Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идоранинг "Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири ўринбосари Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий)нинг фарзанди вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло Аброр Мухтор Алий ва унинг яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Аброр Мухтор Алийнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати