Таровеҳ намози қандай амал?
Таровеҳ намози эркак ва аёлларга суннати муаккада – таъкидланган суннат амалдир.
Таровеҳ намози қачондан бошланади?
Таровеҳ намозини ўқиш шаъбон ойининг охирги куни яъни рамазон ойидан бир кун олдин хуфтон намозидан кейин бошланади.
Таровеҳ намози қачон ўқилади?
Таровеҳ намози хуфтон намозининг суннатидан кейин витр намозидан олдин ўқилади.
Таровеҳ намозининг нияти
“Таровеҳ намозини холис Аллоҳ учун имомга иқтидо қилган ҳолда ўқишни ният қилдим”.
Сано дуоси ўқиладими?
Таровеҳ намозининг ҳар икки ракатининг биринчи ракатида имом ва қавм сано дуосини ўқийди (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук).
Таровеҳ намози нечи ракат?
Таровеҳ намози йигирма ракат. Ҳар икки ракатдан кейин салом берилади ва тўрт ракатдан сўнг тасбеҳ айтилади.
Таровеҳ намозининг тасбеҳи
سُبْحانَ ذِي الْمُلْكِ وَالْمَلَكُوتِ سُبْحانَ ذِي الْعزَّةِ وَالعَظَمَةِ وَالْقُدْرَةِ وَالْكِبْرِيَاءِ وَالْجَبَرُوتِ سُبْحانَ الْمَلِكِ الْحَيِّ الَّذِي لَا يَنَامُ وَلَا يَمُوتُ سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَّبُّنا وَرَبُّ الْمَلَائِكَةِ وَالرُّوحِ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ نَسْتَغْفِرُ اللهَ نَسْئَلُكَ الْجَنَّةَ وَنَعُوذُ بِكَ مِنَ النَّارِ.
Ўқилиши: Субҳаана зил-мулки вал-малакуут. Субҳаана зил-ъиззати вал-ъазомати вал-қудроти вал-кибрийаа’и вал-жабаруут. Субҳаанал-маликил ҳаййиллазий лаа йанааму ва лаа йамуут. Суббууҳун қуддусун Роббунаа ва Роббул-малааикати вар-рууҳ. Лаа илааҳа иллаллоҳу настағфируллоҳ. Нас’алукал-жанната ва наъузу бика минан-наар.
Маъноси: Мулк ва малакут Эгасини поклаб ёд этаман! Иззат, буюклик, қудрат, улуғворлик ва ҳукмронлик Эгасини поклаб ёд этаман! Ҳаргиз ухламайдиган ва ўлмайдиган Ҳаййни, Маликни поклаб ёд этаман! У Зот Суббуҳдир, Қуддусдир, фаришталарнинг ва Руҳнинг Роббидир. Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан мағфират сўраймиз. Сендан жаннатни сўраймиз ва дўзахдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз.
Ўтган гуноҳлар кечирилади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Рамазон ойида иймон билан савоб умиди (таровеҳ)да қоим бўлса, аввалги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар киши имом билан то тугатгунча бирга намоз ўқиса, тунни бедор ўтказган деб ҳисобланади”, деганлар (Абу Довуд ва Насоий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва кўтаринки руҳда ўтказишга ҳар йили алоҳида эътибор қаратилаётгани барчамизни беҳад қувонтирмоқда. Бу йилги табрик ва мурожаатларда Рамазон ойининг асл моҳияти – инсон қадрини улуғлаш, меҳр-мурувват ва саховатни кенг ёйиш, жамиятда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш каби эзгу ғоялар устувор экани таъкидланди.
Бугун Рамазон нафақат ибодат ойи, балки жамиятда эзгулик, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари янада мустаҳкамланадиган муҳим маънавий палла сифатида намоён бўлмоқда.
Тажриба ва кузатишлар шуни кўрсатдики, дунё амалиётида Рамазон ойини муносиб ўтказишга доир давлат даражасида алоҳида қарор қабул қилиниши кам учрайди. Юртимизда эса бу масалада тизимли ёндашув йўлга қўйилгани муборак ойнинг моҳиятини чуқур англаб, унинг юксак инсоний қадриятлар асосида ўтказилишидан далолат беради. Айниқса, бу йилги Рамазон муносабати билан илгари сурилган ташаббусларда «Инсон қадри учун!» деган эзгу тамойилнинг амалий ифодаси яққол кўзга ташланмоқда.
«Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остида қабул қилинаётган қарор ва ташаббусларда Рамазон ойини саховат, ҳамжиҳатлик ойига айлантириш, муҳтожлар, беморлар, ногиронлар ва фахрийларга меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу ғоялар мужассам. Бу эса Рамазонни ҳам ибодат, ҳам ижтимоий қўллаб-қувватлаш ойи сифатида тараннум этишга хизмат қилмоқда.
Абдуғофур домла Раззоқов,
Бухоро вилояти Когон тумани “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби