— Инсон ўлганида майит устига “Ёсин” сураси ёзуви туширилган матони ёпиб дафн қилишса, савоби катта эмиш. Шу рост-ми?
— “Ёсин” сурасини ёпиш деган гап шариатда йўқ. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабристонга кирганда “Ёсин” сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади”, деганлар.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга Ёсинни қироат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Сайёр йиғилиш
Хабарингиз бор, шу йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табиригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Шу йил 17 июль куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов бошчилигида Ўрта Чирчиқ туманидаги «Усмон ота» жоме масжидида туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари, «Ҳаж 2025» ҳожилари, маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг тумандаги маҳаллаларга чиқилиб, оилалар ўрганилди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Бундай тадбир қамрови кенглиги билан алоҳида аҳамият касб этяпти. Гап шундаки, тадбир доирасида бир оила 12 номдаги турли адабий-бадиий китоблар совға қилинди.
Тумандаги масжидлар имом-хатиблари ҳам тадбирда фаол қатнашдилар.
Шундан сўнг яна «Усмон ота» масжидига қайтилиб, амалга оширилган ишлар кўриб чиқилиб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ниҳоясига етди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати