БАА вице-президенти, БАА Бош вазири ва Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум Венера ва Қуёш тизимининг астероид камарини ўрганиш бўйича улкан режаларни эълон қилди.
Islam.ru хабарига кўра, янги миссия марс миссиясига нисбатан беш баробар қийин бўлади, унинг доирасида еттита астероидлар кашф этилиши режалаштирилган, бунда биринчи марта астероидга араб қўниши амалга оширилади.
Амирлик космик кемаси беш йиллик сафарга чиқиб, 3,6 миллиард километр масофани босиб ўтиши режалаштирилган. У Венера орбитасида гравитацион маневрларни, сўнгра Ер, Марсдан ташқаридаги асосий астероид камарига учиш учун керакли тезликни қўлга киритади.
БАА космик агентлиги маълумотларига кўра, беш йиллик экспедиция 2028 йилда бошланади. Космик кема Боулдердаги Колорадо университетининг Атмосфера ва космик физика лабораторияси (LASP) билан ҳамкорликда етти йил ичида қурилади.
Қайд этилишича, миссия БААнинг стратегик лойиҳаларидан бирига айланади, унинг амалга оширилиши мамлакатнинг 50 йиллигига бағишланади. Шайх Муҳаммаднинг таъкидлашича, осмондаги барча юлдузларнинг учдан бир қисми арабча номларга эга, чунки араблар астрономия соҳасида пешқадам бўлганлар. "Бизнинг миссиямиз араб цивилизациясини улуғлайди", - дейди Бош вазир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Баъзан айб ўзимиздан ўтса-да, кечирим сўрашга шошилмаймиз. Хўш, бизни боримизча суйган, ардоқлаган инсонлар билан арзимас майда-чуйдалар, жиловланмаган ҳиссиётлар ва сохта ғурур туфайли деворлар қураётганимизда, аслида ким ғолиб бўлади?..
Ҳаёт бизга узоқ бир сафардек туюлади, аммо у аслида жуда қисқа. Бугун кимгадир заҳрингизни сочаётган, жаҳл отига минаётган бўлсангиз, бир лаҳза тўхтанг... Эртага ўша инсонни бағрингизга босиш, овозини эшитиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлиб қолишингиз мумкинлигини ўйлаб кўринг.
Вақт — шафқатсиз ҳакам. Йиллар биз ўйлагандан ҳам шиддат билан учиб ўтади. Кўзни очиб юмгунча болаларимиз улғайганини, сочларига оқ оралаган ота-онамизнинг янада чўкиб, кексайиб қолганларини сезмай қоламиз. Ва бир куни... атрофимизни фақат совуқ ва сукунат қоплагандагина кеч англаймиз.
Гоҳида телефонингизга келган ўша оддий хабар ҳақиқатан ҳам энг охиргиси бўлади. Гоҳида «кейин гаплашамиз» дея айтилган сўздан сўнг, ўша «кейин» ҳеч қачон келмайди.
Ёнингиздаги инсонларнинг тириклигида, нафас олиб турганида қадрига етинг. Кўксингизни тўлдириб турган сохта ғурурни енгиб, биринчи бўлиб қадам ташланг: «Кел, урушмайлик, сен мен учун азизсан», дейишга куч топинг. Чунки бу дунёда ҳақ бўлиб чиқишдан кўра армонларсиз, бахтли яшаш муҳимроқдир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ