Аёллар ва болалар оламини мунаввар қилишдек энг савобли ишга ўзларининг маърифий улушларини қўшган покдомон оналаримиз – отинойи, отинбиби, отинча, халфалар ҳақида нималар биламиз? Отинлар аслида ким бўлганларини суриштириб, табиийки, тарихий, илмий, бадиий адабиётларга, табаррук қарияларимизнинг хотираларига мурожаат қилдик.
Изланишлар натижасида отинлар ҳақида, оз бўлса-да, манбалар борлиги, шўролар замонида улар ҳам қатағонга учраганининг гувоҳи бўлдик. Салкам бир аср давомида халқимизни кўҳна тарихдан, қадриятларимиз, динимиз, миллийлигимиздан четлаштириш мақсадида ўртага парда тортилиб, отинларга нисбатан “эски”, “эскича” ибораси қўллаб келинган. Шўролар ўзларининг илк қадамларидан бошлабоқ масжиду мадрасаларимизни вайрон этдилар.
“Отин” сўзи тарихга оид, тарихий термин бўлиб, уйда мактаб тутган, болаларни ўқитган аёл эканига ишора қилинади. “Ўтар кун қўшнимиз отинбибида қиёмгача ўқиб, кейин то кечгача, кўпинча кечалари ҳам аямнинг ёнига кириб тикиш тикдим” (Ойбек, “Қутлуғ қон” романидан).
Отинбиби ёки отинбуви, отинойи – уйида мактаб тутган аёл. “Ёзишни билмайдими? Қайдан билади? Қишлоғимизда отинбуви бўлмаса, ўқимаган-да...” (Мирзакалон Исмоилий, “Фарғона тонг отгунча”).
Шўролар “Ислом аёлни камситганини ҳар қанча исбот қилган” бўлмасин, аллома аждодларимизнинг илк сабоқни ўз оналаридан олганларининг гувоҳи бўламиз. Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий отадан жуда ёш етим қолгани туфайли онаси бутун таълим-тарбия ишларини қўлига олиб, фарзандини ҳар жиҳатдан баркамол, солиҳ инсон қилиб вояга етказишга киришади.
Ривоят қилишларича, Имом Бухорий болалик чоғларида кўрмай қолади. Онаси кунлардан бирида Иброҳим Халилуллоҳни туш кўради. У зот: “Эй волида! Аллоҳ таоло бетиним дуою илтижоларинг сабабли ўғлингнинг кўзларига қайта нур ато этди”, дейдилар (“Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, ЎзМЭ, Т. 1998 й, 10–11-б).
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддек буюк зотни тарбиялаган табаррук она Биби Орифа ўз замонасининг оқила, зукко аёли бўлибгина қолмай, нақшбандия тариқатининг тарғиботчиси ҳамдир.
Муқимийдаги шеъриятга иштиёқ ва қобилиятнинг шаклланишида онаси Ойшабибининг ўрни ниҳоятда катта. Туғма истеъдод соҳибаси бўлган бу аёл жуда кўплаб эртак ва қўшиқларни ёд билган, уларни ифодали сўзлаб бериш билан тингловчиларни мафтун этган. Маҳалла мактаби ва “Ҳакима ойим” мадрасасида таълим олгач, 1872–1873 йилларда Бухорога бориб, “Меҳтар ойим” мадрасасида ўқиган.
Тошкент жадидларининг улуғ вакили Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг отаси Абдурашидхон – мударрис, онаси Хосиятхоним – отин бўлган. Мунаввар дастлаб онаси қўлида савод чиқарган. Кейинчалик Тошкентнинг “Юнусхон” мадрасасида, сўнг Бухорода ўқиган...
Садриддин Айнийнинг отасига эски мактабдаги домланинг ўқитиш услуби ёқмагач, ёш Садриддинни отинбиби мактабида ўқитгани ҳақида маълумотлар бор. Қатор мадрасаларда билим олиб, буюк ёзувчи, шарқшунос олим, жамоат арбоби бўлиб етишган Садриддин Айний ўзининг “Эски мактаб” номли қиссасида отинбиби мактабини бола тили билан қуйидагича тасвирлайди: “Отинбибининг дарс бериш усули домланикига қараганда бироз бошқачароқ эди. У қаламдай бир чўпчани қўлига олиб, ҳар бир ҳарфни кўрсатар ва унинг номини айттирар эди. Отинбиби ўзининг бутун вақтини сабоқ берувга сарф этар, ҳар бир болани навбати билан ўз олдига чақириб дарс берар ва бу билан кунлик ўқиш ўтар эди”.
Демак, ота-боболаримиз қиздир, ўғилдир, унга жуда ёшликдан савод сабоғини бериб, диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллашларида домлалар, отинлар, отинойилар, отинбувилар хизматидан фойдаланиб келганлар.
Марҳамат АЛИМОВА,
тарих фанлари номзоди
Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан хорижда яшаётган ватандошлар учун кенг кўламли ифторлик ва маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Жорий йилда ушбу эзгу ташаббус доирасида 50 шаҳарни қамраб олиниб, хорижда меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва доимий яшаб келаётган юртдошларимизни бирлаштирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Макка, Мадина, Сеул, Истанбул, Анқара, Қоҳира, Аммон, Куала-Лумпур, Вашингтон, Нью-Йорк, Торонто каби йирик шаҳарларда ифторликлар ўтказилмоқда. Шунингдек, ватандошлар ҳомийлигида Даллас, Филаделфия, Орландо, Новосибирск, Томск ва Екатеринбург шаҳарларида ҳам ифторликлар ташкил этилмоқда.
Мазкур хайрли ишлар мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Уларда таниқли уламолар ва имом-хатиблар иштирок этиб, динимизнинг инсонпарварлик моҳияти, миллий қадриятлар тараннуми, Ватанга муҳаббат ва ёт ғоялардан сақланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу вақтгача Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан хизмат сафарига юборилган имом-хатиблар томонидан АҚШ, Россия ва Жанубий Кореяда 90 та маърифий суҳбат ва таровеҳ намозлари ўтказилиб, уларда 15 мингдан зиёд ватандошимиз иштирок этди.
Маърифий суҳбатлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шукроналик, гўзал ахлоқ, ўзаро ҳурмат, миллий қадриятларга эҳтиром, Ватанга муҳаббат ва турли ёт оқимлардан сақланиш каби мавзуларни ўз ичига олган.
Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад хориждаги ватандошларимизни маънавий-маърифий қўллаб-қувватлаш, она юрт билан боғлиқлик туйғусини янада мустаҳкамлаш ва юртдошлар ўртасида бирдамликни кучайтиришдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати