Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Оёқлар ораси тўрт бармоқ кенглигида очилади

01.12.2023   1698   2 min.
Оёқлар ораси тўрт бармоқ кенглигида очилади

Намозхон қиём ҳолатида қиблага юзланган, қадди тик, қўллари икки ёнга туширилган, иккала оёқларининг ораси тўрт бармоқ кенглигида очилган бўлади.

Намозда қиёмда турганда оёқлар ораси қандай ҳолатда туриши ҳақида Абдурраҳмон ал-Жузайрий раҳимаҳуллоҳ “ал-Фиқҳ ъала-л-мазоҳиб ал-арбаъа” асарида қуйидагиларни ёзган: “Қиём ҳолатида икки оёқни очиш миқдори жуда яқин ҳам, жуда узоқ ҳам бўлмаслиги керак. Фақат семизлик, тўлалик, барвасталик ва шунга ўхшаш узр билан бўлса, жоиз. Мазҳабларда унинг миқдори борасида ихтилофлар

Ҳанафийлар икки оёқ орасини тўрт бармоқ миқдори очиш деб белгилаганлар. Ундан ортиқ ёки кам бўлса, макруҳ бўлади.

Шофеъийлар эса бир қарич деб белгилаганлар. Улар ораси бундан қисқа ёки ортиқ очилса, макруҳ бўлади. Худди бу бир оёқ олдинроқда, бириси орқароқда тургандек макруҳ бўлади.

Моликийлар икки оёқ орасини очишни суннат эмас, балки мандуб бўлади, дейдилар. Улар фикрича, икки оёқ ораси бир-бирига теккизилган ёки жуда очилган ҳолатда эмас, балки урфда ёмон кўрилмайдиган ҳолатдаги ўртача очилиши керак.

Ҳанбалийларнинг фикрлари ҳам моликийлар сингаридир, фақат улар мандуб ёки суннат деб белгилаган эмаслар" (Абдурраҳмон ал-Жузайрий. ал-Фиқҳ ъала-л-мазоҳиб ал-арбаъа. Ж. 1. – Б. 202).

Бу масала бўйича доктор Ваҳба Зуҳайлий "Ал Фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу" (Ислом фиқҳи ва унинг далиллари) номли китобида (Ж. 1. – Б. 695) қуйидагиларни ёзади:

Ҳанафийлар айтадилар: “Қиёмда икки оёқ орасини тўрт энлик миқдорича очиб туриш суннатдир. Чунки бу хушуъга яқинроқдир”.

Шофеъийлар айтадилар: “Икки оёқ ораси бир қарич миқдорида очилади”.

Моликий ва ҳанбалийлар айтадилар: “Икки оёқнинг орасини очиш мандубдир. Ўртача ҳолатда бўлсин. Иккисини бир-бирига қўшиб олмасин ёки жуда кенгайтириб, урфда нохуш саналадиган бўлмасин”.

Демак, тўрт мазҳабнинг фиқҳий қарашларига кўра намозда қиёмда турганда икки оёқ ораси жуда катта очилган бўлмаслиги, урфда ва одамлар назарида ғайритабиий кўринмаслиги даркор. Шунинг учун ҳам, намозларда икки оёқларини кериб, кенг очиб туриш ҳолати намоз борасидаги диний анъанага тўғри келмагани боис эриш туюлади.

 “Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.

Жаҳолатга қарши маърифат
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Сурхондарёда отинойилар учун семинар-тренинг ўтказилди

10.09.2026   34719   1 min.
Сурхондарёда отинойилар учун семинар-тренинг ўтказилди

Жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари Сурхондарё вилоятининг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази мажлислар залида икки кунлик ўқув-семинари доирасида "Мафкуравий хатарларга қарши курашишда отинойиларнинг ўрни ҳамда масъулияти" мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакилининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда диний соха ходимлари иштирок этишди. Иштирокчиларга семинарнинг аҳамияти, "Ақида илмининг мохияти ва мотуридийлик таълимоти", "Ёт оқимлар ғояларига раддиялар" - Имом Мотуридий халқаро илмий- тадқиқот маркази катта илмий ходими И.Абдурахмонов, "Глобаллашув асрида аёлларни ғоявий тахдидлардан асраш" - Имом Мотуридий халқаро илмий- тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ш.Жўраев ҳамда "Хотин-қизлар билан ишлашда услубий тавсиялар" - Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти Д.Турдиевалар мавзуларида сўз юритдилар.

Семинар давомида бугунги кунда учраётган мафкуравий таҳдидлар, уларнинг олдини олиш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, айниқса хотин-қизлар ўртасида маърифий фаолиятни кучайтиришда отинойиларнинг ўрни ва масъулияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Шунингдек, иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, мавзу юзасидан фикр ва таклифлар муҳокама қилинди ҳамда қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди.

Семинар-тренинг ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари