— Масжидларда олдинги қаторларга кўпроқ ёшлар ўтириб олганини кўп кўряпмиз. Катталарни ҳурмат қилиб, уларга жой беришмайди баъзан. Ва айримлари бошяланг ҳолда намоз ўқийди. Саволим: масжидларда олд қаторларда ёшлар ўтириши ва дўпписиз бўлишлари жоиз-ми?
— Имомнинг ортида имомликка ўтишга тўғри келиб қолса, ўта оладиган одам туриши мақсадга мувофиқдир. Масжидга ким олдин келса, сафни бошидан тўлдириб келади. Олдинги сафга аввал келган киши ҳақли бўлади. Кейин келганлар уни бошқа жойга ўт, дейишга ҳақлари йўқ. Аммо катталарни ҳурмат қилиб, уларга олдинги сафдан жой беришлари одоб доирасидаги ишлардандир. Бош кийимга келсак, намозни бош кийим билан ўқиш унинг савоби тўлиқ бўлишига сабаб бўлади. Чунки бу суннат амалдир. Бош кийимсиз намоз ўқиш эса макруҳлик ила жоиз бўлади.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла (фаришталарга) айтади: «Бандам бирор ёмонликка шайланса, уни ёзманглар. Агар уни қилса, битта ёмонлик ёзинглар. Агар бирор яхшиликка шайланса-ю, уни қилмаса, битта яхшилик деб ёзинглар. Агар уни қилса, ўнта (яхшилик) ёзинглар» (Имом Муслим ривояти).