Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Март, 2026   |   19 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:29
Қуёш
06:47
Пешин
12:39
Аср
16:36
Шом
18:25
Хуфтон
19:37
Bismillah
08 Март, 2026, 19 Рамазон, 1447
Мақолалар

Шайх Маҳмуд Халил ал-Ҳусарий Қуръон шахсияти сифатида танланди

06.03.2026   5307   2 min.
Шайх Маҳмуд Халил ал-Ҳусарий Қуръон шахсияти сифатида танланди

“Халқаро Қуръони карим мукофоти”  Шайх Маҳмуд Халил ал-Ҳусарийни дунё миқёсидаги Қуръон шахсияти сифатида танлади


“IQNA” сайти хабарига кўра, Бирлашган Араб Амирликлари Президенти ўринбосари, Вазирлар Кенгаши раиси, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум жаноблари мисрлик машҳур қори, Шайх Маҳмуд Халил ал-Ҳусарий раҳимаҳуллоҳни “Дубай халқаро Қуръони карим мукофоти” нинг ғолиби сифатида эълон қилди.

Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ўзининг X (собиқ Twitter) аккаунтида шундай деб ёзди:

“Дубай халқаро Қуръони карим мукофоти” Қуръони карим китобига хизмат қилиш, ҳофизлар ва қориларни тақдирлаш, Қуръони карим илмлари бўйича хизмат кўрсатган фидоийларга эҳтиром кўрсатиш мақсадида 28 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Бугун биз буюк бир улуғ исломий шахсни дунё миқёсидаги “Қуръони карим шахсияти” сифатида тақдирлашимизни эълон қиламиз: “Шайх Маҳмуд Халил ал-Ҳусрий... Замонамизнинг тиловат уламоларидан бири... Биринчи бўлиб Қуръони каримни тўлиқ мураттал (тартил) услубида ёзиб қолдирган... Шарқу ғарбда энг кўп тарқалган етук қорилардан бири сифатида эътироф этилган. Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олсин ва ушбу буюк ишларини ҳасанот тарозисига қўшсин”.

Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум қўшимча қилди: "Шунингдек, бу йил “Дубай халқаро Қуръони карим мукофоти” доирасида дунёнинг турли бурчакларидан танланган олтита ажойиб қори овозини танладик.  Улар 2026 йил учун “Қуръони карим тиловати бўйича энг хушовоз қори” унвони учун мусобақалашади. Юракларни титратадиган овозлар... Республика овоз бериш эшигини очиб, жамоатчиликни 2026 йилнинг энг гўзал Қуръон овозини танлаш тадбирида қатнашишга таклиф этамиз. Ғолибларни шу йилнинг 2 март куни Қуръони карим ва унинг аҳлини улуғлайдиган тантанали маросимда мукофотлаймиз”.

Илёс АҲМЕДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди

20.05.2024   4727   4 min.
Фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот алайҳиссалом менга: “Эй, Абу Мусо, Сени жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!” дедилар”.

Мен: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридан”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”нинг маъноси ҳақида бундай деганлар: “Гуноҳдан фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ила тийилиш мумкин. Аллоҳга итоат этиш ҳам ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади”.

Банда Аллоҳнинг ёрдамисиз ўзини ўзгартира олмайди, гуноҳдан қутила олмайди, тўғри йўлни тополмайди, бирор савобли ишга қўл уролмайди. Чунки куч-қувват фақат Аллоҳдандир.

Ким мусибатга йўлиқиб, қийин аҳволга тушиб қолса, қарздор бўлса, моддий ҳолати оғирлашса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп такрорласин. Шунда Аллоҳ унга нажот беради ҳамда уни турли қийинчилик ва ташвишлардан халос этади.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар.

Мен: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади, дедилар”.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир”, (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).

Шунинг учун уламолар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин”, деганлар.

Ким “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” зикрини айтишга одатланса ғам-ташвишлардан халос бўлиш билан бирга, камбағаллик ҳам кўрмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас”, деганлар (Ибн Абу Дунё ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қачон муаззин “Ҳайя ъалас-сола” ва “Ҳайя ъалал-фалаҳ”ни айтганида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейишни ўргатганлар.

Муаззиннинг намозга, нажотга шошилинг деган чақириқига “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” яъни Аллоҳнинг хоҳишисиз бизда ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ, деб жавоб қайтарилади. Чунки агар Роббимиз ибодат қилишимизга куч-қувват бермаса, биз ўзимиз адо этишга қодир эмасмиз.

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Қайси бир фаришта осмонга чиқмоқчи бўлса, албатта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айтиб, ердан кўтарилади. Чунки фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқаётиб: “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳ. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, дер эдилар.

Ким ушбу зикрларни айтиб уйидан чиқса у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади, шайтон унга яқинлаша олмайди.

“Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” зикри сабабли қанча қийинчиликлар енгил бўлди, ғам-ғуссалар ариди, дангасаликлар кетди, ибодатга завқ ортди, қайғулар ҳурсандчиликка айланди, ҳаётда эзгу мақсадлар сари илдам қадам босишга илҳом, ишонч пайдо бўлди.

Шундай экан, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб айтишни ўзингизга кунлик вазифа қилиб олинг. Ҳар куни имкон қадар кўп айтишга одатланинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

 Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар