Токио шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида мазкур марказнинг Япониядаги илк кенг қамровли тақдимоти ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда Япония таълим ва маданият муассасалари, хусусий компаниялар, сайёҳлик ташкилотлари вакиллари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон дипломатлари, тадқиқотчилар, ОАВ ходимлари, шунингдек, Японияда истиқомат қилаётган ватандошлар ва ўзбек талабалари иштирок этдилар.
Тақдимот давомида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази ислом маърифати, илм-фани ва маданиятини ўрганиш ҳамда цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш учун халқаро майдонга айланиши қайд этилди.
Анжуманда Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданият мероси, буюк олимлар Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий ва Имом ал-Мотуридийнинг ислом илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, Амир Темур ва унинг авлодларининг жаҳон тарихидаги ўрни ҳақидаги материаллар тақдим этилди.
Марказ директорининг маслаҳатчиси, профессор Турсунали Қўзиев “Маърифат орқали келажакка” мавзусида маъруза қилиб, маданий меросни асраб-авайлаш, тарихий хотирани тиклаш ва халқаро мулоқотни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
Япония Ривожланаётган иқтисодиётлар институти профессори Манабу Симидзу Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс концепциясининг ҳамда турли цивилизациялар, жумладан, Япония билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир доирасида Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги тақдимот фильми, Ўзбекистоннинг буюк олимлари тўғрисидаги видеоматериаллар ҳамда юртимизнинг маданий мероси ва меъморий обидаларига бағишланган фотолар намойиш этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
2026 йил 21 июль куни Қумқўрғон тумани “Беш қаҳрамон” маҳалласида имом-хатиблар, отинойилар ва маҳалла вакиллари иштирокида йилнинг биринчи ярим йилида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Тадбирда туман бош имом-хатиби Ҳ.Зайниев ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг туман бош мутахассиси Ш.Мамадиев ҳисобот берди. Қайд этилишича, 6 ой давомида 11 мингга яқин фуқароларни қамраб олган 1300 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбир ва давра суҳбатлари ўтказилган.
Шунингдек, соҳа ходимларининг спорт ва интеллектуал соҳадаги фаоллиги ҳам эътироф этилди. Туманда илк бор имомларнинг спорт жамоалари ва “Заковат” клуби ташкил этилгани алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида фидойи ва ташаббускор соҳа ходимлари ҳамда маҳалла фаолларига туман ҳокимлигининг Ташаккурномалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати