“Вaқф” фонди томонидан Жиззах вилоятидаги эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган 150 га яқин ҳамюртимиз учун хайрия тадбир ўтказилди. Унда Унда ЎМИ мутахассиси М.Абубакирова, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон домла Жабборов ва бошқа мутасадди вакиллар қатнашди.
Маърифий учрашувда нотиқлар Исломнинг мазмун-моҳияти тушунтирди, миссионерлар хатаридан огоҳ бўлиш, уларнинг тузоғига тушиб қолмаслик тўғрисида таъсирли маърузалар қилишди. Ушбу суҳбатлар сурдо таржимонлар томонидан йиғилганларга етказилди.
Ташриф буюрганлар ичида адашганлигини тан олганлар ҳам бўлди. Алҳамдулиллаҳ, ушбу диний-маърифий суҳбат натижасида турли сабабга кўра адашиб, миссионерларнинг таъсирига тушиб қолган 60 га яқин эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар ҳидоят топди. Бу эса йиғилганларнинг қалбларини ҳаяжонга солди, кўзларидан қувонч ёшлари оқишига сабаб бўлди.
Фонд томонидан тадбирдан сўнг иштирокчиларга ош дастурхони ёзилди. Зиёфатдан кейин озиқ-овқат ва диний-маърифий китоблардан иборат хайриялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:
– Ҳалиям уйланмадингми?
– Йўқ, – деди у.
– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?
– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...
– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..
– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.
Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:
“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:
– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:
– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...
Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ