Роббимиз зикри бирла ғамларингни қув,
Дард оловин устига қуйгин ундан сув.
Агар сиз ҳаётни юз фоиз мукаммал, ҳеч қандай камчиликсиз бўлиши керак деб ўйласангиз хато қиласиз. Бундай мукаммаллик фақатгина жаннатда бўлади. Бу дунёдаги ишлар эса нисбий бўлиб, сиз ўйлаган барча нарса ҳам рўёбга чиқавермайди. Унда сиз турли хил бало ва офатлар, мусибат ва имтиҳонларга дуч келишингиз мумкин. Шундай вақтларда борига шукр қиладиган, йўғига сабр қила оладиган инсон бўлишингиз керак.
Умуман касал бўлмай яшаш, ҳеч қандай қийинчиликсиз бой бўлиш, оғирлиги йўқ саодат, салбий жиҳатлари йўқ эр ва камчиликсиз дўст излаб хаёлингизда идеал оламни орзу қилманг. Барча нарсада камчилик бўлади. Бунинг ўрнига сиз салбий жиҳатлар ва хатолардан кўз юминг, ижобий ва гўзал нарсаларни кўра олинг. Доимо чиройли гумон қилинг, хатоларга узр топишга интилинг. Фақатгина Аллоҳга суянинг, инсонларга суянманг. Улар суянишингиз ва ишингизни топшириб қўйишингизга лойиқ эмас, чунки улар сизга ёрдам қила олишмайди. Аллоҳ таоло айтади:
﴿إِنَّهُمْ لَنْ يُغْنُوا عَنْكَ مِنَ اللَّهِ شَيْئًا﴾
“Албатта, улар сендан Аллоҳ томонидан бўладиган ҳеч бир нарсани арита олмаслар” (Жосия сураси, 19-оят).
Шуъла: Ҳаётингиз зулматли бўлишига асло рози бўлманг. Нур мавжуд, фақат сиз унинг порлаши учун ёқиш тугмасини босишингиз керак.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Али ибн Абу Ҳарора раҳимаҳуллоҳ ҳикоят қилади: «Онам йигирма йилдирки ўрнидан тура олмасди. Бир куни менга:
– Ўғлим, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳузурига бориб, ундан мен учун Аллоҳга дуо қилишларини сўра, – деди. Мен у зотнинг уйига бордим ва эшигини тақиллатдим. Уйда эди. Эшикни очмасдан:
– Ким у? – деб сўради.
– Мен фалон қасабадан келдим. Онам узоқ йиллардан бери оғир бемор, ўрнидан қўзғала олмайди. У мени сиздан дуо сўрашим учун юборди, – дедим. Шунда у кишининг ажаблангандек:
– Ўзимиз одамларнинг дуосига муҳтожмиз, – деганларини эшитдим ва ноумид бўлиб ортимга ўгирилдим. Шу дамда уйдан бир кампир чиқиб:
– Сен Абу Абдуллоҳ (Аҳмад ибн Ҳанбал) билан гаплашган йигитмисан? – деди.
– Ҳа, – дедим.
– У киши онанг учун дуо қилишга киришди, – деди кампир. Мен шошилиб уйга югурдим. Бориб эшикни тақиллатиб, онамнинг изнини кутдим. Бир пайт эшик очилди. Қарасам, эшик олдида онам турибди.
– Аллоҳ менга шифо ва офият ато қилди, – деди ҳайрат билан».
Бу ҳикоя солиҳ бандаларнинг дуоси албатта қабул бўлишини ва ҳақиқий авлиёлар ўзларини доимо Аллоҳнинг раҳматига муҳтож деб билишини кўрсатади. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ дуоси ижобат бўладиган зотлардан эди. Аммо ўзини ҳечам бошқаларнинг дуосидан беҳожат деб билмасди.
Ҳоний ал-Ҳожнинг “Солиҳ ва солиҳалар ҳаётидан минг бир қисса” китобидан Илёсхон АҲМАД таржимаси.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 15-сонидан