Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университети “Ал-Азҳар овози” газетасининг 2021 йил 13 октябрдаги сонида “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази - илмий меросни асрашнинг бардавом стратегияси” номли мақола эълон қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев муаллифлигида чоп этилган ушбу мақолада буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳамда юртимиздан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, шунингдек, халқаро миқёсдаги маънавий-маърифий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти ҳақида сўз юритилган.
Хусусан, марказ илмий ходимлар томонидан томонидан қисқа вақт ичида 56 та китоб ва рисола, илмий журнал ва тўпламларда 482 та мақола чоп этилгани, республика ва халқаро миқиёсда ўтказилган конференция ва симпозиумларда 331 та маъруза ўқилгани қайд этилган.
“Хорижий мамалакатлар фондларида сақланаётган 1168 та қўлёзма ва тош босма асарларнинг электрон нусхалари жамланди. Мисрдан 130 мингдан ортиқ ноёб қўлёзмаларнинг электрон нусхалари олинди. “Ал-Фурқон” фондидан қўлёзмаларга оид 117 та католог олиб келинди. Марказда сақланаётган 553 та асарнинг каталоги тайёрланди”, дейилади мақолада.
ЎзА хабарига кўра, ислом оламининг нуфузли нашрларидан бири ҳисобланган “Ал-Азҳар овози” газетаси ҳафтанинг чоршанба куни Миср Араб Республикаси Бош имоми, “Ал-Азҳар” диний мажмуаси раҳбари, доктор Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳомийлигида чоп этилади.
Нашрга Мисрнинг собиқ Бош имоми, марҳум Муҳаммад Саййид Тантовий томонидан асос солинган. Газетанинг илк сони 1999 йилнинг октябрь ойида босмадан чиққан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Улардан ҳам, биздан ҳам рози бўл, ё оламлар Робби.
Шак-шубҳасиз, коинот, жамодот, наботот ва ҳайвонот бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг айримлари жонсиз, қолганлари жонли. Баъзилари вазнга эга, ҳажми бор ва ҳ.к.
Аммо инсоният бошқа жонзотлар фарқли ўлароқ фикр юритади, тафаккур қилади. Агар инсон илм изламаса, Робби уни қўйган даражадан пастга тушади, бу эса унинг мавқеига мос келмайди. Натижада, у ўлик саналади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).
“Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар” (Мунофиқун сураси, 4-оят).
“Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар” (Жума сураси, 5-оят).
Инсон мавжудлигининг сирини, ҳаётдан мақсадни ва ҳақиқатни излаши, ўлим нима, ўлимдан кейин нима бўлиши ҳақида фикр юритиши лозим.
Ҳар бир ақлли одам ҳам доно эмас. Ўткинчи дунё ҳаётининг майда-чуйдаларига берилиб кетмаган, ўзини Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаган, кенглиги осмонлару ерча бўлган Жаннат учун ҳаракат қилган инсон – доно саналади. Бунга фақат илм излаш орқали эришиш мумкин.
Демак, агар ким дунёни истаса, илм изласин. Охиратни истаса, илм изласин. Агар ҳар иккисини ҳам хоҳласа, илм изласин. Аллоҳ буюкдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД