Суфён ибн Уяйна айтади: “Бир куни халифа Ҳишом ибн Aбдулмалик Каъбага кирган эди, у ерда Солим ибн Aбдуллоҳни кўриб, “Мендан ҳожатингизни сўранг”, деди. Солим: “Мен Aллоҳнинг уйида У Зотдан бошқадан бир нарса сўрашга ҳаё қиламан”, деди. Солим Каъбадан чиққач, “Мана, Каъбадан чиқдингиз, энди ҳожатингизни сўранг”, деди. Солим: “Дунё ҳожатлариданми ёки охират ҳожатлариданми?” деган эди, Ҳишом “Дунё ҳожатларидан”, деб айтди. Солим ибн Aбдуллоҳ: “Мен дунёни унинг Эгаси бўлган Зотдан сўрамадим, энди қандай қилиб унинг эгаси бўлмаган одамдан сўрайман?” деб, бошқа гапга ўрин қолдирмади”.
«Солиҳлар гулшани» асаридан
Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Қуръон ўқиса ва ундаги бор нарсаларга амал қилса, Қиёмат куни Аллоҳ унинг ота-онасига бир тож кийдирадики, унинг нури дунё қуёшининг нуридан ҳам гўзалроқдир. Энди бунга амал қилган киши ҳақида нима деб ўйлайсиз?!” (Имом Абу Довуд ривояти).
Шундай экан, беҳуда ўтаётган вақтингизни Қуръон ёдлаш билан жонлантиринг. Зеро, Аллоҳ таоло ҳузурида Қуръон аҳлининг мартабасидан юқори мартаба йўқдир.
Қуръон соҳиби ўз аҳли-оиласидан дўзах вожиб бўлган ўн кишини шафоат қилади.
Қуръон аҳли сабабли балолар ва ваболар кўтарилади, ёмғирлар ёғади ва улар қаерда бўлсалар, ўша ерга раҳматлар нозил бўлади.
Сиз ҳам ана шундай инсонлардан бири бўлишга ҳаракат қилинг.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ