Бельгия пойтахтида истиқомат қилувчи 68 ёшли марокашлик Аҳмад бин Абдураҳмон хусусий машинасида тунда муҳтожларга нон етказиб беради ва ўз меҳмонхонасида бошпанасиз фуқароларга бошпана беради. Мусулмон 27 йилдан бери Брюссель марказидаги Grand Place tourist майдонига олиб борувчи кўчалардан биридаги меҳмонхонани бошқармоқда.
Шаҳардаги кўпчилик одамлар Аҳмадни хушчақчақ, бақувват ва дилкаш табиати ҳамда хайрия фаолияти туфайли билишади.
Islam.ru хабарига кўра, журналистлар билан суҳбатда марокашлик Аҳмад ислом талаб қилган ишни қилаётганини таъкидлайди.
"Мен қийин аҳволга тушиб қолган одамлар учун бирор нарса қила олишимдан фахрланаман. Мен инсонпарварман, мусулмонман", - таъкидлайди Аҳмад.
Кечқурунлари бир неча новвойхонага бориб нон сотиб олади, кейин муҳтожларга етказади. Аҳмад бин Абдураҳмоннинг айтишича, кундалик садақа унинг ўзига ёрдам беради – 68 ёшда бўлишига қарамай ўзини анча ёш ҳис қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати