Қуръони каримни асл араб тилида ўқиш ва ёдлаш инсонни икки дунё саодатига етаклайди. Айниқса, Қуръонни тартил ва оҳанг билан безаб ўқиш кишиларни ром этади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни овозингиз билан безанг!” деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий).
Дарҳақиқат, гўзал сўз гўзал овоз билан янада ёқимли бўлади. Унинг хушовозда ўқилиши одамларда Қуръони каримни тинглашга бўлган мойилликни янада кучайтиради.
Ана шундай хушовоз қорилардан бири, Тошкент шаҳри Кўкча даҳасидаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом ноиби, хушовоз ҳофизи Қуръон Муҳаммадлоиқ қори Аминовнинг Қуръони каримни ўқишни ўрганувчилар учун мўлжалланган икки китоби – “Бошланғич араб тилидан ҳуснихат дафтари” ва “Бошланғич араб тилидан ўқиш китоби” пойтахтдаги “Sano Standart” нашриётида чоп этилди.
Ушбу икки рисола Қуръони каримни тўғри ўқишни ўрганишни истаганлар учун ажойиб туҳфа бўлди. Муаллифнинг “Бошланғич араб тилидан ҳуснихат дафтари”да араб тили ёзувига оид энг биринчи галдаги қонун-қоидалар, тўғри ва чиройли ёзиш кўникмалари баён этилган.
Биринчи китобда дастлаб, араб тили алифбоси, ҳарфларнинг қўшиб ёзилиш ҳолатлари, ҳаракатлар келтирилган. Шундан сўнг, араб тили ҳарфлари ва уларнинг ёзилиши берилган. Ўрганувчиларга осон бўлиши учун араб тили ҳарфларининг талаффуз қилиниш қоидалари, ўзбек тилидаги ҳарфларга мутаносиблиги ҳамда араб рақамларининг ёзилиши ҳам баён этилган. Ўрганувчилар ҳарфларнинг ёзилишини машқ қилишлари учун алоҳида варақлар ҳам ажратилган.
Муҳаммадлоиқ қори Аминовнинг иккинчи китоби “Бошланғич араб тилидан ўқиш китоби” аввалги рисоланинг узвий давоми бўлиб, унда Қуръони карим ўқишни ўзлаштиришга оид маълумотлар берилган.
Иккинчи рисола 2 қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда ҳарфларнинг тўғри талаффуз қилиниши (маҳражи) ёзма ва расмлар орқали тушунтирилган. Шунингдек, ҳафрларнинг ёзилишига оид ҳусниҳатлар ҳам берилган. Рисоланинг иккинчи қисми эса тажвид қоидаларига бағишланган бўлиб, унда Қуръони каримни тўғри ўқишга оид қонун-қоидалар баён этилган.
Китоблар муаллифининг кўп йиллик Қуръони карим тажвидини ўргатишга оид тажрибалари, машҳур қориларнинг Каломуллоҳни тўғри ўқиш учун қўллаган усуллари ва бошқа замонавий методлар асосида ёзилган.
Осон ва равон тарзда ёзилган ушбу икки рисолани Аллоҳ таоло Қуръонга ошно халқимизнинг учун фойдали ва муборак қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳозиргина масжидда ҳожиларимиз учун Ватанга қайтиш олдидан навбатдаги маърузамни қилиб, хонамга қайтиб келдим.
Шу дамда ҳамхонам, физика-математика фанлари номзоди (PhD), устоз Хайрулла Раҳматуллаевич ШАМАТОВ шундай бир мулоҳазани айтиб қолдиларки, уни эшитиб ўрнимдан туриб кетдим.
Дарҳақиқат, баъзан бир рақам минглаб сўзлар ёритиб бера олмайдиган ҳақиқатларни очиб беради.
Бу йил муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистондан ҳаж сафарига келиш бахти 15 минг нафардан ортиқ ватандошларимиз учун насиб этди.
Энди бир лаҳза тасаввур қилинг, бугун юртимиз аҳолиси қарийб 40 миллион нафар. Агар фаразан ҳар йил улардан 15 миллион нафари ҳаж қилиш имкониятига эга, деб ҳисобласак ва ҳар йили 15 минг нафар зиёратчи ҳаж ибодатини адо этиш учун келиб турса, мазкур 15 миллион инсонларнинг барчасига ҳаж сафари насиб этиши учун тахминан бир минг йил вақт керак бўлар экан.
Ўн аср... Бир минг йил...
Бугундан орқага назар ташласангиз, бу муддат бизни Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳи яшаган даврларга олиб боради.
Демак, айнан Сизга шу йил, шу фасл, шу кунларда Аллоҳ таолонинг меҳмони бўлиш насиб этгани оддий воқеа эмас!
Бу миллионлар ичидан қилинган танловдир!
Бу қайсидир маънода — мўъжиза!
Бугун Сиз ҳаж ибодатини адо этдингиз!
Бугун Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраи саодатлари олдида туриб, салом ва саловатлар айтдингиз!
Бугун Сиз Каъбани кўриб турибсиз!
Бугун Сиз Масжиди Ҳаромда намоз ўқияпсиз!
Бугун Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юрган, Қуръон оятлари нозил бўлган икки муборак замин узра қадам босиб турибсиз!
Бугун Сиз икки Ҳарами шариф азонларини ўз қулоғингиз билан эшитмоқдасиз!
Ҳолбуки, шу орзу билан яшаб, унга ета олмай дунёдан ўтган қанчадан-қанча инсонлар бор...
Шу боис ҳам ҳаж сафари инсон ҳаётидаги оддий сафар эмас.
У — умр сафаридир!
У — қалбни ўзгартириш учун берилган имкониятдир!
У — тавба учун очилган улкан эшикдир!
У — қордек оппоқ ва покиза саҳифалар сари етакловчи илоҳий чақириққа жавобан айтилган лаббайкалардир!
Шу боис ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мабрур ҳажнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмаслигини башорат қилганлар!
Инсон мукофоти жаннат бўлган амални адо эта туриб ҳам номақбул хулқини тарк этмаса, тилини ёмон сўзлардан сақламаса, одамларни ранжитишдан қайтмаса, вақтларини беҳудага бозор кезиш ва фойдасиз машғулотларга сарфлаб юраверса, у бу улуғ неъматнинг қадрини қай даражада англаган бўлиши мумкин?!
Ҳаж — Маккага келиш эмас, Аллоҳга қайтишдир!
Ҳаж — Каъбани кўриш эмас, қалбни уйғотишдир!
Ҳаж — сафарнинг тугаши эмас, янги ҳаётнинг бошланишидир!
Ҳаж — тугалланган ибодат эмас, бошланган масъулиятдир!
Ҳаж — гуноҳлардан покланиб, янги инсон бўлиб яшаш аҳдидир!
Шундай экан, бу муборак кунларнинг ҳар бир нафасини ғанимат билиб, Аллоҳ таоло миллионлаб инсонлар орасидан бизга насиб этган бу беқиёс имкониятнинг қадрига етайлик!
Зеро, баъзи инсонлар бу муборак заминга келиб, ҳаж амалини адо этиш учун ЙИЛЛАР эмас, балки АСРЛАР НАВБАТИДА ТУРИБДИ...
Аллоҳ таоло ҳажимизни мабрур, саъй-ҳаракатларимизни машкур, гуноҳларимизни мағфур, дуоларимизни мақбул айласин. Амин.
Нурали домла МАВЛАНОВ,
“Ҳаж-2026” мавсуми Тошкент вилояти 12-гуруҳ зиёратчилари раҳбари, Тошкент тумани “Кўк Терак” жоме масжиди имом-хатиби,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси таянч докторанти.
2 июнь, 2026 йил.
16 зул-ҳижжа, 1447 йил.