Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашув давомида Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳақида гапирди.
“Азалдан Тошкент шаҳри миллий давлатчилигимизнинг юксак тараққий этган марказларидан бири бўлган, десак айни ҳақиқат бўлади. Қарийб уч минг йиллик Шоштепа, 2200 йиллик тарихга эга Мингўрик ёдгорликларидан топилган ноёб экспонатлар ҳам шундан далолат беради.
Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий сингари улуғ мутафаккирлар асарларида Шош, яъни Тошкент эли мард, жасур, ўз юрти ҳимоясига ҳамиша тайёр, қўли очиқ ва сахий инсонлар сифатида таърифланган.
Бу заминда таваллуд топган, Шоший, Тошкандий тахаллуслари билан фаолият кўрсатиб, бебаҳо асарлар яратган юзлаб улуғ зотлар дунёвий ва диний илмлар бўйича ўз замонасининг тенгсиз олимлари ҳисобланган.
Сузук ота мақбараси каби муҳташам мажмуалар бунёд этаётганимиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини қураётганимиздан барчангиз яхши хабардорсиз. Мен бежиз бу жойдан пулни аямаяпман. Ислом цивилизацияси марказига кириб чиққан одам ўзгариб чиқиши керак. Масалан, Беруний тарихини ўрганмоқчи бўлган инсон буюк олим тилидан сўзланган овозни эшитади.
Ғалаба боғини ҳам бежизга барпо қилмадик. Бу ҳам бизнинг тарихимиз, қанча қанча юртдошларимиз жанг майдонларидан қолиб кетишди, фронт ортида меҳнат қилишди. Буни унутиб бўлмайди”, – деди давлатимиз раҳбари.
azon.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
وَقَالَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: كَانَ مِنْ دُعَاءِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ زَوَالِ نِعْمَتِكَ، وَتَحَوُّلِ عَافِيَتِكَ، وَفُجَاءَةِ نِقْمَتِكَ، وَجَمِيعِ سَخَطِكَ. رَوَاهُمَا مُسلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо деди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларида «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан неъматингнинг завол бўлишидан, офиятингнинг бурилишидан, тўсатдан келадиган офатингдан ва барча ғазабингдан паноҳ тилайман» бор эди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда тўрт нарсадан паноҳ сўралмоқда:
1. Неъматнинг заволидан.
Аллоҳ таоло Ўзи берган неъматни Ўзи кетказиб қўйиши ҳеч гап эмас. Банда учун унга берилган неъматнинг заволга учраши катта бахтсизлик бўлади.
Неъматнинг заволи кўпроқ унга шукр қилмаслик оқибатида содир бўлади. Неъматнинг заволи унинг озайиши, нуқсонга учраши, баракасининг кетиши ёки бутунлай йўқ бўлиши билан бўлади.
Банда ўзига берилган неъмат учун доимий шукр қилиш билан бирга, ушбу дуони ҳам қилиб турса, яхши бўлади.
2. Офиятнинг бурилишидан.
«Офият» сўзи саломатлик, эсон-омонлик, бардамлик, яхши кайфият каби маъноларни ифода қилади.
Кўриниб турибдики, офият ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан бири экан. Унинг бандадан бошқа тарафга ўтиши унинг учун катта мусибат бўлиши турган гап.
Шунинг учун доимо Аллоҳ таолодан офиятнинг бошқа тарафга бурилиб кетишидан паноҳ сўраб туриш лозим бўлади.
3. Тўсатдан келадиган офатдан.
Бундай офат тўсатдан келгани учун банда тавба ҳам қила олмай, балони даф қилиш учун чора ҳам кўра олмай қолади. Бутун дунё бирлашиб, унга ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, заррача ёрдам бера олмай қолади.
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу каби уқубатлардан доимо асрасин.
4. Аллоҳнинг барча ғазабидан.
Яъни Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўладиган ишлардан паноҳ сўралган. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳар қандай ғазабига дучор бўлган банда албатта ҳалок бўлади, ноумид бўлади ва ютқазади.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи