейин ўтирган ҳолда икки ракат намоз ўқиганларини ривоят қилишган.
Уламолар ўша ҳадисни Сарвари олам алайҳиссалом витрдан кейин ҳам нафл ўқиш мумкин эканини билдириш учун ўқиганлар, дейишган. Яна бир гуруҳ уламолар У зот алайҳиссалом таҳажжудни жуда ҳам узоқ ўқиганларидан оёқлари шишиб кетар эди, шу боис витрдан кейин дам олиш учун ўтириб икки ракат нафл ўқир эдилар, деб изоҳлашган. Уни "қабр нури намози" деб номлаб, доимий суннат сифатида тарғиб қилиш нотўғридир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
#Мир_Араб_олий_мадрасаси
#Тасаввуф #Маърифат #Илм
Мир Араб олий мадрасасида талабаларга тасаввуф илми, унинг маънавий-ахлоқий асослари ва бой илмий меросини чуқурроқ ўрганишга хизмат қилувчи махсус «Тасаввуф» хонаси ташкил этилди.
Хона тасаввуф таълимотига оид кўргазмали маълумотлар, илмий адабиётлар ҳамда тарихий-маърифий материаллар билан жиҳозланган.
Хусусан, унда Хожагон–Нақшбандийлик тариқатининг олтин силсиласи шажараси, Бухорои Шарифнинг етти пири, тасаввуфга оид муҳим тушунчалар, таърифлар ва машҳур асарлар ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Бу хона талабалар учун оддий дарсхона эмас, балки аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган тасаввуфий тафаккур, одоб-ахлоқ, қалб тарбияси ва маънавий камолотга оид билимларни ўрганишга мўлжалланган маърифий муҳитдир.
Мир Араб олий мадрасасида бундай ихтисослаштирилган хоналарнинг ташкил этилиши назарий билимларни кўргазмали манбалар билан уйғунлаштириш, талабаларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш ва бой маънавий меросимизни чуқур ўрганишга хизмат қилади.
Mirarab.uz