Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Масъуд Косоний “Бадоиъ”да: “Таҳорат қилувчидан талаб қилинадиган нарса поклик. “Бисмиллоҳ”ни айтишнинг бунга дахли йўқ. Сабаби сув пок яратилган. Сувнинг поклаши банда амалига боғлиқ эмас”, деган. Бу билан таҳоратни “бисмиллаҳ” билан бошлаш шарт эмас, балки фазилатдир, дейилмоқчи.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Таҳорати йўқ киши учун намоз йўқ. Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилмаган киши учун таҳорат йўқ” (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким, Дорақутний, Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Ушбу ҳадисни уламолар икки хил талқин қилишган. Баъзилар: “Ҳадисга кўра, “бисмиллаҳ”ни айтмаган кишининг таҳорати дуруст бўлмайди”, дейишса, бошқа тоифалар: “Бу ердаги инкор комилликни инкор қилишдир. “Бисмиллаҳ”ни айтмаган банданинг таҳорати мукаммал бўлмайди, савобни тўлиқ ололмайди”, дейишган.
Аҳли зоҳирлар, хусусан имом Аҳмад ибн Ҳанбалга кўра, “бисмиллаҳ” айтмаса, таҳорат дуруст бўлмайди. Баъзилар буни мустаҳаб, дейишган. Исҳоқ айтади: “Агар “бисмиллоҳ”ни атайин тарк қилса, таҳоратини қайтадан қилади. Агар эсидан чиқиб қолса, унинг таҳорати жоиздир”. Валиййуллоҳ Деҳлавий “Ҳужжатуллоҳил балиғо” китобида: “Ушбу ҳадис таҳоратда “бисмиллоҳ” айтиш рукн ёки шартлигига етарли далилдир. Балки у таҳоратнинг комил бўлмаслигини англатиши ҳам мумкин. Лекин мен бу таъвилга қўшилмайман. Чунки у анча узоқ таъвилдир”, деган. Имом Молик: “Таҳоратда “бисмиллоҳ” дейиш фарз. Агар унутса, қалб билан “бисмиллоҳ” дейиш тил билан айтиш ўрнига ўтади”, деган.
Ҳасан Басрий, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ ва аҳли зоҳирлар таҳоратда “бисмиллоҳ” айтиш вожиблигини айтишган. Ҳанафий, шофеъий ва моликийлар уни суннат, дейишган. Бунга улар бир неча ривоятларни далил қилиб келтиришади. Ана ўша ривоятларнинг энг кучлиси шуки, Усмон ва Али розийаллоҳу анҳумолар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат қилишлари ҳақида келтирилган ривоятларда “бисмиллоҳ” зикр қилинмаган. Агар таҳоратдан олдин ушбу калимани айтиш шарт бўлганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни айтган ва саҳобалар ҳам “бисмиллаҳ”ни қолдирмасдан ўз ривоятларида зикр қилган бўлар эдилар.
Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилмоқчи бўлсалар, “бисмиллаҳ” дер эдилар” (Дорақутний “Сунан”да ривоят қилган).
У зотнинг одатлари шундай эди. Ҳар бир ибодатдан олдин Аллоҳ таоло исмини зикр қилар эдилар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳнинг номини зикр қилмаган таҳорат олмабди. Таҳорат олмаган намоз ўқимабди. Мени яхши кўрмаган менга имон келтирмабди. Ансорларни яхши кўрмаган мени (ҳам) яхши кўрмабди” (Дорақутний “Сунан”да ривоят қилган. Ҳадис санади заиф).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким таҳорат қилиб, таҳоратида Аллоҳнинг исмини зикр қилса, (ўша таҳорати бутун) бадани учун поклик бўлади. Кимки таҳорат қилиб, унда Аллоҳнинг исмини зикр қилмаса, (фақат ўша ювган) аъзолари учун поклик бўлади” (Дорақутний “Сунан”да ривоят қилган).
Яна Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимки таҳорат қилиб, Аллоҳ исмини зикр қилса, унинг бутун жасади покланади. Агар таҳорат пайтида Аллоҳ исмини зикр қилмаса, фақат таҳорат ўрнигина (яъни, таҳоратда ювилган аъзоларгина) покланади” (Дорақутний “Сунан”да ривоят қилган. Ҳадис санади заиф).
Ушбу ҳадис таҳоратда “бисмиллоҳ” дейиш суннат, деганларнинг фикрини тасдиқловчи ҳужжатдир.
Ким таҳорат аввалида “бисмиллоҳ”, деса, унинг бутун бадани, таҳоратда ювмаган аъзолари ҳам покланади. Агар “бисмиллоҳ”ни зикр қилмаса, фақат таҳоратда ювган аъзоларигина покланади. Бу ҳам “бисмиллоҳ” айтилмай қилинган таҳорат тўғри бўлиши, аммо мукаммал бўлмай қолишини англатади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар сизлардан бирон киши таҳорат қилса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Шунда (таҳорат) унинг бутун баданини поклайди. Агар таҳоратида Аллоҳнинг исмини зикр қилмаса, баданининг фақат сув теккан жойигина покланади. Агар таҳоратдан фориғ бўлса, “Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳу”, деб шаҳодат келтирсин. Агар шундай деса, унга осмон эшиклари очилади”, деб айтганларини эшитганман” (Дорақутний “Сунан”да ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, агар таҳорат қилсанг, “бисмиллааҳ вал-ҳамду лиллааҳ”, деб айтгин. Шунда амалларингни ёзиб турувчи фаришталар таҳоратинг сингунича сенга яхшилик (ажр-савоб) ёзишдан тўхтамайди”, дедилар” (Табароний “Муъжам”да ривоят қилган. Ҳайсамий ривоят санадини ҳасан, деган).
Таҳоратни “бисмиллааҳ” деб бошлаш шарт эмас, аммо мазкур ибодатни Аллоҳнинг исми билан бошлаш афзал. Ушбу ривоятда айтилишича, ким таҳоратни “бисмиллааҳи вал-ҳамду лиллааҳ” деб бошласа, банда амалларини номаи аъмолига ёзиб турувчи фаришталар банда таҳорати сингунича унинг ҳаққига яхшилик, мукофот ва савоблар ёзиб турар экан. Бу хушхабар ҳар биримизни таҳоратни “бисмиллааҳ” билан бошлашга ундаши лозим.
“Бисмиллоҳ”ни таҳорат аввалида айтиш керак. Агар баъзи аъзоларни ювгандан сўнг эслаб, кейин айтса, суннатни бажармаган саналади . Аммо таҳорат бошида унутса, эслаган чоғида айтиб қўявериш керак. Таҳорат қилиб бўлгунча айтишга улгурса бас, шунда таҳорати “бисмиллоҳ”дан холи бўлмайди .
“Бисмиллоҳ” калимаси истинжодан олдин ёки кейин айтилиши борасида ихтилоф қилинган. Баъзилар: “У истинжодан аввал айтилади. Сабаби истинжо таҳоратни очувчи суннатдир”, деса, яна баъзи тоифа уламолар: “Истинжодан сўнг айтилади. Чунки истинжода аврат очилади. Ҳурмат юзасидан бундай ҳолатда Аллоҳ номи тилга олинмайди”, дейишган. Аслида иккала фикр ҳам тўғри. Фақат истинжодан олдинги “бисмиллоҳ”ни ҳожатхонада эмас, балки ташқарида айтиб олинса, яхши бўлади. Истинжодан сўнг қўлларни юваётганда ҳам яна бир бор Аллоҳ номи зикр қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳнинг ёрдами келиши учун қилинадиган 5 шартни эътиборингизга тақдим қиламиз. Албатта, унинг сабаб ва шартлари фақатгина шу 5 та билан чекланиб қолмайди. Биз 5 тасинигина эслатиб ўтишни лозим деб топдик.
Биринчи шарт, иймон келтириш, яъни мўмин бўлиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Мўминларга нусрат бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган” (Рум сураси, 47-оят).
Демак, Аллоҳнинг ёрдамига эришиш учун иймон келтирганлардан бўлиш керак экан.
Иймон нима? Бу ҳақда Жаброил алайҳиссалом “Менга иймон ҳақида хабар бер”, деб сўраганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтиришинг ва қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтиришинг”, деб жавоб берганлар.
Булар иймоннинг устунларидир. Сиз унинг ҳар бирига шундай иймон келтирингки, улар амалларингизда акс этсин. Мана шу энг муҳимидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳга бўлган ишончлари ниҳоятда кучли эди. Кунларнинг бирида ғазотдан қайтиб қиличларини дарахтга илдилар ва унинг остида ухлаб қолдилар. У ердан ўтаётган бир мушрик Пайғамбаримизнинг дарахтга осиғлик турган қиличларини олиб, муборак бўйинларига ҳужум қилмоқчи эди, Набий алайҳиссалом уйғониб қолдилар. Шунда ҳалиги мушрик:
— Энди сени ким қутқара олади?! − деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса:
— Аллоҳ қутқаради! − деб жавоб бергандилар мушрикнинг қўллари қалтираб қолди, қўлидаги қилич эса ерга тушиб кетди.
Агар иймон сизнинг амалларингизда ўз аксини топса қандай мўъжизалар содир бўлишини кўрдингизми?
Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса кимдан ёки нимадан қўрқасиз?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Савр ғорига беркинган эдилар. Икковлари ғорнинг энг юқори қисмига чиқиб олишди. Мушриклар ҳам бўш келмасдилар. Тиш-тирноқлари билан уларни излаб топишга ҳаракат қилардилар. Ҳар бир қарич ерни илма тешик қилдилар.
Савр ғорининг олдига ҳам келдилар. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор зарар етиб қолишидан ниҳоятда хавфсираб, хавотирга тушардилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Бакр нимадан қўрқяпсан, маҳзун бўлма, Аллоҳ биз билан”, дедилар.
Агар Аллоҳ сиз билан эканига қатъий иймон келтирсангиз сизни ҳеч ким ва ҳеч нарса қўрқита олмайди. Одамларнинг аксарияти дучор бўлган қўрқув кишанларидан озод бўласиз. Юсуф алайҳиссалом каби зиндон сиз учун озодликдан севимлироқ бўлади. Оч бўлсангиз ҳам ғам чекмайсиз Аллоҳ ризқингизни беришига ишонасиз, бемор бўлсангиз фақат Ўзи шифо беришига амин бўласиз. Шунинг учун иймон Аллоҳнинг ёрдами келишининг биринчи асосларидан саналади.
Иккинчи шарт, иймонда мустақим туриш, собитқадам бўлиш. Сиз то иймонда мустақим тураркансиз, Аллоҳнинг ёрдами сиздан тўхтамайди. Аллоҳнинг ҳар бир ишга қодир эканига ишонар экансиз Ўзи сизга ёрдамчи бўлади. “Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур” (Ҳаж сураси, 40-оят).
Учинчи шарт, бирлашиш. Кунларнинг бирида Форс ҳукмдори Умар розияллоҳу анҳу билан учрашмоқчи бўлди. Узоқ йўл юриб, Мадина шаҳрига етиб келди. Шаҳарга киришда ўзининг шохона кийимларини кийиб олди. Дастлаб масжидга олиб боришди, лекин у ерда Умар розияллоҳу анҳуни топмадилар. Яқин атрофда ўйнаб, югуриб юрган ёш болалар: “Сизлар мўминлар амирини қидиряпсизми?” деб сўрашди. Улар: “Ҳа” дейишганди, болалар: “Масжиднинг орқа томонида ухлаяптилар”, дедилар.
Масжиднинг орқа томонига ўтиб қарашса Халифа Умар розияллоҳу анҳу кийимларини буклаб, ерда ухлаб ётардилар. Саҳобалар халифани уйғотиб юбормаслик учун жим турдилар. Форс ҳукмдори: “Умар қани? Унинг қўриқчиларичи? Ахир сизлар Форсни забт этган бўлсангиз, қасрларингиз қаерда?” деб хайратланиб саволларни бераётганида Умар розияллоҳу анҳу уйғониб кетди. “Сен Форс ҳукмдоримисан?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деб жавоб берди. “Сени бу ерга нима олиб келди?” дедилар Умар розияллоҳу анҳу. У: “Ислом дини келмасидан олдин ҳам сизлар билан ўртамизда жуда кўп урушлар ўтди. Ҳар гал сизларни мағлуб қилардик. Аммо мусулмон бўлганингиздан кейин сизларни енга олмадик. Қўшинларингиз кучли бўлгани учун эмас, балки Аллоҳ сизларга ёрдам бергани учун ғолиб бўлдингиз деб биламан”, деди.
Умар розияллоҳу анҳу бундай дедилар: “Ҳа, тўғри. Яна бир сабаб – биз бирлашдик. Бирлашиш Аллоҳ таолонинг ёрдами келишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир””.
Тўртинчи шарт, илм олишга ҳаракат қилиш. Тарихдаги жангларда ғалабалар ўз-ўзидан қўлга киритилмаган. Балки унга пухта тайёргалик, илм орқали эришилган. Ўтган аср мусулмонларининг барчалари қори бўлишган. Мағрибнинг ҳумкдорларидан бири ўғлини уйлантирмоқчи бўлди. Шунда кимнинг уйида қория қизи бўлса, уйнинг деразаси олдида шамни ёқиқ қолдиришга эълон қилди. Шу кеча, шаҳар жуда ёришиб кетди, чунки ҳар бир уйнинг деразаси олдида кўплаб шамлар ёқилганди. Ҳа, ҳар бир уйда Қуръонни ёддан биладиган бир нечта қизлар бор эди. Бу услуб қўл келмаганидан подшоҳ энди бу кеча ҳадис тўпламларини ҳам ёддан биладиганлар шам ёқсинлар деган буйруқни берди. Шамлар сони анча камайган бўлсада, аммо ҳар бир уйда биттадан бўлсада ёқилгани бор эди.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига биноан иброний тилни ўрганишди. Ҳатто “биз уларнинг ўзидан ҳам яхшироқ ёза ва сўзлаша оламиз” дедилар.
Илм енгилмас кучдир. Буни айниқса ёшлар яхшилаб билиб олишлари лозим.
Бешинчи шарт, сабр-тоқат қилиш. Бир ёш йигит илм ўрганишга ният қилди. Лекин илм йўлидаги қийинчиликларга бардош қила олмади. Уйига қайтиб кетишга қарор қилди. Юкларини йиғиб, йўлга отланди. Йўлда кетар экан, йўл бўйидаги сув оқимига кўзи тушди. Ва ўз-ўзига: “сув юмшоқ, тош қаттиқ бўлса, лекин шунда ҳам сув тошни ёриб ўтишга муваффақ бўляпти. Менинг қалбим шу тошдан ҳам қаттиқ эмаску. Қатъий бўлсам илм қалбимни ёриб киради”, деди. Вақт ўтиб шу йигит ўз соҳасининг энг йирик олимларидан бирига айланди.
Сабр бу кутиш дегани эмас. Балки мақсад сари ҳаракат қилишга, бардавом бўлишга ҳам сабр керак. Сабр нафснинг ёлғонлари билан доимий курашдир.
Аллоҳга итоат этиш барча яхшиликлар эшигининг калитидир. Бу йўлда собитқадам бўлишга интилинг. Озгиндан бўлса ҳам, ҳар куни мунтазам тарзда солиҳ амал қилинг.
Даврон НУРМУҲАММАД