Аъзолари сони жиҳатидан дунёнинг иккинчи йирик ташкилоти ҳисобланувчи Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га 1969 йилнинг 25 сентябрида Марокашнинг Работ шаҳрида асос солинган эди.
Ўша пайтда ташкилотнинг мақсадлари сифатида мусулмон давлатлар ўртасида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалар бўйича бирдамликни таъминлаш, мустамлакачилик, неомустамлакачилик ва ирқчиликка қарши курашиш ҳамда Фаластин озодлик ташкилотини қўллаб-қувватлаш тилга олинган эди.
Ўтган вақт давомида ИҲТ ислом дунёсининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи давлатлараро ҳамкорлик платформасига айланди. У умумий аҳолиси 1,7 миллиард бўлган 57 давлатни ўз атрофида бирлаштирган.
Бош қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган мазкур ташкилот 2011 йилгача Ислом конференцияси ташкилоти деб аталган. ИҲТ таркибида тўртта доимий қўмита ишлаб туради, булар Қуддус, Ахборот ва маданият масалалари, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича, Илмий-техник ҳамкорлик бўйича қўмиталардир.
azon.uz
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тошкент ислом институти талабасининг “Мусҳаф ҳарфлари жилоси” деб номланган шахсий хаттотлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Диний идора масъул ходимлари, институт раҳбарияти ва устозлари, соҳа мутахассислари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Мазкур кўргазма ислом маданияти ва маънавий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган хаттотлик санъатини кенг жамоатчиликка тақдим этиш, унинг нафосати ва чуқур маъно-мазмунини намоён қилишга қаратилган муҳим маърифий тадбир бўлди.
Кўргазма доирасида муаллиф истеъдодли ёш хаттот Азизбек Ҳамдамовнинг алоҳида маҳорат билан битилган Қуръони карим оятлари, ҳадислар ва ҳикматли иборалардан иборат ноёб асарлар тўплами намойиш этилди.
Мазкур асарларда хаттотликнинг классик насх, настаълиқ, сулс, риқъа ва бошқа услублари юқори дид ҳамда замонавий бадиий ечимлар билан маҳоратли тарзда ифода этилган. Айниқса, нафис хат турлари орқали битилган муқаддас калом – Қуръони карим оятлари акс этган намуналар ўзининг эстетик ва маънавий мазмуни билан кўргазма иштирокчилари қалбида чуқур из қолдирди.
Тадбир давомида хаттотнинг ижодий фаолияти тақдимоти билан бир қаторда, иштирокчилар билан очиқ мулоқотлар, қизиқарли савол-жавоблар ва хаттотлик санъати бўйича маҳоратли устозларнинг тавсиялари берилди. Бу жараён ёш ижодкорлар учун ўзаро илҳом ва тажриба алмашиш майдонига айланди.
Тошкент ислом институти мезбонлик қилган ушбу кўргазма юртимизда ислом санъати ва маданиятига бўлган қизиқишни янада ошириб, ёш авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга ҳамда хаттотлик санъатининг нозик қирраларини кенг оммага етказишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати