Зиёратгоҳлардаги мақбаралар ва у ердаги дарахтларни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва унга сиғиниш ширк амалидир.
Тилаклар ижобат бўлади, дея қабристондаги дарахтларга латта боғлаш, қабрлар ёнига шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш бидъат ва хурофот амалларидир.
Ҳеч нарсага ярамайдиган оддий бир латтани дарахтга боғлаб, ҳожатим раво бўлади, дейиш ақлга ҳам тўғри келмайди.
Қабрлар зиёрати охиратни эслаш учундир.
Қабрлар зиёратининг асл моҳиятини унутиб, азиз авлиёлар қабрларига бориб, ҳожатларини сўрайдиган, бахт ёки фарзанд ёҳуд ишига ривож тилаб, истакларини қабр соҳибларидан сўраш улкан гуноҳдир.
Ҳар қандай истак, тилакларни фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак.
«Аллоҳ: «Икки илоҳни маъбуд қилиб олмангиз! Албатта, У ягона илоҳдир! Бас, Мендангина қўрқингиз!» – деди. Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина (бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизми?! Сизларда қайси бир неъмат бор бўлса, албатта, у Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга мусибат етса ҳам фақат Унгагина ёлворасизлар. Сўнгра, сизлардан мусибатни даф этгач, сизларнинг орангиздан бир тўда кимсалар Парвардигорларига ширк келтирурлар» (Наҳл, 51-54).
Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар манбалардан бири «Раддул муҳтор» китобида шундай дейилган:
«Халқ тарафидан ўликларга атаб назр қилиш, Аллоҳнинг дўстлари қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаромдир»
t.me/oliymahad
Сайёр йиғилиш
Хабарингиз бор, шу йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табиригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Шу йил 17 июль куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов бошчилигида Ўрта Чирчиқ туманидаги «Усмон ота» жоме масжидида туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари, «Ҳаж 2025» ҳожилари, маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг тумандаги маҳаллаларга чиқилиб, оилалар ўрганилди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Бундай тадбир қамрови кенглиги билан алоҳида аҳамият касб этяпти. Гап шундаки, тадбир доирасида бир оила 12 номдаги турли адабий-бадиий китоблар совға қилинди.
Тумандаги масжидлар имом-хатиблари ҳам тадбирда фаол қатнашдилар.
Шундан сўнг яна «Усмон ота» масжидига қайтилиб, амалга оширилган ишлар кўриб чиқилиб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ниҳоясига етди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати