Ўтган давр мобайнида Қўмитага жисмоний ва юридик шахслардан жами 861 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 249 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси орқали, 158 таси Президент Администрацияси, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси орқали, 66 таси турли ташкилотлардан, 388 таси бевосита фуқаролардан келиб тушган.
Мурожаат йўналишлари қуйидагича:
– диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 521 та;
– диншунослик экспертизаси ўтказиш бўйича – 161 та;
– Ҳаж ва Умра зиёратига доир масалалар бўйича – 24 та;
– диний таълим масаласида – 26 та;
– ноисломий конфессиялар йўналишида - 30 та;
– бошқа масалаларда – 99 та.
Мурожаатлар сонининг ўсиш, пасайиш динамикасига эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йил январь-сентябрь ойлари давомида келиб тушган мурожаатлар сони 660 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг мос даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 861 тани ташкил этиб, 201 тага кўпайганини кўрамиз.
Жорий йилнинг 1-2-3 чораги давомида Қўмита томонидан ойига ўртача 95 та мурожаат рўйхатга олинган. Уларнинг аксарият қисми Тошкент, Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида яшовчи фуқаролардан келиб тушган.
Мурожаатларда кўтарилаётган асосий масалалар.
Қўмитага келиб тушган 861 та мурожаатнинг 521 таси Диний-маърифий ташкилотлар ва диний соҳа ходимлари билан ишлаш бўлими томонидан кўриб чиқилган. Уларда асосан диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, янги диний ташкилот қурилишига рухсат олиш масалалари кўтарилган.
Мазкур масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг
2021 йил 5 июлда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” Қонунига мувофиқ диний ташкилотлар адлия идоралари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, ушбу жараённинг тартиблари ва шартлари ҳақида фуқароларга батафсил маълумот берилган.
Диншунослик экспертизаси бўлими томонидан 161 та мурожаат ўрганиб чиқилган. Уларда асосан фуқароларнинг республика ҳудудига диний мазмундаги адабиётларни олиб кириш, уларни тайёрлаш ва тарқатиш масалалари юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари асосида тегишли жавоблар берилган.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида Ҳаж ва Умра зиёратлари билан боғлиқ 24 та мурожаат ўрганиб чиқилган. Мурожаатчиларга белгиланган тартибда жавоблар берилган.
Қолаверса, Диний таълим олиш билан боғлиқ 26 та мурожаат ҳамда Ноисломий конфессиялар фаолияти билан боғлиқ 30 та мурожаат тегишли бўлимлар томонидан ўрганиб чиқилган ва ҳар бир мурожаат бўйича фуқароларга маълумот берилган.
Қолган турли масалалар бўйича келган 99 та мурожаат ҳам ўрганиб чиқилиб, Қўмита томонидан мурожаатчиларга асослантирилган жавоб хатлари юборилган.
Шу ўринда, мурожаатларнинг кўриб чиқилиш натижалари ҳақида маълумот бериб ўтсак.
Қўмитага келиб тушган 861 та мурожаатдан 615 тасига ҳуқуқий маълумот берилган, 187 таси ижобий ҳал қилинган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Қонуннинг 29-30 моддасига асосан, 4 таси рад этилган, 29 таси бўйича ўрганиш жараёни давом этмоқда.
Хабарингиз бор, 2025 йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Бугун, 10 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, ҳожилар, отинойилар ва маҳалла фаоллари иштирокида Хонқа туманидаги «Сайид ота» жоме масжидида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг Хайрулла домла Абдуллаев ҳудуддаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2025” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирокида тумандаги маҳаллаларга ташриф буюрдилар.
Маҳалладаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда тумандаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.
Мазкур тадбирлардан сўнг Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати