Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июл, 2025   |   27 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:31
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:54
Хуфтон
21:24
Bismillah
22 Июл, 2025, 27 Муҳаррам, 1447

Динда саволим бор: Кимни мўмин деймиз, кимни муслим деймиз?

22.10.2021   2005   2 min.
Динда саволим бор: Кимни мўмин деймиз, кимни муслим деймиз?

— Мусулмон ва муслималар, мўмин ва мўминалар, деб айтамиз. Уларнинг қандай фарқлари бор? Кимни мўмин деймиз, кимни муслим деймиз? Саволим ноўрин бўлса, узр сўрайман.

— Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом дини номи билан машҳурдир. Бу номни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло:

﴿وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً﴾

“Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”, дейди (“Моида” сураси, 3-оят). Ислом сўзининг луғавий маъноси “ихлос”, “офатлардан саломат бўлиш”, “сулҳ ва омонлик”, “итоат ва бўйсуниш” каби маъноларни англатади.

Шундан мусулмон ва муслима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом динига мансуб, ихлосли, турли офатлардан саломат бўлган, сулҳли, омонатли, итоатли ва Аллоҳга бўйсунган шахс дегани бўлади.

Иймон сўзи луғатда омон бўлиш ва тасдиқлаш маъноларини билдиради. Уламолар истилоҳида Иймон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Шундан мўмин ва мўмина Аллоҳ таолодан келган ақидага оид нарсаларни тасдиқлаб ва уларга иқрор бўлиб, турли ёмонликлардан омонда бўлган шахсдир.

Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон ишониш-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсуниш-амалий масалаларга хосдир.

Ислом асослари шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборат. Иймоннинг асослари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхши-ю ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ишониш, тасдиқлашдан иборатдир.

Улуғ ақоид илми олими Умар Насафий ўзининг китобида: “Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади”, деган.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шаҳрисабзнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги мақомини сақлаб қолиш бўйича ижобий қарор қабул қилинди

21.07.2025   1858   1 min.
Шаҳрисабзнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги мақомини сақлаб қолиш бўйича ижобий қарор қабул қилинди

Париж шаҳрида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 47 сессияси ўтказилди. Сессия йиғилишида Шаҳрисабз шаҳрининг Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги мақомини сақлаб қолиш бўйича ижобий қарор қабул қилинди.


Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ахборот хизмати ЎзАга маълум қилишича, қўмита Ўзбекистоннинг ушбу объектни асраш бўйича саъй ҳаракатларини юқори баҳолаб, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази ҳамда ИКОМОС (Ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларни асраш бўйича халқаро кенгаш)  билан самарали ҳамкорлик муҳимлигини алоҳида қайд этди.


Келгуси босқич сифатида Ўзбекистонга такрорий номинацияни тайёрлаш учун уч йил муддат берилди. Унда Шаҳрисабзнинг сиёсий, маданий ва диний марказ сифатидаги бетакрор тарихий ролини акс эттирувчи темурийлар даври меъморий меросига алоҳида урғу қаратилади.


Шаҳарнинг тарихий қисми буфер ҳудуд сифатида белгиланиши режалаштирилган, бу унинг маданий қийматини янада самарали асраш имконини беради. Мазкур қарор халқаро ҳамкорлик доирасида олиб борилган тизимли ва очиқ мулоқотлар натижаси бўлди.


Анжуманда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова бошчилигидаги делегация иштирок этиб, ЮНЕСКО, ИКОМОС ва барча халқаро ҳамкорларга билдирилган ишонч ва кўрсатилган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирган. 


Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари