Муқаддас динимизда экин экишлик улуғ ва савобли амаллардан хисобланиб, ерни обод қилиш масаласига алохида эътибор берилган. Экилган кўчат ва дарахтлар хамда ўсимликлар дойимо Аллох Таолога тасбих айтиб туради. Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб авайлаши, балки унинг янада гуллаб яшнаши учун ўз хиссасини қўшмоғи лозим. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.Кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғдир, муборак китоблар кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, яъни қиёмат кунигача садақаи жорий сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Мўмин яхши ният билан кўчат экса улуғ ажр-савобга эга бўлади. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса унинг учун садақа бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти). Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатлик касб экани маълум бўлади. Кўчат экмоқчи бўлган киши нафақат ўзини, балки, ён атрофдагилар, келажак авлодларни ҳам манфаатини ўйлаши керак. Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки, вафотидан сўнг ҳам манфаати етиб туради.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини кўчат ўтказиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳи анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Атроф мухитни мухофаза қилиш, табиатни, экин ва дарахтларни асраб авайлаш олдимизда турган мухим вазифалардан бири хисобланади.
Янгийўл туман “Имом Султон”
жоме масжиди имом хатиби Нарзуллаев Одилжон.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гар бўлмаганда олов қўшнисин куйдирмоғи,
Билмас эдик биз исириқнинг фойда бўлмоғи.
Доимо кучли ғайрат ва олий ҳиммат соҳиби бўлинг. Сизнинг фақат юқорига қараб кўтарилишингиз ва доимо ҳаракатда бўлишингизни истардим. Пастга тушиш ёки тиниб қолишдан сақланинг. Билингки, ҳаёт сония ва дақиқалардан иборат. Тиришқоқлигингиз, сабр ва матонатда чумоли каби бўлинг, доимо ҳаракат қилинг.
Тавба қилинг, агар яна гуноҳ ишга қўл урсангиз яна тавба қилинг. Қуръонни ёдланг, агар унутиб қўйсангиз иккинчи, учинчи, ҳатто ўнинчи марта бўлса ҳам қайтда ёдлаверинг. Асосийси, руҳий тушкунликка тушманг ва йиқилганингизни тан олманг. Чунки тарих охирги сўзни билмайди, ақл сўнгги чегарани эътироф қилмайди, улар фақатгина ҳаракат ва орзу рўёбини билади, холос.
Умр жисм кабидир, унда гўзаллаштириш учун жарроҳлик амалиётини олиб бориш мумкин. Умр бино кабидир, уни таъмирлаш, қайта қуриш ва бўёқ билан чиройли қилиш мумкин. Тушкунлик ва муваффақиятсизликдан сақланинг. Касалликлар, офатлар, мусибатлар ва синовлар келишидан чўчишни тўхтатинг, Аллоҳга таваккул қилинг. У зот айтади:
﴿وَعَلَى اللَّهِ فَتَوَكَّلُوا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ﴾
“…Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккал қилингиз” (Моида сураси, 23-оят).
Шуъла: Маъсиятни тарк этиш жиҳод, унда давом этиш эса қайсарликдир.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан