Машҳур ишбилармонлардан бири билан бўлган интервюда ундан ҳаётидаги эсда қоларли, энг ажабланарли воқеа ҳақида сўрашибди.
У айтибдики: “Бир куни тунда ўзимда иккиланиш, тараддудланиш ҳис қилдим, кейин очиқ ҳавога чиқиб сайр этишга қарор қилдим. Эшиги очиқ бир масжид ёнидан ўтдим. Ичимда ўзимга-ўзим: “Кириб, икки ракъат намоз ўқисам бўлмайдими?!” дедим ва масжид ичига кирдим, қарасам масжидда бир киши қиблага юзланиб, қўлларини кўтариб дуо қилаётган экан. У ёлвориб дуо қилаётган эди. Шундан билдимки, унинг бирор муаммоси бор экан. Дуо қилиб бўлгач олдига бориб, дедим: “Бирор муаммоси бор одамдек дуо қиляпсиз, нима гап ўзи?” У: “Бўйнимда қарзим, шу мени безовта қиляпти”, деди.
- Қанча?
- Тўрт минг.
Чўнтагимдан пулни чиқариб унга тўрт минг бердим, у жуда хурсанд бўлди ва менга раҳмат деб, ҳаққимга дуо қилди. Кейин ташриф қоғозимни олиб унга: “Буни олинг, бирор эҳтиёжингиз ёки муаммойингиз бўлса ҳеч иккиланмай ишхонамга келинг ёки қўнғироқ қилинг!” дедим. Мен уни бу таклифдан хурсанд бўлади деб ўйлагандим, бироқ унинг жавоби мени ҳайратда қолдирди! Биласизми нима деди?! Айтдики: “Йўқ, биродар, Аллоҳ сизни мукофотласин, бу ташриф қоғозига эҳтиёжим йўқ. Мен бирор эҳтиёжим бўлса дарров икки ракат намоз ўқийман ва қўлимни дуога очиб, ҳожатимни Аллоҳдан сўрайман. Аллоҳ тез орада ҳожатимни раво этади, худди шу сафар сиз орқали раво этганидек!”.
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини шунда тушуниб етдим: “Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсангиз, Аллоҳ худди қушга ризқ бергандек – бўм-бўш келиб, қорин тўйғазиб кетганидек, ризқингизни беради”.
Масжиддан Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини такрор-такрор қайтариб чиқдим: “Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир” (Фурқон сураси, 58-оят).
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
24 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Қуръон ва қироат илмлари» фан ойлиги доирасида анъанавий Қуръони карим мусобақасининг финал босқичи юқори савияда бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, раис ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Муҳаммад Олим домла Муҳаммадсиддиқов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров, «Қуръон илмлари» кафедраси устозлари, таниқли қорилар, талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Мусобақани очиб берган Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров юртимизда Қуръон илмларини ўрганиш борасида салмоқли ютуқларга эришилаётгани, хусусан, жорий йилда маъҳад тарихида илк бор «Тафсир ва Қуръон илмлари» бўйича магистрлик мутахассислиги очилганини таъкидлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков йиғилганларни Муфтий ҳазратлари ва идора раҳбарияти номидан табриклади. У юртимизда қориларнинг сон ва сифат жиҳатидан юксалиб бораётгани, бунинг самараси Рамазон ойидаги хатми Қуръонларда яққол намоён бўлаётганини қайд этиб, мазкур мусобақа моҳир қориларни саралаш ва ёшларни юксак қорилик мақомига рағбатлантиришга хизмат қилишини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов давлатимиз раҳбари томонидан Қуръон аҳли ва ҳофизи каломларга кўрсатилаётган юксак эътибор ҳамда моддий-маънавий рағбат хусусида тўхталиб, маъҳад совғаларидан ташқари Муфтий ҳазратлари номларидан ҳам қўшимча муносиб мукофотлар ажратилганини маълум қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммад Олим домла Муҳаммадсиддиқов келгуси йилдан 10 та ўрта махсус ва 4 та олий диний таълим муассасаси ўртасида Қуръон мусобақаларини кенг миқёсда қайта жонлантириш режалаштирилаётганини айтиб, устозлар олдида халқаро майдонларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтарадиган моҳир қориларни тайёрлаш вазифаси турганига урғу берди.
Бу йилги мусобақанинг муҳим янгилиги сифатида тиловат йўналишида илк бор модул таълим тизимида таҳсил олаётган имом ва ноиблар ҳам қатнашди. Беллашувда иштирокчиларнинг Қуръони каримни ёддан ўқиши, тажвид қоидаларига риоя этиши, оятларни тажвидий таҳлил қилиши ҳамда овоз ва тараннум маҳорати синовдан ўтказилди.
Иштирокчиларнинг чиқишларини «Қуръон илмлари» кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов раислигидаги, тажрибали устозлар ҳамда мисрлик Ислом Абдулатий қоридан иборат ҳакамлар ҳайъати одилона баҳолаб борди.
Мусобақа якунларига кўра, қуйидаги иштирокчилар ғолиб ва совриндор бўлдилар:
Ҳифз йўналиши бўйича:
1-ўрин: Абдулҳай Ҳасанов (101-гуруҳ талабаси) ва Муҳаммад Амин Мусаев (304-гуруҳ талабаси);
2-ўрин: Шукруллоҳ Абдуллаев (404-гуруҳ талабаси);
3-ўрин: Билолиддин Иброҳимжонов (202-гуруҳ талабаси).
Тиловат йўналиши бўйича (модул таълим талабалари ўртасида):
1-ўрин: Зоҳиджон Номонов;
2-ўрин: Абдулбоқий Аҳмедов;
3-ўрин: Билолиддин Қамардинов.
Ҳар икки йўналиш ғолибларига Муфтий ҳазратлари номларидан: ▪️ 1-ўрин учун — 7 миллион сўм; ▪️ 2-ўрин учун — 5 миллион сўм; ▪️ 3-ўрин учун — 3 миллион сўм пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, маъҳад ва ҳомийлар томонидан ғолиб ҳамда совриндорларга iPad, планшет, чангютгич ва шарбат чиқаргич каби қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Ушбу мусобақа иқтидорли қориларни кашф этиш, ёшларда Каломуллоҳга муҳаббатни ошириш ҳамда халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган моҳир ҳофизи Қуръонларни тайёрлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати