Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Биламизки, Юсуф алайҳиссаломга ярим чирой берилган. Тўлиқ чирой Одам алайҳиссаломга берилган. У зотни Aллоҳ мукаммал қилиб яратган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар ва инсонларнинг ҳар тарафлама энг яхшиси бўлган. Саволим шуки, энг чиройли пайғамбар Одам алайҳиссаломми ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Энг гўзал инсон бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар. У зот алайҳиссалом Юсуф алайҳиссалом борасида: “Юсуфга ярим гўзаллик берилган”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Айрим уламолар ушбу ҳадисдаги “ярим гўзаллик”дан мурод “Юсуф алайҳиссаломга Пайғамбаримизга берилгандан бошқа гўзалликнинг ярми” эканини таъкидлашган.
Бошқа уламолар эса: “Одам алайҳиссалом ҳусниларининг ярми назарда тутилган”, дейишади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Аллоҳ юборган ҳар бир пайғамбар гўзал юзли ва чиройли овозли бўлган. Соҳибингиз (яъни Пайғамбаримиз алайҳиссалом) уларнинг ҳаммасидан чиройли юз ва чиройли овозлидирлар” (Имом Термизий ривояти).
Бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг гўзал юзли ва овозли эканликларини англамоқ лозим. Валлоҳу аълам.
“Фатволар тўплами”дан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Убудийя (бандалик) дегани қуллик ва асирликни билдиради. Инсон кўнглини нимаики забт этиб, ғолиб келган бўлса, банда ўшанинг қулига айланади. Агар инсон ўз нафсининг асири бўлса, нафсига қул бўлади, агар дунёнинг асири бўлса, демак, дунёнинг қули бўлади.
Инсоф билан қаралганда, кўнглини тамомила дунё муҳаббати ва ташвишлари ишғол этган муриднинг ибодати тананинг озори ва чарчоғидан ўзга нарса эмас. Бундай ибодат, гарчи у кўп бўлса-да, Аллоҳнинг олдида қиммати йўқ, жонсиз жасадга ўхшайди. Кўриб турубмизки, бугунги давримизда баъзи инсонлар дунё ортидан кун бўйи елиб-югуриб, тунлари эса кўп ибодат қилишга интиладилар. Аммо бу хилдаги ибодатлар кўп бўлишига қарамасдан, дунё муҳаббати билан йўғрилгани сабаб, эгасини Ҳаққа яқинлаштиролмайди. Бас, шундай бўлгач, энди фақат дунё деб елиб-югуриб, гуноҳ ишлардан ҳам тийила олмаётганларнинг онда-сонда қилган ибодатлари уларни Ҳаққа элтармикан?!
Якка Худога сиғинувчи мўминлар ёлғиз Аллоҳга ҳамда Унинг амрларини тўла-тўкис қабул этувчи ва амалга оширувчи кимсаларгагина итоат этадилар, холос. Банданинг ҳақиқий қадру қиммати кимга ёки нимага сиғиниши ва эргашиши билан белгиланади. Билувчининг қадри унинг айнан нимани ўрганиши ва ўзлаштиришига боғлиқдир.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.