Муфтий-Шайх Равил Гайнутдин 2021 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари Кенгашида сайланган Диний идора раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровга табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлари Кенгаши ва ўз номимдан Сизни юксак лавозимга тайинлаганингиз билан чин юракдан муборакбод этаман. Аллоҳ таолодан Сизга сиҳат-саломатлик ва узоқ умр ато этишини сўрайман.
Мусулмон халқлари яқинлигининг бой тарихига асосланган икки томонлама Россия – Ўзбекистон муносабатларининг кўп қирралилигини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистон ва Россия мусулмонлари кўп асрлик қардошлик ва биродарлик тарихий алоқаларига эгадир. Бунга муборак Ислом дини асоси бўлган тинчлик ва яратувчилик ғоялари замин бўлмоқда.
Сизга келгуси ишларингизда Аллоҳ таолодан мустаҳкам соғлиқ, маънавий ва жисмоний куч-қувват ато этишини сўраймиз. Россия ва Ўзбекистон, қолаверса, бутун дунё мусулмонлари манфаати учун мусулмон идораларнинг янада самарали ҳамкорлиги ривожланишига чин дилдан умид қиламиз.
Сизга ва яқинларингизга бахт ва фаровонлик тилаймиз. Омин!
Ҳурмат ва эзгу дуолар ила,
Муфтий-Шайх Равил Гайнутдин
Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси
Россия муфтийлар кенгаши раиси
Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги
Диний бирлашмалар билан алоқалар Кенгаши аъзоси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳдан ҳикоя қилинади: “Аллоҳнинг Байтини ҳаж қилиш мақсадида йўлга чиқдим. Сафар асносида йўлдан адашдим. Бир пайт йўл устига ташлаб қўйилган кишига кўзим тушди. У шу туришда ўлимини кутиб яшаётгандек эди.
Бориб, салом бердим. Саломимга алик олди. “Ёнингизда туришимни хоҳлайсиз-ми?” деб сўрадим. “Сени нима қиламан?” деди ҳайрон бўлиб. “Сизга суҳбатдош, улфат бўламан”, дедим.
“Сенда мен учун қанақа улфатлик бор?!” деб сўради. “Агар бемор бўлсангиз, хизматингизда бўламан”, дедим. У: “Менга Кифоя қилувчи, Рост сўзловчи, аҳволимни Билувчи Зот бор. Ким Уни дўст деб билмаса, ундай кимсага бошқа улфат, суҳбатдош, дўст йўқ” деди.
“Менга яхшилик турларидан бирортасини ўргатинг ёки бирор насиҳат қилинг, эшитиб, амал қилай” дедим. Шунда у бошини кўтариб менга қаради ва: “Эй биродарим! Ўзингни ўз нафсингдан сақла! Қалбингга бирор иллат киришидан эҳтиёт бўл! Агар бир маъсиятни қилмоқчи бўлсанг, бошингни юқорига кўтар! Кимга қарши бўлаётганингни, Кимга журъат қилаётганингни, Кимга қарши уруш бошлаётганингни бил! Аллоҳга исён қилган кимса, Унга қарши урушган кимса бўлиб қолишини билмайсан-ми?! Қилиб турган солиҳ амалларингда бардавом бўл! Белингни маҳкам боғла! Сени бу дунёдан кетказилишидан олдин ўзинг Аллоҳ сари юзлан! Жаҳаннам муридларнинг кечаларини бедор қилганини, обидларнинг қалбларини жароҳатлаганини билмайсан-ми?! У Зот Китобида уларни мақтаб бундай деган:
كَانُوا قَلِيلاً مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ
“Улар кечалари оз ухлар эдилар”.
وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ
“Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар” (Зарият сураси, 17-18-оятлар).
У ушбу оятларни ўқидию, қичқириб юборди. Шу заҳоти жони узилди. У кишига ўхшаган етук кишини кўрмадим. Аллоҳ раҳматига олсин!”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан олинди