2023 йилнинг 5 март куни Лондондаги “Виктория” ва “Aлберт” музейида Рамазон ойига тайёргарлик муносабати билан анжуман ўтказилади.
"Event Brite"матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу тадбир “Хуш келибсиз Рамазон конференцияси” номида бўлиб ўтади.
Ташкилотчилар фикрича, ушбу тадбир Британия мусулмон жамоасининг Рамазонга тайёрларлик кўриш мақсадида ўтказилмоқда. Бу эса “Рамазон чодири” лойиҳасининг бир қисмидир.
Лондонда илк бор “Рамазон чодири” лойиҳаси 2011 йилда Лондон Шарқ ва Aфрика тадқиқотлари мактаби (СОAС) бир гуруҳ талабалари томонидан ташкил этилган эди. Унда талабалар университет боғида кичик чодир ўрнатиб, йўловчиларни ўзларига қўшилишга таклиф қилишган ва бу халқаро эътирофга сазовор бўлган эди.
Анжуман ташкилотчиларининг хабарида бундай дейилади: “Биз олимлар, фаоллар, фуқаролик жамияти ва хайрия ташкилотлари кенг жамоатчиликни Рамазон ойининг мусулмонлар учун аҳамиятли эканига бағишланган бир қатор меҳр-муҳаббат улашадиган тадбирларда кўришдан мамнунмиз”.
Мазкур лойиҳа доирасида Лондон, Манчестер, Плимут, Ндола, Торонто, Портленд ва Истанбул шаҳарларида турли тадбирлар бўлиб ўтади. Келгусида бу лойиҳа кенгайтирилиб нотижорат ташкилотга айланиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Қоҳира шаҳрида Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этади. Маълумки, жорий йил июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Бутунжаҳон Фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти аъзолигига қабул қилинган эдилар.
Халқаро йиғинда дунёнинг таниқли муфтийлари, фатво ва фиқҳ марказлари уламолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ал-Азҳар дорулфунуни каби нуфузли олийгоҳлар профессорлари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлади.
Кун тартибида сунъий интеллект, жадал рақамлаштириш ва замонавий биоэтика замонида оила институти мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда маънавий инқирозларга исломий қадриятлар асосида шаръий ва илмий ечимлар топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати