— Қайнонам билан келишмовчиликлар бўлгани сабабли келинлик уйимдан ҳомиладор ҳолимда чиқиб кетгандим. Фарзандим туғилганда турмуш ўртоғим мени олиб кетмоқчи бўлди. Лекин қайнонам буни эшитиб, менга: “Ўғлим билан неча ойдан бери бирга яшамаяпсизлар, ораларингдаги никоҳ бекор бўлиб бўлган”, деди. Ваҳоланки, эрим талоқ бермаган, ажрашаман демаган. Қайнонамнинг шундай дейишга ҳаққи бор-ми?
— Узоқ муддат бирга яшамаслик никоҳни бузувчи омил эмас. Никоҳ бузилиши учун эр хотинига “талоқ” сўзини очиқ айтиши ёки унга далолат қилувчи киноя сўзларни тилга олиши керак. Бирга яшаймиз, деб турган ёшларни катталар ўртага тушиб, яраштириб қўйиш ўрнига уларни бир-биридан айиришга уриниш мутлақо дуруст эмас.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллома Қози Байзовий раҳимаҳуллоҳ ҳақида қизиқ ривоят бор:
"Байзовий ўзининг "Анворут танзил ва асрорут таъвил" номли тафсирини ёзиб битиргач, уни султонга кўрсатиш учун Бағдодга йўл олди. Мақсади султондан тирикчилик ва замон ташвишларига асқотадиган бирор нарса олиш эди.
Йўлда бир қишлоқда тўхтади. Шайхлардан бирининг уйида меҳмон бўлди. Шайх уни меҳмон қилди. Зиёфатдан сўнг шайх ундан сўради:
- Қаерга кетаяпсан?
- Бағдодга!
- Нега?
- Мен бир тафсир ёздим. Кўп меҳнат қилдим. Қизларим бор. Уларнинг бўйи етиб қолган. Уларни турмушга беришим керак!
Шайх сўради:
- "Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн"ни нима деб тафсир қилдинг?
- Биз бу оятни "Сендан Ўзгага ибодат қилмаймиз, Сендан Ўзгадан ёрдам сўрамаймиз" деб тафсир қилдик!
- Нега унақада ўзгадан ёрдам сўрагани бораяпсан?!
Шайхнинг гапи Байзовийга таъсир қилди. Бағдодга бормади. Орқасига қайтди.
Айтишларича, унинг тафсирига ана шундан сўнг қабулият берилди. Тириклигида ҳам, вафот этганидан кейин ҳам олимлар унга мурожаат қилишди ва қилишаяпти.
Унинг тафсирига уч мингдан ортиқ тафсир, ҳошия ва таълиқлар битилди. Жуда кўп инсон ундан фойда олди ва олмоқда!
"Ар-риҳлатул Айёшийя" асаридан Абдулазим АКРОМ