Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан ташкил этилаётган доимий қабуллар аҳолининг диний-маърифий ва ижтимоий масалаларини ҳал этишда муҳим кўприк бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун, 11 февраль куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида масжидлар ободлиги, оилавий муносабатлар ва ижтимоий кўмак сўровлари атрофлича кўриб чиқилди.
Қабулда фуқароларга шаръий масалалар бўйича зарур тавсиялар берилиб, моддий ёрдамга муҳтож кишиларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби фуқаролар қабуллари юртимизнинг барча ҳудудларида — ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Муборак Рамазон ойи арафасида Урганч тумани аҳли учун чинакам маънавий туҳфа тақдим этилди. Замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган “Қамбар бобо” жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Хоразм вилояти бош имоми Хайрулла домла Абдуллаев иштирок этиб, йиғилганларни янги масжид билан қутлади ва масжидларни обод қилишнинг улкан ажру савоблари ҳақида сўзлади.
800 нафар намозхонга мўлжалланган ушбу муҳташам маскан юртимиздаги хайрли бунёдкорлик ишларининг ёрқин намунаси бўлди.
Тадбир якунида нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари томонидан юрт тинчлиги ҳамда ушбу эзгу ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати