2021 йил 9 октябр, шанба куни Тошкент шаҳрида «Ислом молияси» лойиҳаси ҳамда «Islamic Business and Finance» (IsBF) компанияси томонидан «Ислом молияси: насия савдо қоидалари, муаммолари ва ечимлари, ижара ҳамда бизнесда барака омиллари» мавзусида амалий семинар ўтказилади.
Семинар давомида иштирокчилар қуйидаги билим-кўникмаларга эга бўлишади.
– Ислом молияси ҳақида асосий тушунчалар;
– Ислом молия тизими ва анъанавий молия тизими ўртасидаги фарқлар;
– Ислом молиясидаги асосий тақиқлар;
– Ислом молиясида қўлланиладиган савдо шартномалари;
– Бизнесда барака омиллари ва бошқа турли хил мавзулар.
Бундан ташқари:
– Бўлиб тўлаш (халқ тилида «рассрочка» деб ҳам номланади);
– Дистрибьютор/дилерликнинг Ислом молиясига мувофиқ кўриниши;
– Шартномаларда «жарима», «пеня» каби молиявий жазолар;
– Анъанавий лизингнинг Ислом молиясига номувофиқ бўлган жиҳатлари;
– Сармояни кўпайтиришнинг Ислом молияси талабларига жавоб берадиган шакллари каби масалаларга жавоб олиш мумкин.
Ушбу семинар Ислом молияси ва банкчилиги бўйича кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар томонидан ўтказилади. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлими мудири, «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати аъзоси Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов, Жаҳонгир Имамназаров, Музаффаржон Низомиддинов, Козимхон Тўраев, Музаффар Ҳусниддиновлар иштирок этишади.
Шунингдек, барча семинар-тренинг қатнашчилари учун махсус телеграм гуруҳи очилади. Бу телеграм гуруҳида барча асосий тренерлар ҳам бўлишади. Иштирокчилар тренингдан кейин ҳам амалий саволларига жавоб олишлари мумкин.
Семинарда иштирок этиш нархи:
* 500 000 сўм (офлайн қатнашувчилар учун);
* 300 000 сўм (онлайн қатнашувчилар учун)
Иштирок этишни истаганлар қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари ва тўлов қилишлари мумкин:
Тўловларни қандай амалга ошириш мумкин?
Агар иштирокчи жисмоний шахс бўлса, тўловларни Payme иловаси ёрдамида амалга ошириши мумкин.
Юридик шахслар тўловларни ўз ҳисоб рақамларидан ҳам тўлаш имконияти мавжуд.
Шартнома олиш учун менежер билан боғланиш лозим: @IsBF_Trening (телеграм)
Қўшимча маълумотлар: +998992772000
Манба: Islom.uz
Тошкент ислом институти жамоаси Бухоро ва Самарқанд вилоятларига уч кунлик илмий сафарга чиқишди.
Муфтий ҳазратлари хайрихоҳлиги ва институт ректори ташаббуси билан йўлга қўйилган илмий сафарнинг биринчи кунида Абдулхолиқ Ғиждувоний, Саййид Мир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Ҳафс Кабир ҳамда Чор Бакр каби тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар зиёрат қилинди. Уламолар ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишилди. Мир Араб мадрасасида ҳам талабалар билан учрашув ташкил этилди.
Анъанага мувофиқ, Муҳаммадрасул Абдуллаев, Фахриддин Маманосиров, Жаҳонгир Неъматов, Жаҳонгир Рўзиев ва бошқа ўқитувчилар иштирокида талабалар Масжиди Калонда Имом Бухорийнинг бухоролик устозларидан ривоят қилган ҳадисларни ўқишди.
Имом Бухорий мана шу масжидда минглаб талабаларга "Саҳиҳи Бухорий"дан дарс бергани тарихдан маълум. Айнан шу ерда таҳсил олиш бугунги талабалар учун илм баракасидан насибадор бўлишга умидворлик бор.
Тошкент ислом институти жамоасининг сафари Самарқандда давом этди. Устоз ва талабалар Ҳадис илми мактабида ҳам бўлишиб, “Саҳиҳул Бухорий” китобидан охирги ҳадисларни ўқишди. Шундан сўнг 70 дан ортиқ битирувчи курс талабаларига “Саҳиҳул Бухорий” бўйича ижоза шаҳодатномалари топширилди.
Қуръон хатмлари ниҳояланиб, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз осойишталигини тилаб дуолар қилинди.
Маълумот учун, Тошкент ислом институтида диний таълимнинг “хатми кутуб” услуби бўйича ҳадис, фиқҳ, ақида, тафсир, фароиз, тасаввуф каби фанларга оид мўътабар китоблар дарс жараёнлари ва тўгаракларда тўлиқ ўқиб тугатилади. “Саҳиҳул Бухорий” китоби 2 йил мобайнида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчилари устозлигида ўқиб хатм қилинди. “Саҳиҳул Бухорий” бўйича ижоза шаҳодатномалари ҳар йили Бухоро ва Самарқанддаги илмий сафар якунида топширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати