Миср Президенти Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кунлари билан мусулмонларни табриклади.
Миср Президенти Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий мисрликлар, араблар ва мусулмонларни Twitter саҳифасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари билан табриклади, дея хабар бермоқда Ahram online нашри. Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий ўз табригида бундай деб ёзган эди: "Миср халқини, араб ва Ислом халқларини у зотнинг туғилишлари инсоният тарихида бурилиш нуқтаси бўлган ҳақиқий Пайғамбаримизнинг таваллуд топган йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман. Аллоҳнинг саломи ва раҳмати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлсин. Бу муборак айёмда Мисрни, араб ва Ислом халқларини барча ёмонликлардан ҳимоя қилишини Аллоҳдан дуо қилиб қоламан".
Islam.ru хабарига кўра, аввалроқ Ас-Сисий ва Мисрнинг бошқа амалдорлари Мавлиди набий Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган кунларини нишонлашда иштирок этган эдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Вазир мулоқот аввалида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг Ислом тамаддунига ҳисса қўшган ҳиссасини, мамлакат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ёш келажак авлод учун яратилаётган имкониятлар таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Фаробий, Замахшарий каби Ислом оламида юксак обрў-эътибор топган олимларнинг мероси дунё мусулмонларининг умумий бойлигидир.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциялар нафақат ўзбек халқи, балки бутун Ислом умматига хизмат қилмоқда. Баҳрайн Ислом меросини ўрганиш бўйича ўзбек томони билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илмий изланишларни биргаликда амалга оширишга тайёр", – деди адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида.
Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида Баҳрайн делегацияни иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки мамлакат илмий марказлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида адлия, Ислом ишлари ва вақф соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда илмий-амалий ишларни ташкил этиш мақсадида масъул ходим тайинлаш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати